Ойбек уй-музейида дилкаш давра

Бугун, 8 сентябрда Ойбек уй-музейида шоир, таржимон журналист Карим Баҳриев билан учрашувни, мусаввир Шавкат Музаффар асарлари кўргазмасини, Ойбек музейининг янги экспонатларини зиёрат этишни ва миллий ош ва ёз неъматлари тановулини ўз ичига олган “Кетгим келмаяпти…” деб номланган жуда гўзал учрашувлар мажмуи ўтказилди.

Учрашувга адабиёт ва санъат мухлислари, тарихчилар, адабиётчилар, таржимонлар, блоггерлар, талабалар ва бошқа меҳмонлар йиғилдилар. Олим Шуҳрат Барлос бошчилигида Туркиялик олимлар ва талбиркорлар, Канададан шу бугун учиб келган меҳмонимиз Бахтиёр Шоҳназар, блогер Давронбек Тожиалиев, Андижондан келган Абдулҳамида Сулаймон Чўлпон авлодлари даврада фаол иштирок этишди.

Дастлаб Ойбек уй музейи зиёрат қилинди. Сўнг музей томоша залида Карим Баҳриев ўқиган шеънларнинг тўртта видеоси, Аъзам Обидов ўз таржималари билан бирга Карим Баҳриев шеърлари ва мусаввир Шавкат Музаффар асарлари омухталанган иккита видеоклипини намойиш этилди.

Шундан сўнг ҳовлида, Ойбек домланинг ҳайкали олдида, устоз эккан чинорлар соясида учрашув бошланди. Суҳбат сўз эркинлиги ва жамият тақдири, тил ва ҳаёт, бугунги адабий жараён, таржима муаммолари ва миллат келажаги, АҚШ, Буюк Британия, Туркия ва Африка шеърияти намуналари, парламентаризм, рангтасвир ва сиёсий карикатуранинг истиқболи, тасаввуф ва дин каби ўнлаб мавзуларда бўлди. Шеърлар ва таржималар ўқилди.

Тўрт соат давом этган тадбир давомида кўплаб саволлар берилди, жавоблар айтилди ва мунозара ва мушоҳадалар бўлди.

Тадбир қатнашчиларига Карим Баҳриевнинг “Томчидил” китоби, Аъзам Обидов тайёрлаган “Қуш тили” антологияси, “Адабиёт газетаси”нинг сонлари тарқатилди.

Тадбир ташаббускорларига, жумладан шоир ва таржимон Аъзам Обидовга миннатдорчилик билдирамиз.

(Текст: Карим Баҳриев)