Ҳиндистон сафари мен учун чинакамига мўъжиза бўлди. То ҳануз ўша кунлар шукуҳи билан яшаяпман. Бу фақат дунёнинг етти мўъжизаларидан бири, севги ва вафо қасри Тож Маҳалга бўлган ташрифимиз учун эмас, балки 1947 йилдан кейин Ҳиндистонда ўтказилаётган II энг катта Халқаро Фестивалда қатнашганимиз учун ҳамдир… Таассуротларимни бир сўз билан ифодалаш осон эмас.
Фақат хаёлимдаги энг ёрқин чизгиларни айтмасдан иложим йўқ…
Ҳиндистонга кириб борганимизда тун ярмига етганди. Қоронғулик ичидаги дарахтлар ҳайбати ва бинолар суврати тасаввуримда ғалати шаклларни пайдо қила бошлади. Аммо қуёш нурлари атрофга ёйилганда кўзим ўнгида бетимсол бир манзарани кашф қилдим. Бу Ҳиндистоннинг ҳеч кимникига ўхшамаган қиёфаси эди. У секингина тонгда юз очадиган гулга ўхшайди. Бу ерда ранглар қуюқ, оловли жўшқинлик уларнинг табиатида ҳам, ҳатто озиқовқатларида ҳам кўринади. Ҳаммаси ёнувчи, ёндиргувчи… Яратгувчи бу асрга қадим ва кўҳна эҳтироснинг энг авж палласини бергандай. Ҳатто муҳаббатнинг ҳам… Санъат ва муҳаббат уларнинг қонида олов бўлиб ўтади гўё. Ҳаётининг энг катта шодлиги ва кўнглининг энг самимий ҳайрату ҳаяжонлари ҳам санъат ва муҳаббат билан боғлиқ.
Забардаст ёзувчи Робиндранат Тагор асарларида Она Ҳиндистон тимсолида биз бағрикенг ва олижаноб, жафокашу мушфиқ Аёлнинг қалби, руҳини кўрганмиз. Биз миллионлаб болаларни ўз бағрига олган, юртини фарзандидай ардоқлаётган, «Катҳа» каби улкан ташкилот юкини ожизгина елкаларида кўтариб кетаётган, ҳурматли Гита хоним ҳамда Сушма хонимларни кўрганда ҳақиқатан ҳам, Она Ҳиндистон қапбини ҳис қилдик, Она Ҳиндистон тимсолида тан олдик. Улар бизни ўз фарзандлари каби кутиб олишди ва жигарбандини олисларга кузатаётган онадек кузатиб қўйишди.
Мен бир ижодкор сифатида нимани ҳис қилдим?
Энг муҳими, сўз қобиғи ичида яшаётганимизни ва ўз ёғимизда ўзимиз қовурилаётганимизни англадим. «Катҳа»нинг минглаб жаҳон халқлари китоблари қўйилган пештахталарида нега ўзбек ёзувчиларининг асарлари йўқ дея куюндим. Биргина инглиз тилига таржима йўлга қўйилмаганлиги боис бутун бир мамлакат адабиёти эътибордан четда…
Бунинг учун кимнидир айблашнинг кераги йўқ. Зарурият ва эҳтиёж аввало ўзимизда пайдо бўлмоғи шарт. Бусиз ҳеч қандай иш қилиб бўлмайди. Зеро, жуда катта фестивал қучоғида бизнинг кичкина ижодимизга ҳам улар тенгсиз ҳайрат ва ҳаяжон туйғулари билан қараганини ҳис қилиб уялдик. Катта бир даврада шеър айтарканман, хижолат бўлиб таржимасини Аъзамжон ўқиб беришини илтимос қилдим. Аммо улар «Таржимаси шарт эмас, биз шеърни жуда яхши тушундик», дейишди. Сал нарироқда ўтирган ҳинд адибаси Смита Кадам ёнимга келиб: «Руҳиятингиз жуда оғир экан», дея шеъримдан англаган туйғуларини сўзлай бошлади. Қизиғи шундаки, у инглиз тилида гапирар, мен ўзбек тилида жавоб берар, аммо иккаламиз ҳам бир-биримизни тушуниб турардик. Ўртада турган таржимон қизимиз Зулхумор сизга таржимоннинг кераги йўқ экан, деб кулиб юборди. Унинг: «Қандай қилиб бир-бирингизни таржимасиз тушуна олдингиз?», деган саволига, Смита Кадам: «Чунки биз у ердан бирга тушганмиз», деди ҳазиломуз кулиб, қўли билан осмонни кўрсатаркан. Сўнг қўшимча қилди: «Санъат тилига таржима шарт эмас…»
Ҳа, руҳан қараганда шундай. Аммо таржиманинг зарурияти сув ва ҳаводек қадрли эканлигини яна бир бор ҳис қилдим». Зарурият инсоннинг ички эҳтиёжидан туғилади. «Нур кукунлари» шеърий тўпламимни қўлига оларкан индонезиялик адиба Айю Утами унинг маъноси билан қизикди. Аъзамжон унинг образли ифодасига яқин сўзларни топиб, ибора мазмунини тушунтира бошлади. Сўз қирралари ва унинг бошқа тилда товланиши устида мунозара бошланди. Баҳсга франциялик адиб Жаббор Ҳусейн Ёсин ҳам қўшилди. Биргина сўзнинг моҳиятини тўла англаш учун шу вақтнинг ўзида «Қавс боғларига тун тушаётир» шеърининг ярми аввал инглиз, кейин эса араб тилига таржима қилинди. Баъзан инглиз, баъзан француз тилида тилимиз ифодаларини шоир руҳияти, сўз ҳарорати мужассамлигини етказиб бераётган Аъзамжон Обидовнинг маҳорати ва қизиқаётган томонларнинг муҳаббати боис шеър бошқа қиёфада бўй кўрсатди. Янги бир кўнгил яралди. «Шу биргина банднинг ўзидаёқ сизнинг қандай кўнгил эгаси эканлигингизни англадим. Сиз кучли муҳаббат билан севасиз, аммо бундай муҳаббат дунёга сиғмайди»… «Сизнинг тилингиз шу қадар мусиқий ва жарангдор. Сўзингизда руҳингиз мужассам. Аслида ҳам шундай, шеър бу тилнинг руҳидир…», дейди Жаббор Ҳусейн Ёсин. Бундай самимий сўзлар замирида улар аслида менга эмас, балки қалбидаги кўҳна ва афсонавий юртимиз шаънига, Самарқанду Бухоро хотирасига эҳтиром ва муҳаббатини билдирар эдилар.
Ҳар биримиз юрт тупроғида чиққан бир гул, бир дарахтмиз… Ҳали тилга кўчмаган туйғуларимиз юрагимиз тўрида вужудимизнинг ҳар бир сезгиларида пинҳона яшаётганини ҳам айнан шу лаҳзаларда пайқадик. Бир ёнда кинофестивал, бир ёнда шеърият, бир ёнда рақс, бир ёнда адабий баҳсу мунозаралар кетаётган катта бир анжуманда ўзбек адабиёти кунлари такдимоти учун ҳам вақт ажратилган экан. «Ўзбекистон», «Тошкент» деган афишалар осилган кенг майдонда қизиқарли учрашув бўлиб ўтди. Унда ватанимизнинг бугуни, ўзбек адабиётининг бугунги жараёни, мумтоз шеъриятимизнинг улуғ намояндалари ижодидан маърузалар қилинди. Аъзамжон инглиз тилида Навоий ғазалларидан ўқиди. Миллий либосларда Гули қиёфасини яратиш менинг зиммамга тушди. Ҳолатларни изоҳлаш, Навоий муҳаббати ҳақидаги энг ҳароратли туйғуларни тушунтиришни Зулхумор қойилмақом қилиб уддалади. Худди шу аснода ўзбек ва инглиз тилларида шеърлар ўқилди, қўшиқлар куйланди. Ёғлиққина патир нонлар ва ёнғоғу майизлар одамларга улашилди. Ўзбекча шоҳи белбоғлар, чуст дўппилари мезбонларга кийгизилди. «Биз сизга юртимиздан кўп нарса олиб келолмадик, аммо биз сизга ўзимиз билан Ўзбекистоннинг юрагини келтирдик» деган самимий сўзларимиз улар қалбини жунбушга келтириб юборди. Балки шу учрашувлар ҳарорати боис, вақт тиғиз бўлишига қарамай яна бир кунни ўзбекистонликларга қаратишди. Энди бу тақдимот кенг ва ҳашаматли залда ўтказилади. Бир пайт кимдир: «Давлатингиз мадҳиясини айтиб бера оласизми?», деб сўраб қолди. Мен тик турганча кимнингдир саволига жавоб бераётгандим, мадҳиямизни беихтиёр бошлаб юбордик. Улар ҳам қўшиқ баробаридан, ўрнидан тураркан, кафтимизни кўксимизга босганча жўровоз бўлдик. Шунда ғалати ҳолат юз берди. Залда ўтирган одамлар бирин-кетин ҳаммаси оёққа турдилар. Ўшанда шеърнинг мўъжизакор кучига, биргина шеър билан шоир нафақат миллатни, балки миллатлар қалбини бирлаштириши мумкин эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Ватанни чуқурроқ севиш учун ҳам шундай лаҳзаларни яшаб ўтиш керак экан.
Бу фестивалга жаҳон ижодкорлари сўз боис йиғилган, ижодимиз боис учрашиб турардик. Сўзларимиз боис кўнглимизни кўрдик, яна кўнглимизда улуғ сўзларни олиб қайтдик. Мен ўзбек адабиётининг кучи жаҳон адабиёти мезонларидан асло кам деб билмайман. Аммо мен девор ортидаги одам ҳам сендек одам эканини, яна кимдир худди сенга ўхшаб фикрлаши муҳаббатга ташналиги ҳақда ёруғ лаҳзаларда сен билан диллашиши ҳам бир бахт эканлигини англадим.
Деярли ҳар куни қайси бир мавзу асосида конференцияларга қатнашдик. Шундай тадбирлардан бирида Аъзамжон Обидов, Зулхумор Мирзаева Герри Дикнинг ўзбек классик шеъриятидан Навоийнинг инглиз тилига таржима қилган «Қуш тили» асари ҳақида ва ҳозирги замон шеърияти масалалари бўйича маъруза қилди. Давра тўридагилар ҳам, залда ўтирганлар ҳам адабиёт соҳасида иш олиб бораётган таниқли профессорлар Америка, Англия, Франция каби давлат университетларида сабоқ бераётган илм аҳли эди. Улар ҳинд тили ва унинг ўзга тилларга таржимаси тўғрисида чуқур баҳсу мунозараларга киришган бир паллада ҳинд ва ўзбек адабиёти алоқалари тўғрисида ҳам қизиқарли фикрлар айтилди. Биз бу даврада шеър ўқишдан олдин катта шоирларни, хусусан, шу гўзал диёр муҳаббатига лойиқ бўлган Зулфияхонимни ҳам эслаб ўтдик. Уни кўрган ва у билан суҳбатлашган ҳиндистонлик, покистонлик ижодкорлар ўзбек-ҳинд адабий алоқалари ҳамиша мустаҳкамлигини, чунки бу ришта жон риштаси эканлигини ҳаяжон ила таъкидладилар.
Америкада ҳинд тилидан дарс бераётган олима Индира Петерсон шу давра суҳбатидан сўнг биз билан юз йиллик қадрдонлардек рус тилида суҳбатлашар экан, кўнглимизда яна бир бор қувонч ҳиссини туйдик. Тўғриси, бу туйғуларнинг ҳаммасини ҳам фақат шунчаки шодлик ва фахр деб бўлмасди. Бунда қадр ҳисси ҳам, меҳр ҳисси ҳам, ғам аралаш соғинч ҳисси ҳам бўларди. Чунки бу катта анжумандаги оний учрашувлар бошқа такрорланмасди… 20 давлат ижодкорлари ва 25 мингдан ошиқ санъат аҳли қатнашган бу фараҳли тадбирларнинг ҳаммасига қатнашишга улгуролмадик. Биз бир шиддатли тўлқин оғушида баравар сузиб борардик. Манзаралар ҳам, одамлар ҳам, ҳолатлар ҳам қуёшнинг тонгги, кундузги, кечки шуълалари янглиғ жилоланиб, сонияларда ўзгариб турарди. Масалан, бир оқшом ҳинд халқининг қадимий рақсларининг рангин ҳароратидан вужудимиз жунбушга келган бўлса, эрталаб нилуфаргуллар очилган ҳовуз атрофида кезинаётган янги техника дизайнерлари кўриги устидан чиқамиз. Лаҳза ўтмай эса Маданий марказнинг қизғиш мармарлари оқ, сариқ ва қизғиш гуллардан безана бошлайди. Ҳинд мусаввирларининг соҳир қўлларидан кўринмас тезликда нақшланаётган гулларни кўриб ҳайратланамиз. Зум ўтмай бутун майдон ранго-ранг, гуллар бўйига ҳамда нақшин панжараларга ўрнатилган сонсиз-саноқсиз шам шуълаларига тўлиб кетади. Бу афсонавий кечага ҳинд санъаткорларининг мажнунвор куй-қўшиқлари ҳамоҳанг бўлади.
Қўшиқ Афғонда туғилган, Эронда вояга етган, Ҳиндда энг авж нуқталарига етиб жон берган, деган иборани айтганди бир муҳожир шоир. Мен қўшиқ айтаётйб, беихтиёр жони узилган одамни ҳинд деб биламан. Негаки, санъат бобида уларнинг тенгсиз муҳаббати ва ҳайрати, жўшқин руҳини кўриб ўзим бунга яна тан бердим. Саҳнадаги раққосалар бир тараф, уни томоша қилаётган мухлисларнинг ҳайрати бир тараф. Ўртада тўсиқ йўқ. Уларнинг бари куй жаранглаши билан жони кирадиган илоҳий бир кучга ўхшайди. Саҳна ва зал бир улкан алангага айланиб, унда ўтирган барчани ёндириб-куйдириб… еўнггина ниҳоя топадиган ҳодисадир. Бошида икки метрлик қават-қават қўйилган шамдонларда юзлаб ёнаётган шамларни кўтарганча, гир айланиб рақс тушаётган аёлни кўриб: «Булар оловдан, куйдан ва рақсдан яралган» бўлса керак, деб ўйладим.
Навбатдаги оқшом сўфий санъаткорларнинг концертига бағишланди. Балконлардан иборат катта театр саҳнасини икки қўшиқчи ва уч-тўрт шогирди эгаллади. Битта таблаю, битта ҳинд чанги… Бор-йўғи шу… Аммо шу биргина асбобда дунёнинг шунча ноласию воласи яшириниб ётганини ҳамда шу икки қўшиқчи ўз овози оҳангларида бутун борлиқни кўкка кўтариб учишини қаёкдан билибмиз? Қўшиқлар ягона ишққа, жамики ошиқлар ошиғи Оллоҳга бағишланган эди. «Ваҳ-ваҳ!» «Бу тингловчиларнинг ҳайқириғи эди. Улар ўзлари завқланган қўшиқ сўзларига ошуфталигини фақат шу сўзлар билан ифодалаш билан чекланмас, балки қўлларини ҳавода ҳаракатлантирганча, бошини қимирлатар, оҳанг баробарида туриб кетар ва ерга эгилиб таъзим қиларди. Уларнинг ҳаммаси қўшиқ таъсирида ўзларини буткул унутишарди. Мен бу ҳолатларни ҳайрату ҳаяжон аралаш кузатардим. Концерт тўрт соат чўзилганига қарамай ҳеч ким кетай демасди. Аксинча, вақт ниҳоясига етганини айтиб кетишга изн сўраган санъаткорларни улар қўйиб юбормас, ўринларидан туриб тинмай қарсак чалишарди. «Сизга айтадиган қўшиғимиз кўп. Аммо қайси бирини айтайлик?!», сўрашди санъаткорлар.
Шунда олдинги қаторда ўтирган бир гуруҳ қизлар бирваракайига: «Нафс ҳақида, пулга ружу қўйган одамлар ҳақидагисини айтинг!», дейишади. Мен санъатни бу қадар севган ва қадрлаган ёшларни кўрмагандим. Улар инглиз тилида ўз фикрларини асослаб, ҳар қандай чет эл ёзувчиси билан баҳсу мунозараларга киришар, айни дамда баъзи ёшларга ўхшаб ўз миллий кийимларини кийиб юришдан ҳам уялишмасди. Улар нафақат санъаткорларни, балки раҳбарларини ҳам чин дилдан севишар, унга ишонишар ва қадрлашар экан. Бош вазир хоним саройида қабул ва ҳовлида ёзилган кенг дастурхон атрофида улар вазир хоним Шейла Дикшит изидан бир дарё каби оқар, қайда бўлса ўраб олишарди.
Анжуман сўнггида ёшларни такдирлаш маросими бўлиб ўтди. Шундагина ёнимизда ҳамиша биз билан бирга юриб, йўл-йўриқ кўрсатиб, ҳар бир ишимизга камтарлик билан ёрдам бераётган уч-тўрт ёш дўстимизнинг Ҳиндистоннинг энг иқтидорли ижодкорлари эканлигини билиб қолдик. Ғафлатни қаранг. Атрофдагиларга қарабмизу, ёнимиздаги ёшларни унутибмиз. Менга сўнгги дамларда ўз асарлари буклетини кўрсатаётган Викрам Нагай танлов бўйича Ҳиндистоннинг шу йилги энг иқгидорли мусаввири экан. «Мен сўфийман» дея сўфиёна рақсини намойиш этган мусулмон укамиз Акбар эса архитектура соҳаси бўйича биринчиликни эгаллабди. «Мумбайга борсангиз сизга ҳамма актёрларни кўрсатаман. Улар дадамнинг студиясига келиб суратларга тушишади. Мана бу менинг манзилим», деб бир парча қоғозга ўз санъатини мужассам қилган йигитча эса энг иқтидорли сураткаш экан… Катҳа уларнинг ҳар бирини 50 минг рупия билан тақдирлади.
Тож Маҳал…
Гўзал Жамна қирғоқларида ястанган кенгликларнинг мовий туманлари аро нурланиб турган ҳарир сарили Малика…
Биз бу илоҳий ва мангу қўшиқ ёнида бир лаҳза турдик… Бир лаҳзада абадият умрини яшаб ўтдик.
Тож Маҳал… у сизга бир лаҳзада шодлигу фараҳ…. бир лаҳзада қайғу ва туганмас ҳасрат ато этади. Нега ўша дамларда рангу рўйимда изтироб сояси ўрлағанини ҳозир ҳам тушунтириб беролмайман. Биз икки замоннинг икки аёли бир-биримизга боқиб турардик… Бири асрларуммонида оқ кемадан оппоқ рўмолини ҳилпиратиб ўтиб келаётган бахтли Малика, бири эса лаҳзалар ғамини асрларда яшаб ўтаётган ишқ қупи, кўнгил соҳибаси… Унсизгина… ёлғизгина гаплашдик… Негадир чўккалаб олдим… Жуда узоқ йўл юрган ва ниҳоят ёруғ манзилига етган кимсадек… йиғладим… Кейин… унинг оппоқ деворларига суяниб… ўлгим келди.
…Аградан қайтарканман, ўзимни қайтадан яралгандек ҳис қилдим. Кўзим узоқ қишлоқлар манзараларидан ҳайратланар,гоҳида фил, гоҳида маймунлар ўтиб қоладиган кўчаларидан завқланар, гоҳида эса бир муддат кузимни юмардим. Шу бир лаҳзада хаёлим ватанимга кўчар, шунда тамоман аввалги ўзимга айланардим. Бироқ яна кўзимни очарканман, ўзимни ҳали ҳам Ҳиндистонда кўрардим… Ишонинг, ўша дақиқаларда: «Ҳали ҳам Ҳиндистондаман» деган ўйдан хурсанд бўлиб кетардим. Бу олис ва муқаддас туш ҳали ҳам ўз туганмас қувончлари билан давом этаётганидан бахтиёр эдим…
Буларнинг бари менга нима берди?
Жуда катта ҳайрат ва илҳом. Дунёнинг нақадар улкан ва ундаги одамларнинг ҳар бири ўз ҳолича муҳаббат деган илоҳий туйғуга ташна эканлигини кўрдим. Биз жаҳоннинг турли чеккаларидан келган ижодкорлар ўз гўшамиздан ниманидир ахтариб йўлга чиқдик. Ва уни Ҳиндистонда, «Катҳа» Осиё ижодкорлари фестивалида топдик. Биз, эҳтимол ўз кўнглимизни излагандирмиз? Балки ўз туйғуларимиз исмини? Биз балки бир туйғу билан яшаётган кимсалар ўз кичкина-кичкина кўнглимиз парчалари билан келиб, бирлашиб катта бир кўнгилни пайдо қилгандирмиз?
Биз бўм-бўш қалб билан келгандик… Қайтаётиб эса ўша «нимадир» тўлган кўнгил билан қайтдик. Эҳтимол, у қайғудан чуқурроқ, севгидан баландроқ… ватандан чексизроқ ва сўздан кичикроқдир? Ҳар биримиз ўзимизча бу туйғуга сўз излаймиз. Ҳар биримиз уни ўзимизча номлаймиз. Муҳими руҳимизда илоҳий бир ҳис бор… Униси энди шеърга, ҳикоя ёинки романларга дахлдор… Муҳими бу эмас… Муҳими…Эҳтимол буни айтиш шарт эмасдир. Ахир шоир умр бўйи шу сўзни излайди. Унинг номини тополармиканман?
Зебо МИРЗО.
Мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: Ишқ маликаси билан учрашув («Бекажон» газетаси, 23.03.2006)