Яшаш учун рухсатнома

“Қўлингизни очинг, онахон” дейди участка нозири, онамнинг кафтига қора куя суриб, оқ қоғозга бостиради, бармоқ изларини олади. Шериги бир нарсаларни ҳужжатлаштириб ўтиради. “Қоидаси шундай, узр” дейди, хижолат чеккандай, қизаргандай бўлади. Бу ерда одамлар икки нарсадан бениҳоя шодликка тўлади: рўйхатга қўйилганда ва рўйхатдан чиқарилганда. Элнинг энг олдидаман деб ўйлаганларнинг, қонунчиларнинг калласига бундай номаъқулчиликдан воз кечиш ҳеч келмайди, улар “вилоятдан келган шогирдларимиз рўйхатга қўйилиш осонлашаркан, дея шодликка тўлмоқда” дея баланд минбарлардан туриб хурсандлик изҳор этади холос. Биз ҳам нозир ҳузуридан «яшаш учун рухсатнома” билан чиқамиз. Ҳадемай яна совуқ тушади. Қўшни шаҳардан отам, онамни олиб келаман. Биров ортиқча гап қилмаслик учун, қонунга биноан яшаш учун яна нозир олдига боришимиз лозим. Уни хижолат қилдиргим келмайди, бироқ, ўз уйимда яшашлари учун рухсатнома олмасак ҳам бўлмайди. Қоидаси шундай. Умидим шулки, бу йил ҳеч ким хижолат чекмайди: куя суртилган бармоқлардан бехижолат излар олинади. Қонуний яшашга нима етсин бу ёпиқ шаҳарда! Қўлингизни очинг!..