Ўқувчилик йилларимиз ёш ижодкорларнинг “Менинг биринчи китобчам” республика танловида камина ҳам қўлбола китоблар билан қатнашган. Бир китобчамнинг номи “Орзу” эди. Кейинроқ, Чўлпон ва Усмон Носир шеърлари киритилган инглиз тилида босилган таржима китобчамни “Нурли тонглар орзуси” деб номлаганмиз. Яқин йилларда кичик Мартин Лютер Кингнинг буюк орзуси ва “Орзу лайнери” ҳақидаги ҳужжатли фильмларнинг матнини кадр ортида ўқидим, қисқаси, шу “орзу” деган сўз менга жуда ёқимли, илҳомбахш ва ғайратга чорловчи калом бўлиб туюлаверади.
Бугунги яхшигина ўзгаришлар, ташаббуслар даврида ҳар биримиз ҳаётимизнинг асл мазмуни саналган соҳада халқимиз учун энг зарур деб ўйлаган нарсани мухтасар баён этсак, онлайн нашрлар, газета, радио ва телеканалларда мунтазам “Менинг бир орзуим бор” деган чиқишлар қилинса, Фейсбукда махсус гуруҳ очилса, қандай бўларкин? Барча “орзулар” марказлашиб, бир жойда тўпланса, айни пайтда энг муҳимларини саралаб олиш, кенгроқ муҳокама қилиш, ҳаётга тадбиқ этиш осонлашарди балки.
Яхши ниятли дўстлар, бирон платформа топилгунча, ўз “орзулар”ини менга юбориб турсалар, блогимда битта рукн очиб, чоп этиб турардим.
“Орзу”га қўйиладиган асосий талаблар:
– амалга ошириш имконли иш бўлиши;
– янги, оригинал, инновацион ғояга асосланиши;
– ҳукуматдан ҳам кўра, жамоатчилик қўллови, маҳаллий ва ё халқаро донорлар кўмагида юритиладиган, катта харажат талаб этилмайдиган лойиҳа бўлиши;
– Қисқа, лўнда, кўпи билан бир бетда баён этилиши;
– Видеотақдимот ҳолида бўлса, узоғи билан 2 дақиқадан ошмаслиги лозим.
Орзуларингизни биз билан баҳам кўринг!
Эл.почта: azamjon1974(at)gmail.com («Мавзу» бўлимига “Менинг бир орзуим бор” деб ёзинг)
www.azamabidov.uz
P.S. Бу таклифни ўртага қўйишдан аввал “Орзу ва Ҳаёт” жамоатчилик фонди маъмури Илҳомжон Олимжонович Қосимов билан боғландим. У биринчилардан бўлиб қўшилиш, “Орзулар” учун зарур платформа тузиш, энг яхши лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётга тадбиқ этишга қарор берди.