Раиса Николаевна Крапаней тиниб-тинчимас ижодкор. Ёшларни қўлидан келганча қўллаб-қувватлайди: учрашувлар, клублар ташкил этади, китобларини чиқаради, уюшмага аъзо қилишда кўмаклашади. Тошкентдаги бирор адабий-маданий тадбирдан қолмайди, ўзига хос тарзда гоҳ фотограф, гоҳ журналист бўлиб, турли тадбирларни ёритиб боради, энг яхши ташаббусларни оммалаштириш учун жон куйдиради. Камина у билан танишганимга икки йилча бўлди, шу орада Гёте институтида, Ойбек, Юдаков, Есенин уй-музейларида биргаликда шеърхонликлар уюштирдик, турли адабий йиғинларда қатнашдик. Раиса опа каминани “Бонум Фактум” галереяси раҳбари Шаҳноза Каримбабаева билан таништирди ва биз куни кеча ажойиб бир таржима лойиҳасини якунладик: “Фарҳод ва Ширин” тез орада инглиз тилида дунё юзини кўради!
Раиса Николаевнанинг яқинда “Чувалачи” номли шеърий китоби нашр этилди. Номи ҳам оригинал, бу Тошкентнинг Эски шаҳаридаги маҳалла номларидан бири экан. Болалик хотиралари, самимий туйғуларга бой бир тўплам бўлибди. Муборак бўлсин! Ташаббусларингиз, лойиҳаларингиз давом этсин, ғайратингизга ҳеч кўз тегмасин!
Чувалачи
Қадим суратларда жужуқлар… Қара,
Май сакраб тушмоқчи қўллар тим қора,
Чертиб кўр! Чўғ мисол дарвоза орти –
Тушдаги парвоздай болалик юрти!
Ҳув ана, бир четда чинор, қари тут
Муштоқдир бизларга: нотаниш, унут.
Салқин, соя тутар узум новдаси –
Эштилар қулоққа масрурлик саси.
Исириқ мўлтирар – минг дардга дармон,
Ёнида керилган қорақош райҳон.
Беданалар ҳайрон: “Ким? Мўрала- чи?»
“Болалик дўстингмиз, биз, Чувалачи!”