Германия шеърлари

 

Берлинда

Ҳали бу ерларга кетамиз ошиқ,
Ям-яшил! Йўқ бунда ҳеч ранги шварц.
Юр, поездга чиқиб сайр қиламиз,
Навбатдаги бекат: Александр Плац.

Кел, сотиб оламиз “Эрк” дўконидан
Урф бўлган либослар – матоси пахта.
Тайёрмисан фақат оғиз тикиш-у
Қуруқ сув ичишга бир-икки ҳафта?

Кўчманчи умрини яшаган маъюс
Брехтнинг ёнига ўтирамиз, юр!
Қара, қучоқ очиб турибди Ҳейне,
Ҳумболдт майдонида топмас ким ҳузур?

Кетдик, Бундестагни кўрамиз қайта,
Қара, мусофирлар кезар шодумон.
Равон йўл, тошбино, анҳору само
Бари нафсимизга ёқар бегумон.

Ўттизинчи йиллар минг-минглаб китоб –
Тарих кул бўлган ҳув жойни кўргин-да!..
Ҳали бу жойларга кетамиз ошиқ,
Аниқ: ёқишмайди бизни Берлинда!

 

***

Даврон Ражаб, мени йиғлатманг:
Навоийнинг таржимони бўлдимми?
Руҳим кўп зада…
Навоий институтини очамиз қачон
Берлинда,
Пекинда,
Чад,
Айовада?!

Кўҳна дарвозабон, тафаккуринг оч!
Ташаббус ўлмасин жабрингда.
Адабий олийгоҳ – мақсади буюк,
Нечта хорижлик бор бағрингда?

Ичимдаги душман, тошингдан қўрғон,
Нишингдан оғочзор тиклагум, не ғам?
Бир кун, насиб этса, эркин, халқаро
Ижод уйи бўлур бизнинг юртда ҳам!

Навоийнинг таржимони бўлдимми?
Мен шундоқ орзуманд, лек руҳим зада…
Ўқувчим, сиз-чи, сиз, қанотимми ё
Кузатгувчиммисиз пана-панада?

 

Ванзе оғочлари

Хушрўй оғочларга кетади кўнгил,
Ҳув райҳон туслиги ишқдайин хушбўй.
Жоним, бу кунларни кўп ғанимат бил,
Мен шохга бош қўяй, сен рашкингни қўй!

Шу оғоч илкида учамиз бир кун,
Дуо етказувчи – омонат барг у.
Жонбахш дарахтларнинг борлиги учун
Очунда яшагинг келади мангу!

Руҳим қитиқлайди пўстлоқнинг иси,
Соянг солиб турсин умримга қадр –
Рақамланган дарахт: қирқ иккинчиси,
Гўзал бўлса керак – исминг нимадир?

 

 

2017 йил