Three Poems by Rati Saxena in Uzbek

РАТИ САКСЕНА, ҳинд шоираси

 

Илоҳий дуо

 

Ишқи теран бўлур мосуво

Таралганда илоҳий дуо.

Қўнса хаёлга севги байти

Гуноҳ ўлур ибодат пайти.

Ишқ ичинда дуо бўлса гар,

Буюк ҳеч не йўқдур у қадар!

 

Чумоли қанотлари

 

Чумолига қанот битмаган, дерлар,

Ҳатто бўлганда ҳам учолмасди у.

Шундоқ экан, чекмоқ азият нечун,

Қанотли бўлмоққа на керак қайғу?

Ўлим опичлайди қанотларига,

Аммо парвоз демак ўлимнинг ўзи.

Учишни бошлади ўша чумоли,

Хира тортар яшил чироқнинг туси.

Қанотини эгар жанубга томон,

Шовқин ичра жимлик хаёли омон.

Учишни жо этиб ҳар ҳужайрага

Зарғалдоқ нур сари жонга қасдма-қасд,

Келгуси авлодга экиб кетди-ку

Парвоз уруғларин чумоли сармаст.

 

Дуо –қаҳқаҳа

 

Кулгу бу дуодур

Кўп оҳангга зор,

Ул оҳангда ялла

Ва қиқирлаш бор.

Кулгудан илоҳлар

Уйғонар чўчиб,

Аммо вақт бўйнидан

Олмишдир қучиб.

Қароқдан томади

Иккинчи нота,

Лаблар – иҳота.

Дуо – бу қаҳқаҳа

Яккам-дуккам барча

Дуога қарши

Ва менинг кулгумни

Беўхшов дея

Атолган бори ул

Худога қарши.

 

Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси