“Илонбалиқ” (Fish and snake) халқаро антологияси

Қадимги замонларда “шеър” деганда мўъжиза тушунилган. Лекин вақт шундай жиловсиз шамолки, ҳар қандай қадриятнинг ранг-жилосини юлқиб, учириб кетаверади.
Туркий халқларнинг буюк шоири Алишер Навоий шеър айтишни, бугунги ибора билан айтганда, супер инсонлар амали, дейди:

Улким, чу жаҳон хилқатин оғоз этти,
Сунъи килкини нақшпардоз этти.
Инсон хайлин нутқ ила мумтоз этти,
Нутқ аҳлини назм ила сарафроз этти.

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да шундай ёзади: “Самарқандта Бойсунғур Мирзонинг ғазаллари онча шоеъдурким, кам уй бўлғай эдиким, Мирзонинг ашъори ул уйда бўлмағай эди”. Ўн бешинчи асрларда халқ шеърни шундай соғиниб ўқиган экан.
ХХ асрнинг охирроғида Марказий Осиё минтақасида ҳам шеъриятга қизиқиш сусайиб бошлади. Аждодларнинг муқаддас амалларини Вақт шамоли ўзи билан узоқ-узоқларга учириб кетди.
Шеърга қизиқишнинг пастлиги, эҳтимол, баъзи шоирларни хавотирга солмас. Лекин бугунги куннинг шоири Одам Атодек ўзи шеър ёзиб, ўзи ўқишга қийналади.
Демак, жаҳоннинг турли мамлакатларида яшайдиган шоирлар бир-бирлари билан дўстлашиши жоиз. Ана шу мақсад бугун воқеликка кўчмоқда.
“Илон-балиқ китоби” антологиясини тайёрлашга ҳам шу истак сабаб бўлди. Илон – шарқда донишмандлик тимсоли. Балиқ – шаффофлик рамзи. Зотан, донишмандлик ила шаффофлик уйғунлашса, бемисл қудрат касб этади.
Лойиҳамиз тўғрисида кичик хабар Ўзбекистонда чиқадиган “Жаҳон адабиёти” журналида босилди. Сўнгра эса лойиҳа мазмуни хусусида дунёнинг кўпгина мамлакатларига хабар жўнатдик. Шундан сўнг кўплаб шоирлардан илон, балиқ ёхуд шу жониворларнинг номи ишлатилган шеърлар кела бошлади. Шу аснода антология тайёр бўлди.
Шеър – гўзаллик тили. Бу тилни ўрганиш учун луғат қараш шарт эмас. Истак ва эътиборнинг ўзи кифоя.
Лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳаза билдирган дунё шоирларига ташаккур изҳор этамиз.

Ушбу антологияни сақлаб олиш учун ҳавола: “Илонбалиқ” (Fish and snake) халқаро антологияси