“Илонбалиқ” – танишув китоби (“Ҳуррият” газетаси)

Адабиётимизнинг йирик вакилларидан бири Абдулҳамид Чўлпон “Улуғ ҳиндий” мақоласида Шарқ ва Ғарб адабиётини ўзаро туташуви жоизлигини таъкидлаган эди. Зотан, бир вақтлар Гёте ҳам шу фикрда бўлган. Бинобарин, у Шарқ мумтоз шоирларини ўзига устоз санаган.
Бугунги кунга келиб Чўлпон ҳамда Гёте орзулаган муштараклик воқеликка кўниб, Шарқ ва Ғарб адабиёти ўзаро яқинлашмокда.
Ўша яқинлашув шеъриятда усул ўзгаришларида намоён бўляпти. Ўзбек шоирлари ҳам модерн, постмодерн усулларида қалам тебратишялти. Аксари Ғарб ижодкорлари эса Шарқ мумтоз шоирлари шеъриятидан таъсирланиб ғазал ёзишяпти. Шунингдек, бу хусусият ноширчиликда рўй бераётгани ҳам қувонарли ҳол.
Яқинда “Муҳаррир” нашриётида антология “Илонбалиқ” китоби ёруғлик юзини кўрди. Мазкур китобга “Илон” ёки “балиқ” сўзлари ишлатилган шеърлар жамланган. Бирор мавзуга бағишланган шеърларни тўплаб антология тузиш Ғарбда анъанага айлангани яхши маълум. Эндиликда, ўзбек ноширлари ҳам шу ишга қўл уришяпти. “Илонбалиқ” китоби ана шу йўлдаги илк тажрибадир.
Антологияни шоир, таржимон Аъзам Обидов нашрга тайёрлаган. Китобдаги шеърларнинг бир қисмини Ойгул Суюндиқова ҳамда Нодира Абдуллаевалар рус ва инглиз тилидан ўзбекчага таржима қилишган. Ўзбек шоирлари шеърларини эса Аъзам Обидов инглиз тилига ўгирган. Шу тариқа мазкур антология юзага келди.
Антологияга шеърлари киритилган Кристофер Меррил (АҚШ), Паскаль Петит (Англия), Праяг Сайкиа, Рати Саксена (Ҳиндистон), Вивьен Пламб (Янги Зеландия), София Безжинска (Польша), Самми Оке Акомби (Камерун), Маркус Ҳедигер (Швейцария), Маунг Та Ноэ (Бирма), Газо Йошимасу (Япония)ларнинг таниқли шоирлар эканлиги китоб ниҳоясидаги маълумотномада баён қилинган.
Ҳиндистонлик шоир Праяг Сайкиа ўзбек адабиёти ихлосмандларига яхши таниш. Унинг шеърлари республикамиз матбуотида эълон қилинган. П.Сайкиа 2007 йилда ўзбек шеърияти антологиясини ассам тилига таржима қилиб Ҳиндистонда нашр қилдирган.
Хуллас, ушбу антологияни танишув китоби деб аташ мумкин. Ушбу китоб орқали жаҳоннинг ўн етти мамлакатида яшовчи шоирлар ўзаро танишдилар.
Антологияга республикамиздаги ижодкорлардан Ҳусниддин Шарипов, Рауф Парфи, Баҳром Рўзимуҳаммад, Муҳаммад Ғаффор каби шоирларнинг шеърлари киритилган.
XXI асрни бежизга ахборот асри дейишмайди. Инчунин, интернет орқали жаҳоннинг турли мамлакатларида яшовчи инсонлар қисқа фурсатда бир-бирларининг аҳволи, миллий маданияти, адабиёти, санъатидан воқиф бўлишади. Алалхусус, Шарқу Ғарб шоирларини қизиқтирадиган мавзуда антологиялар тайёрлаб, нашр қилдиришни замоннинг ўзи тақозо этаётир.

Одинабону ҚУЛМУРОДОВА,
ЎзДЖТУ академик лицейи талабаси

Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: “Илонбалиқ” – танишув китоби (“Ҳуррият” газетаси)