Бошқа ҳамма!

Волонтёрлар, дўстлар, оилаларимиз ёрдамида бешта дастур, ўндан ортиқ давлатдан қирққа яқин шоир, ёзувчи, рассом, таржимон ташрифи, минглаб ўқувчи ва талаба, ўнлаб ижод аҳли билан мулоқот, маҳорат мактаби, тил курслари, таржима, антология, чет элга ижодий сафар, алмашув, борди-келди, ижодий туризмга йўл очдик! Атрофимизга аслида энг муҳим иши шундай фаолиятни йўлга қўйиши керак бўлганлардан бошқа ҳамма йиғилди! Улар бизни кўриб-кўрмаганга, билиб билмаганга олиш илмини янада ошириш билан бандми эдилар? Яшасин, мустақил лойиҳалар!

Ўрнингизда бўлсам…

Энг аввало инглиз тилини ўрганардим! Бепул жойлар, китоблар ва онлайн ресурслар бор, вақтингиз борми, шоирим? Бошқа соҳалардаги каби, адабиёт, санъат соҳасида ҳам ҳамма ўз ишини қилаётганга сираям ўхшамайдур, ҳатто ким, нима қилаётганини билиб бўлмайди. Беҳуда жойни банд қилиб, керишиб, керилиб ётганлар сон мингта! Ҳар бир катта-кичик шоир, ёзувчи, рассом асарлари таржима қилинишини истайдур, аммо ўзи бирор чет тилини ўрганишга қунт қилмайди. Ўзбек тили ва ё дунё билишни истаган энг яхши анъана, маданият ё адабиётимиз намуналарини эса тарғиб қилиш нималиги тушига ҳам кирган эмас. Чет элда, “Амазон”да китоби чиққанидан қувонган ёзувчим, ўзингиз қачон чиқасиз чет элга?! Бепул инглиз тили курслари ташкил этсам, ўн нафаргина ўзбек ижодкорини топиб бера оласизми? Қачон университетлар адабий агентлар, маданий лойиҳалар координаторлари етиштиришга ўтади? Қачон ташаббусларимизни юқтириб оласиз?

Музей-мозий?

Музей сўзи “мозий”данми олинган ё аксинча? Адабиёт уй-музейлари қаерда жойлашган, қандай тадбир ўтказяпти, ким билади? Қайдасиз, дунёга чиқишни, чет эллик ҳамкасблар билан дўстлашишни истаган саховатли, очиқ юзли ижодкор ўзбегим, деб излаб юргандан кўра, тайёр уй-музейларига чет эллик ижодкорларни олиб келсак, ўша уйларда яшаб, адибларимизни таржима қилдирсак осонроқмасми? Адабий учрашув, мушоира, рассомлар кўргазмаси каби тадбирлар уюштириб, уй-музейингизни яшнатиб, гавжум жойга айлантириб юборишимизни истамайсизми, ё оддий бир тадбиргаям юқоридан рухсатнома олиш керакми?!

Тил байрами ва Навоий

Чет элликлар, элчиларни ўзбек тилида гапиртириб, тил байрамига “совға тайёрлаш” урфга айланмоқда. Навоийни хорижликларга инглиз тилида ўқитиб, ўзбек адабиёти ва тилини ўрганишга иштиёқ уйғотсангиз, қандоқ бўларкин, ўртоқлар? Китоб керакми? 3000 нусхада чет элда чиққан “Фарҳод ва Ширин” қайга кетди, деб сўранг!

Қайси меҳмонхонадасизлар?

Деб сўрайди тадбирга таклиф қилган университет ходими. “Чет эллик ёзувчи/рассом Ўзбекистонда резиденцияда” (UzLAB) деган дастур бу. Меҳмонхона эмас, ўзбек адиби, рассоми уйида бирга яшаб, ижод қилишмоқда чет эллик ижодкорлар. Уйи, оиласи бор, мулоқотга очиқ, инглиз тилини биладиган ва ё ўрганишга иштиёқманд яна шунақа ўзбек ижодкорини билсангиз, анчадан буён излаб юрганимизни айтиб қўйинглар!

“Бошингизни оғритиб нима қиласиз?”
“Ўзи сизга нега керак бу лойиҳа?” – сўрайди маҳаллий ҳокимиятдаги кичик мулозим. Бизга эмас, сизга керак! Биз тўлаётган солиқлар ҳисобига ўнқир-чўнқир йўлларимизни тузатинг, канализация ва санитария жойларини тўғирланг, маданият ва адабиётимизни дунёга олиб чиқишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлагани учун тадбиркорларга солиқ ва бошқа тўловлардан енгиллик берувчи қонун қабул қилинг! Агар йўқотишдан қўрқиб, ёпишиб қолган ўриндиғингизга тўғри ўтказишган бўлса, албатта!

Бу лойиҳа

Шунинг учун ҳам муваффақиятли ишлаяптики, халқимиз учун айни пайтда жудаям зарур бўлган ва ўзимиз яхши кўрган нарсаларни бошқалар билан бўлишишдай тоза ниятимиз бор! Биз шамолмиз: дунё ижодкорларини бирлаштириш ва дўстлаштириш орқали қалбларга илиқлик олиб кириш, қўлдан келганча дунёни сал бўлсаям яшаш учун яхшироқ маконга айлантириш, Яратган розилигини топишга умидвор тонг шамолимиз!

Бу галги дастуримиз видео, газета, сайт, телеёритмаларини мана бу ерга жойладик:

http://azamabidov.uz/?p=2688
http://azamabidov.uz/?p=2686
http://azamabidov.uz/?p=2680
http://azamabidov.uz/?p=2675
http://azamabidov.uz/?p=2673
http://azamabidov.uz/?p=2671
http://azamabidov.uz/?p=2669
http://azamabidov.uz/?p=2662