Тоза ниятли, хушрўй сингилларим Гулноза Одилова ва Меҳриноз Аббосовага
ОЧИҚ ҲАТ
Ассалому алайкум!
2009 йили Президент Каримов халқаро адабий алоқаларни ривожлантириш ҳақида алоҳида мурожаат-фармон эълон қилганида, ана энди адабиётимиз дунёга чиқаркан, дея кўпам умидвор бўлмагандим, гарчи дунё тажрибасида бирор давлат раҳбарининг миллат адабиётини ривожлантириш учун махсус қарор чиқариши кам учрайдиган ҳолат бўлса ҳам. Бу ишни ким қилади, деган савол кўндаланг эди ўшанда, ҳалиям бу савол долзарб. Илғор мамлакатларда барча ватандошлар учун эмин-эркин, фаровон яшаш ва меҳнат қилиш учун шароит яратилган, бундан ижодкорлари ҳам ҳамма қатори баҳраманд бўлади. Аммо, бизнинг ҳолатимизда, айниқса ҳозирги босқичда, давлатнинг адабиётни ривожлантиришга эътибор қаратиши жуда маъқул ва керакли ишдир! Президент сиз билан учрашиб, халқаро адабий алоқаларни жадал йўлга қўйиш ҳақида нима ёрдам керак, деб сўраётган экан, қамчини босинг!
Иккингиз билан ҳам адабий алоқалар мавзусида кўп гаплашганмиз. Ёзучилар уюшмасини қўйинг, у ўз йўлига. Сизнинг зўр, кучли жамоангиз (командангиз) бўлсин! Биламан, кадрлар умуман етишмайди, бироқ атрофингиздаги энг яхши ниятли ёш йигит-қизларни, ғайратли, ташаббускор устозларни даврангизга тортинг! Таржимонлар Фахриёр, Зулҳумор Мирзаева, адиблар Хуршид Даврон, Карим Баҳриев кабиларни чорланг!
Машҳур фалон ёзувчи-шоирларимизнинг асарларини ўз кучимиз билан таржима қилишимиз, босишимиз мумкин, аммо негаям таржималарни чет эллик таржимонлар, адабий агентлар билан ҳамкорликда амалга оширишни йўлга қўймаслик керак? Бизга хорижлик муҳаррирлар, муаллимлар керак! Зудлик билан Ўзбекистонда “Чет эллик ёзувчи/таржимон/муҳаррир резиденцияда” дастурини очиш ҳақида яна эслатайин. Халқаро ижод уйини очишдай катта орзуим бор, у сизга ҳам кўчсин, орзуимиз амалга ошсин!
Чет элда Ўзбекистонни севувчи, унга ҳайрихоҳ анчагина адабиётсеварларни биламан. Улар ўзбек шеърияти ва насрини таржима қилиб, ўз юртларида китоб ҳолида, газета ва журналларда, онлайн нашрларда чоп этишган. Бошланишига Ҳиндистондан Праяг Сайкиа, Биплаб Мажи, Раживан Тачом Пойил, Ману Дэшни, колумбиядан Фернандо Рендонни, Аргентинадан Виктория Касересни, болгариядан Мария Филиповани, Польшадан Януш Кржизовскийни, АҚШдан Марк Рис, Рашида Исмоилий, Камбон Обаянини, Фулбрайтчилар, ELFларни, Англиядан Кэрол Ермаковани, Австралиядан Патрисия Бернардни, Япониядан Шимадо Масаҳикони, Туркиядан Муяссар Ениай, Моҳир Ўзтошни, Арманистондан Якоп Симонянни, Хитойдан Су Шини, Франциядан Атанасе де Трасини, Африкадан Самми Акомбини, Германиядан Ҳусайн Ҳабашни, Голландиядан Себастьян Полмансни чақиринг! Яна қайси мамлакатдан ким керак, айтинг, ёзишмаларни йўлга қўйиш-у логистика масалаларида жон деб ёрдам берай!
Таржима қилганда, битта ёзувчи ё шоирни эмас, бир неча (камида ўн нафар) ёзувчи ва шоирни киритиб, антологиялар тузишдан бошласа яхши, оз-оздан. Чет элликлар битта адибдан кўра, ўзбек адабиётидаги бир неча номлар билан танишишга кўпроқ қизиқиши табиий.
Ёзувчилар билан бевосита ишлашни бошлаш лозим, улар учун махсус чет тили ўргатиш курсларини очинг, уларни халқаро анжуманлар, адабиёт фестивалларига тайёрланг, иштирокини таъминлашда ёрдамчи бўлинг!
Тайёр, таҳрирдан чиққан, китоб ҳолида босилган таржима ишларни (Навоий, Эркин Аъзам, Эврил Турон ва ҳ.) тарғиб қилинг!
Бир одамнинг холис хизмат ва ташаббуслари мухтасар баён этилган мана бу видеони албатта кўринг, жамоангизда муҳокама этинг, улашинг: https://www.youtube.com/watch?v=v1d4UY_IzaU
Ҳозирча шу, яна ёзаман.
Қамчини босинг!
Аллоҳ ёр бўлсин!