Самарқандга ижодий сафар

Бир гуруҳ хорижлик ижодкорлар – Самарқандда

Бугун Самарқандга бир гуруҳ ёзувчи, шоир, рассом, ҳайкалтарош ва таржимонлар келди. Улар Австралия, Болгария, Дания, Испания, Исроил, Қозоғистон каби қатор давлатлардан ташриф буюрган ижодкорлардир. Уларнинг мамлакатимизга, қадимий Самарқандга келганлигидан кўпчилик, айниқса расмий доиралар бехабар қолишган бўлса, ажабланмаслик керак. Чунки бу ташриф фуқаролик ташаббуси, сайёҳликнинг янги тури – ижодий туризм доирасида амалга оширилди.

Ўзбекистон адабиёти ва санъатини дунё билан боғлашга интилаётган ажойиб ватандошимиз Аъзам Обидов том маънода Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ижодий ташкилотлар амалга ошириши лозим бўлган ишни муваффақият билан бажармоқда. Унинг ташаббуси билан бундан бир йил аввал “Ёзувчи\рассом\ маданият ходими резиденцияда” дастури ҳаётга тадбиқ этила бошланган эди. Унга ўндан ортиқ давлатдан ижодкорлар иштирок этиб, юртимиз бўйлаб сафарда бўлишди, ўз ҳамкасблари билан дўстона ва ижодий ҳамкорликни йўлга қўйишди.

Самарқандда меҳмонларни рассом ва шоир Аҳмад Умаров ўз хонадонида кутиб олди. Меҳмонлар бу ерга таклиф этилган маҳаллий ижодкорлар билан танишди. Улар бу учрашув келажакдаги ўзаро алоқалар учун кўприк вазифасини бажариши мумкинлигини таъкидлашди. Улар эртага кўҳна шаҳримиз билан танишади, ижодкорлар билан учрашади.

Тошпўлат Раҳматуллаев