Олтин гул («Китоб дунёси», 2007 йил, май-июнь)

Аъзамжон Обидов ўзига хос ижодкорлардан. Унинг шеърлари, ўзбек шоир ва ёзувчилари ижодидан инглиз тилига ўгирган таржималари фақат ўзбек адабий жамоатчилиги томонидангина эмас, ўзбек тили билан шуғулланувчи хорижлик олимлар томонидан ҳам эътироф этилган.
— Аъзамжон, ўзбек адабиётининг дунё миқёсига чиқиши учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?
— Биз ҳозир ахборот асрида яшаяпмиз. Баъзан арзиган-арзимаган ахборотлар катта шов-шувларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Агар одамларнинг миясида ахборотдан бўш жой ортган бўлса, буни адабиёт билан тўлдираман, деб уринсак бу самара бермаслиги аниқ. Бунинг акси бўлганда, жараён бошқача кечган бўлармиди?!
Бироқ, адабиётнинг, сўзнинг қимматини шов-шувлар белгиламайди. Бугун дунёнинг кўпгина мамлакатлари ёзувчилари жаҳон адабиёти саҳнасига чиқиб улгуришди. Бизнинг чиқа олмаётганлигимиз сабабларини эса миллатимиз кишиларининг табиатига хос бўлган унсурлар ҳамда хорижий тилларга таржима қилинмаётганимиз ва қила олмаётганлигимиз билан изоҳлашга тўғри келади. Жуда кўп мамлакатларда махсус таржима мактаблари мавжуд. Таржимонлар қайси тилга ихтисослашганига қараб, ўша тилда сўзлашиладиган мамлакатларга бориб ижод қилишади ва ўз адабиётини тарғиб этишади. Баъзан ёшларни хорижга ўқишга юбораётган ташкилотлар нима учун адабиёт соҳасини четлаб ўтишади, деб ҳайрон бўламан. Ҳатго адабий таржимонлар учун чет элда ўқиш ёки малака оширишга оид махсус грантлар киритиш жуда муҳим, деб ҳисоблайман.
Яна бир муаммо, таржимонларнинг кўпчилиги чет эл адабиётидан ўзбек тилига ўгиради-ю, ўзбек адабиётини жаҳон тилларига таржима қилиш масаласига келганда, негадир иккиланишади. Менга қолса, яхшими ёмонми, албатта, таржиманинг бўлгани яхши. Яқинда ўзбек адабиётининг расмий сайти орқали таржималаримиздан хабар топган бангладешлик Кибриё хабар жўнатиб, Навоий асарларининг таржимасидан юборишни сўрабди. Шу каби илтимос билан франциялик ижодкорлар ҳам мурожаат қилишган. Қизиқувчилар кўп, лекин тақдим этгани тайёр асарларимиз жуда кам. Хулоса қилиб айтганда, таржима асарларини кўпаитирмаи, уларни чет элда тарғиб қилмай, адабий алоқаларни йўлга қўймай, жаҳон адабиёти миқёсига чиқиш ҳақида бир нима дейиш қийин.
— “Йўлимни пойлайди мўъжиза”, “Нурли тонглар орзуси”, “Осиё оҳанглари” таржима китобларингиз ҳақидаги тақризлар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинган эди. Бу китобларни уммон орти мамлакатига ҳам олиб борган бўлсангиз керак. Америкада уларни қандай кутиб олишди?
— Аввалги иккита таржима китобимни Ўзбекистондаги кўпгина чет элликлар илиқ кутиб олишди, уларни мамлакатимиздаги деярли барча элчихоналарга тарқатганмиз. Айниқса, Чўлпон ва Усмон Носир шеърлари жамланган таржима китоби адабий доираларда, хорижликлар ва ўзбек мутахассислари ўртасида қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди. “Осиё оҳанглари”га келсак, унда 50 га яқин ўзбек шоирлари ижодидан таржималар киритилган. Америкада яшаган вақтларимда адабий учрашувлар, кутубхоналар, уюшма ва клубларда фақат ана шу таржималардан ўқиб юрдим. Хусусан, Ҳалима Худойбердиева, Зебо Мирзаева, Баҳром Рўзимуҳаммад, Жамол Камол ва бошқа ўзбек шоирлари ижоди Шарқ адабиёти ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотди. Яқинда америкалик шоир Илья Каминскийдан хабар оддим. У “Осиё оҳанглари”ни ўқиб чиққанини ёзибди. Америкада таниқли адибаларимиз Турсуной Содиқова ва Саломат Вафонинг насрий асарлари ҳам мунозара қилиниб, журналларда босишга тавсия этилди. Юқорида тилга олинган учта китоб тўлалигича Жаҳон Ижодий Дастурининг интернетдаги расмий саҳифасида эълон қилинган. Энди дунёдаги ўзбек адабиётига қизиққан кишилар ана шу сайтдан ҳам айрим маълумотларни олишлари мумкин. Таржима китоблар Вашингтондаги Конгресс кутубхонасига ҳам тақдим этилган.
— Мустақилликдан кейинги йилларда кўпгина ижодкорлар уммон ортига сафар қилишди. Таниқли шоир Муҳаммад Али бу мавзуда “Мен кўрган Америка” номли китоб ёзди. Аммо аксарият ёзувчиларимиз туркшунос олимлар доирасидагина бўлиб қайтишди. Сиз биринчилар қаторида инглиз адабий доирасига кириб бордингиз. Хўш, америкаликлар ўзбек адабиётига қай даражада қизиқишади? Улар Навоий, Бобур ҳазратларининг ижодларидан воқифмилар?
—  Америкаликлар ўзбек адабиётидан бехабар, десак тўғри бўлмас. Чунки АҚШнинг бир қатор штатларидаги университетларда ўзбек тили, ҳеч бўлмаганда, осиёшунослик бўлимлари мавжудлигини ҳисобга олсак, унда таҳсил олаётганлар оз бўлса-да, адабиётимиз намуналарини ўқишган. Афсуски, яна гап таржима асарлари тақчиллигига бориб тақалади. Шу боис, ҳазрат Навоий ёки Бобур китобларини китоб дўконларида учратиб бўлмайди. Ваҳоланки, Америка китоб дўконларидан таржима қилинган Румий ва Ҳофиз китобларини бемапол сотиб олиш мумкин.
Энг қизиғи, Айова шаҳри театрида “Навоий ва Гули” монологини саҳналаштирганимиз бўлди. Нью-Йоркдаги Колумбия Университети профессори Эдвард Олворт билан бўлган учрашув таъсирида юрибман. Домла Абдурауф Фитрат ижодига бағишлаб китоб ёзганлар. Айни пайтда Ўзбекистондаги кутубхоналар тарихи билан қизиқиб юрибдилар. Канадалик ижодкор дўстимиз Гарри Дик эса Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”ини инглиз тилига ўгириб, босмадан чиқарди. Ёки ўзбек шеърияти билан қизиқиб қолган Рейчел Ҳарел эса ўзбек тилини ўрганиш билан бирга, шеърий таржималар қилаётгани қувончли, албатта. Германияда эса Ингеборг Бадцауф хоним ўзбек адабиётидан талай ишларни немисчага ўгирмокда. Польшада чикадиган дунё шоирлари баёзида ўзбек шоирларининг асарлари ҳам жой олган. Францияда эса ўзбек шоирлари ижодидан намуналар жамланган француз тилидаги янги бир баёз босилиш арафасида.
— Халқаро Нобель мукофоти таъсис этилганига юз йилдан ошди. Бироқ, то шу кунгача Марказий Осиё ёзувчиларининг бирортасига бу мукофот насиб этганича йўқ. Сиз қачонлардир ўзбек ёзувчилари ҳам бу мукофотга муносиб кўрилади, деб ўйлайсизми ?
— Бу менинг ёки сизнинг жон куйдирганингиз билан амалга ошиб қоладиган нарса эмас. Шу ўринда Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Китоб дунёси” газетасининг апрель сонида босилган “Китоб — руҳ озиғи” мақоласидан парча келтирмоқчиман: “Жаҳон миқёсига чиқиш масаласи бизда қўл етмас орзу бўлиб турибди. Ижод намуналари аксари ҳолларда минтақадан нарига бормайди. Бугунги кунда ўз мамлакати ўқувчилари билан кифояланиб қолган ёзувчи кўзлаган мақсадига ета олмаслиги аниқ”. Қолаверса, юқорида суҳбат давомида юритган фикр-мулоҳазаларимизнинг ўзи ушбу саволингизга жавоб бўлади, деб ўйлайман.
— Эшитишимча, ўзбек насри намуналаридан баъзи ҳикояларни инглиз тилига ўгириб, профессор Ильзахоним Сиртаутас тайёрлаётган “Ўзбек кичик ҳикоялари” китобига киритибсиз. Ўша китобнинг тақдири нима бўлди?
— Тўғриси, бу ҳақда бир нима дея олмайман. Шукур Холмирзаев ва Саломат Вафо ижодидан қилган таржималарни берганим бор. Лекин Ильза хоним билан кўришиш ҳалигача насиб этгани йўқ.
Шу ўринда бир гапни айтишни истардим, болалигимда рус ёзувчиларидан бирининг “Олтин гул” деган асарини ўқиган эдим. Сўз ҳақиқатан ҳам юракларда ўсаётган олтин гулга ўхшайди. Унинг бандлари, барглари, ҳидлари-да тиллодан. Олтин гулни ўз юрагида парвариш эта олган одам эса, ундан бир лаҳза бўлсин, айро яшай олмаслиги аниқ.

Суҳбатни Гўзал БЕГИМ уюштирди.

Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: Олтин гул («Китоб дунёси», 2007 йил, май-июнь)