Bizning yo’rig’imiz boshqa!

Президент Ёзувчилар уюшмаси раҳбар ва аъзоларига катта эътибор қаратяпти, бироқ аъзоликдан чиқарилган, ўз хоҳиши билан чиққан, аъзо қилинмаган, аъзо бўлишни истамайдиган асл ёзувчи ва шоирларимиз бор! Афсуски, ёзувчи, шоирман деганининг аксари абгор аҳволда, ёшу каттаси прописка, дача, уй, мукофот илинжида; сал жиддийроғи ўта эҳтиёткор ё қўрқоқ, яна бир тоифаси Нобель оламан дейди, аммо ҳатто МДҲ мамлакатларидаги адабий тадбирларда иштирок этишдан чўчийди; яна бир хилининг оёғи ердан узилган, китобларим Амазонда минглаб нусхада сотиляпти, деб кулдиради. Каминани халқ шоири-ю ёзувчиси, ёш қаламкаши-ю буюги кўрганда нуқул мақтайди, фалон китоб, таржима, метродаги лойиҳа зўр чиқибди деб алқайди, аммо ёзганимни уқиб кўрмайди, қилганимни давом эттирмайди, тавсияларимдан ҳайратга тушади, тақдимотларимдан оғзи очилади, лекин кўп ўтмай яна қайта ўша ҳалиги беҳуда умидворлик жарига шўнғийди! Ўзгаришни, ислоҳотни истамаган, янгиликка, дунёга очилолмаётган шулар қолдими ё, валлоҳу аълам? Ҳаммалари омон бўлишсин! Илоё 2018 йил ёзувчи-шоирлар учун жасорат, журъат йили бўлсин! ТВчилар Жамол Камол, Эврил Турон, Шукрулло, Гулчеҳра Нуруллаева, Хуршид Даврон, Карим Баҳриев, Саломат Вафо ва улар кабиларни ҳам тез-тез эфирга олиб чиқсин, газетчилар бош саҳифада асарларини берсин, ноширлар китобларини боссин, элга, адабиётга манфаатли суҳбатлар қилсин! Қилолмасаям ҳеч хафа бўлмаймиз! Бизнинг йўриғимиз бошқа!