“Қуш тили” тилсимлари («Ёшлик» журнали, 3-сон)

“Қуш тили” асрлардан асрларга ўтиб келаётган энг қадимги ибора ҳисобланади. Маълумки, улуғ шоир Алишер Навоий болалик чоғларидаёқ Шайх Фаридиддин Аттор қаламига мансуб “Мантиқ ут-тайр” достонини ёд олган ва сўнгги нафасгача шу дурдона асар ҳаяжони билан яшаган. Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарини шу достонга жавоб тариқасида битгани тасодифий ҳодиса эмас. Бу хусусиятни асар муаллифининг ўзи ҳам кўп маротаба такрор этган. Хусусан, “Лисон ут-тайр”нинг бир боби “Ўзининг Шайх руҳи мададидан анга татаббу қилганга қақнус тимсоли” деб номланган. Дурдона асарда сўзга икки хил маъно юкланади. Биринчиси сўз – калом, иккинчиси – сўз куймоқ маъносида. Зотан “Сўзана” сўзи форсийда куйиш маъносини билдиради. Мазкур атама ўзаги сўз ҳисобланади. Ана шунга ишора сифатида Навоий ёзадики:

Ўртадим олам элини, ўзни ҳам,
Қуш тилидин ўзга қилмай сўзни ҳам.
Будур умидимки бу сўзи фано,
Барча куйганга бақо бергай яно.

Яъни: мен қуш тили иборасини такрорлаб ўзимни ҳам, олам аҳлини ҳам анча қийнаб, ўртаб қўйдим. Бундан умидим шуки, ўткинчи сўз ишқ оловида куйганларни бақо оламига, мангу оламга дахлдор қилсин.
Навоий шу байт воситасида шоирларни – сўз кишиларини мангуликка дахлдор бўлишлигига ишора қилади. Ҳақиқатан ҳам шундай. Сўз кишилари жисмонан бу дунёни тарк этганларидан сўнг ҳам шеърсеварлар қалбида яшаб келаверадилар. Зотан, Фаридиддин Аттор кўз юмганига қарийб саккиз аср бўлди, у ҳамон руҳан яшамоқда. Бу хусусият Навоий шахсияти ва ижодига ҳам тааллуқлидир.
Инсон шахсияти ниҳоятда мураккабдир. Сўзга ўта садоқатли одамлар ва аксинча сўздан довруққа, нуфузга эришишда бир восита сифатида фойдаланадиган кимсалар аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Худди шу нуқтаи назардан қаралганда Навоийнинг куйинишлари ҳам оддий ҳолат эмас. Зотан бугунги кунда чин шеърият билан бирга маддоҳлик шеърияти ёнма-ён яшаб келаётгани маълум. Маддоҳликдан қутулишнинг ягона йўли қадимда синалган усуллардан фойдаланиб асар битиш, турли хил баёзлар тартиб беришдир. Шундагина адабиётга қизиқувчиларнинг савияси ўсади. Ўтган 2011 йил Алишер Навоий таваллудининг 570 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги сифатида тарихга муҳрланди. Бу муборак саналарга бағишлаб бир қанча китоблар чоп этилди. Шулардан бири, менимча, “Тафаккур” нашриётида босмадан чиқарилган “Қуш тили” халқаро антологиясидир. Ушбу халқаро антология ўзбек, рус, турк, инглиз, немис, испан, поляк, француз тилларида нашрдан чиқарилган. Антологияга қирқдан ортиқ мамлакатларда яшаб қалам сураётган етмиш етти нафар шоирнинг қуш мавзусидаги ҳамда “қуш” сўзи ишлатилган шеърлари жамланган.
Антологиянинг илк саҳифаларида Навоий ҳа­қида инглиз тилида Гарри Дик, Турсунов, Содиқова ма­қо­лалари, Навоий ижодидан намуналар француз, рус, инглиз, немис, поляк тилларида ёритилган. Бизнингча бундан кўзланган мақсад улуғ ўзбек шоири асарларини жаҳон миқёсида тарғиб этишдир. Зотан, Навоий шахсияти, ижоди ҳали, дейлик, Жалолиддин Румий даражасида жаҳон бўйича у қадар машҳур эмас. Айниқса, Лотин Америкаси мамлакатларида Навоий ижоди унчалик ҳам тарғиб этилмаган. Ҳатто зиёли қатламни бундан бехабар дейиш ҳам мумкин. Бу – биринчи хусусият. Иккинчи хусусият шундан иборатки, бугунги кунда адабиёт ихлосмандлари Европа ва Америка, Африка қитъаларида яшаб қалам сураётган шоирлар ижодини деярли билмайдилар. Ушбу антология мана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида ҳам тайёрланган.
Учинчи хусусият шуки, бу антология воситасида бундан беш аср аввалги ва XXI аср бошидаги шеърият ўзаро туташтирилади. Олис ўтмиш ва бугунги давр оралиғидаги масофа “олиб қўйилади”. Бир муқова остидаги қадимги давр ва ҳозирги шеърият намуналари ўрин олгани қизиқарлидир.
Тўртинчи хусусият – ғарб тилларини яхши биладиган тадқиқотчилар жаҳоннинг машҳур шоирлари шеър­ларининг қай даражада таржима қилинганлигини аниқлашлари мумкин. Бу амал эса илмий ишларга мавзу излашда асқотади.
Бешинчи хусусият – антологияга кирган шеърларнинг аксариятида воқеликка кўчирилган шакл ўзбек ўқувчилари учун унчалик таниш эмас. Постмодерн оқими унсурларига эга шеърлар ўқувчига эришроқ туюлиши ҳам мумкин. Аммо ўзбек ўқувчиси китоб мутолааси жараёнида ҳозирги вақтда жаҳон миқёсида олдинги ўринларга чиққан авангард йўналишлар ҳа­восидан нафас ола бошлайди. Бу жуда ҳам ғаройиб ҳодиса ҳисобланади. Ана ўша бешта хусусиятга эътибор қаратсак, халқаро антология аҳамиятини тушунамиз. Ушбу антологияда шеърлари жамланган Праяг Сайқия (Ҳиндистон), Кристофер Меррил (АҚШ), Вивен Плаб (Янги Зеландия), София Бежсинска (Польша), Жене Доти (АҚШ) каби шоирлар ижоди ўта синчков ўқувчиларимизга бир қадар таниш. Чунки уларнинг шеърлари вақтли нашрларимизда ва “Илонбалиқ” хал­қаро антологиясида чоп қилинган. Бу шоирлар ҳам ноанъанавий усулларда қалам тебратиб, шу баробарида халқаро адабий алоқаларни ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Масалан, Праяк Сайкия, Чўлпон, Усмон Носир, Рауф Парфи, Абдулла  Орипов каби қирқ саккиз ўзбек шоири шеър­лари ассам тилига ўгирилиб Ҳиндистонда нашр этилган. Кристофер Меррил эса жаҳонда довруқ қозонган. Айўва дастури раҳбари сифатида бир қанча адибларимиз билан шахсан танишган, уларнинг ижодларидан хабардор бўлган. Хуллас, антологиянинг айрим муаллифлари ўзбек адабий доиралари билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйишган. Бу эса адабий жараёнимиз тобора кучайиб бораётганидан, яқин келажакда шоирларимиз жаҳон миқёсига чи­қиши мумкинлигидан далолат беради.
Маълумки, шоирнинг кучи шеърда усул қўллаш, рамз-тимсолларни ишлатиш, шеър руҳини вужудга келтириш, қисқача қилиб айтганда, сўз воситасида мўъ­жиза кўрсатиш амаллари орқали аниқланади. Хал­қа­ро антология муаллифлари ижодига шу мезон асо­сида ёндашган маъқул.
Венесуелалик шоир Антония Трухилио қаламига мансуб шеърнинг илк сатрлариёқ ўқувчи диққатини ўзига тортади:

Бу қуш ўлимидан олдин
Тумшуқчасини очишга ва сайрашга интилади
Баргни эмас
Уни қўллаб турган дарахтни
Кесиб ўтмоқчи.

Қуш орқали яратилаётган воқелик ўта сирли. Қуш шохга қўниб ўтираркан, ёнидаги япроқни эмас, яхлит дарахтни ўйлайди. У ўляпти, яъни жисмидан руҳи чиқиш арафасида турибди. Унинг фикрлари телбалик ва ҳақиқат оралиғидаги фикрлардир. Бу телбалик учиб, бошқа ҳақиқат келади. Ана ўша чизгилардан сўнг шоир ҳолатлар рўйхатини ўқувчига тақдим этади. Ва унинг нигоҳи энди далаларга қадалмайди. Анави дарахтлардан олтин ҳам кутмайди. Бу қуш ўлимидан олдин ўз дун­ёсига, яъни ичида товланаётган ўша шохга учади. Демак, қуш энди кўк сари эмас, ўзининг ичига, яъни руҳий дунёсига қараб учяпти. Гап озодлик хусусида кетмоқда. Ҳар қандай шакл озодликка раҳна солиши мумкин дея уқтиради шоир. Ва шеърнинг иккинчи бўлагида бу мулоҳазаларини янада “қуюқлаштиради”.

Бошқа қуш
Чинакам қуш
Саҳифага тушишдан
Бош тортмоқда
Шоир энди Қуш ва Озодлик ғояларини ёнма-ён қўяди. Озодликка эришув йўлларини босқима-босқич таърифлаб боради. Пировардида “у бўшлиқни танлади” дея ёзади. Аён бўладики, Шарқ мумтоз шеърияти ва Ғарб замонавий шеърияти Лотин Америкаси шеърияти негизида испан назми руҳияти акс этишини унутмаслик жоиз. Орасидаги ришталар у қадар узоқлашмаган. Бу худди сувнинг музга айланиши ёхуд буғга эврилишига ўхшаш ҳолат. Афсуски, Шарқ ва Ғарб шеъриятини бир-биридан айро тарзда тадқиқ этишни таклиф қилаётган олимлар ҳам бор. Улар фақат шеър­нинг шаклига диққат қилмоқдалар. Ҳолбуки бирламчи белги шеър руҳи ҳисобланади.
Шоирлар қуш деганда айнан қушни назарда тутишмайди. Қуш – инсон орзуси тимсоли, у  – инсонийлаштирилган образ. Биз фикримизни қушгача кичрайтирсак, асл ғояни англай олишимиз ҳам мумкин. Қушни инсонийлаштиришга норвегиялик шоир Истерин Иралу шеъри мисол бўла олади:

Паға-паға тушар экан қор
Шамол ҳилпиратган
Сариқ-яшил палтоли
Жувоннинг нақ устида
Сирғалиб-сирғалиб учади чорлоқ
Иккисини ҳилпиратар қор.

Шеър бор-йўғи олти сатрдан иборат. Қўлланган усул у қадар мураккаб ҳам эмас. Аммо “сариқ-яшил палтоли жувон” ибораси орқали қушнинг инсонийлаштирилгани ғаройиб. Шеърда қор ва шамол ҳаракати сўнгги сатрларни “очиб юборади”. “Сирғалиб-сирғалиб учади чорлоқ, иккисини ҳилпиратар қор”. Қор ва Шамол образлари Қуш ва Инсон образлари билан яхлит ҳолда чизилади. Бу чиройли тасвирга айланади, айнан шу кичик шеър ёдимизга япон хакку ва танкалари руҳини солади. Бу сезги тасодиф эмас. Зотан, Ғарб шоирлари ҳам япон шеъриятидан таъсирланишмоқда. Жумладан, антологияга америкалик шоир Жене Доти хаккулари киритилгани бунга далил бўла олади.
Шеърлари инглиз, испан, ўзбек, мўғул тилларига таржима қилинган араб шоири Саид Гоуда (Ганконк) қаламига мансуб “Маъюс қушим” сарлавҳали шеърнинг илк сатрлариданоқ Шарқ шеърияти анъаналари яққол кўринади. Шоир “Олтин қафас” образи орқали мумтоз шеъриятимизга имо-ишора қилади. Зотан, улуғ Навоий ҳам шу турдаги образларни ғазал, рубоийларида кўп ишлатган. С.Гоуда оддий тасвирдан мураккаб усулларга ўта бошлади:

Қушлар дўконидан сотиб олганим
Олтин қафасдаги дон-дунга сероб
Анҳор оқиб турган мавода ўсган
Қушим хомуш, бетоб
Айвонга иламан
Жаннатий овоз-ла
Уйғотишин истайман ҳар тонг

Аммо қушнинг боши эгик. “Қушим хомуш-хомуш, Сайрга чиққанда қаддин ғоз тутар. Самога боқади но­умид, соғиндимикин ё муҳаббатини”. Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева қаламига мансуб “Батамом уйғонсам…” сарлавҳали шеър лирик қаҳрамони уйғониш ҳиссиёти билан озодликни ёнма-ён қўяди. Шеър хулосаси тубандагича:
Ўзимча кимнингдир
Ғамини едим
Кимнингдир кунига
Юрибман яраб.
Батамом уйғониб
Ололсам дейман
Учиб кетармидим
Кўкларга қараб.

Шеър инглизча таржимада ҳам берилган. Инглизча таржимада шеър шакли, руҳи сақлаб қолинган. Бадиий таржима муваффақиятли чиққанми-йўқми, бу алоҳида мавзу. Биз учун аҳамиятли жиҳати, ўзбек шоираси шеъри овозаси етти иқлимга етганлигидир.

Замондошларининг шоҳидлик беришича, Алишер Навоий Шайх Фаридиддин Аттор қаламига мансуб “Мантиқ ут-тайр” достонини ўқигач шундай беҳушлик ҳолатига тушган экан: ёш Алишерни рамз-тимсоллар жодулаб қўяди ва унинг реал ҳаётга қайтгиси келмайди. Оқибатда бўлғуси шоирнинг яқинлари бу жодуга тўла китобни унинг қўлидан олиб яширадилар. Аммо Навоий аллақачон матнни тўлалигича ёдлаган экан. Бу ҳам шеъриятнинг мўъжизакор кучга эга эканлигидан далолат беради.
Антологияга кирган аксар шеърларда шундай сеҳр­ли куч ҳукм сураётганига ишончингиз комил бў­лади. “Қуш тили”нинг асосий тилсимларидан би­ри ҳам тил мўъжизаларига бориб тақалади. Саккиз тилдаги уйғунлик, руҳ яқинлиги мазкур китобда юз очиб тургандай гўё.

Одинабону ҚУЛМУРОДОВА,
ЎзДЖТУ талабаси

Мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: “Қуш тили” тилсимлари («Ёшлик» журнали, 3-сон)