2019 йил учун мухтасар ижодий ҳисоботим: илтимос, бир кўз ташланг, нафақат катта-кичик қалам аҳли учун, балки тадбиркор дўстларимиз, умуман, Ўзбекистон ривожи ва очиқликка хайрихоҳ ҳар бир ватандошимиз учун керакли маълумот ва самимий таклифлар бор бу постда.
2019 йилги ижодхалтамни очиб, топганларим мана булар:
Йил бошида Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достони инглизча таржимаси қўлимга тегди: жуда сифатли нашр. Китобни чет элликларга, элчиларга тарқатилаётганини эшитдим.
Япониялик шоира Мори Кэй билан Навоий ғазалларининг япон тилига таржимасини амалга оширдик. Шоира ўз таржималаридан Ўзбекистондалиги пайтида мушоираларда, адабий учрашувларда қисқа ТВ-суҳбатларда ўқиб эшиттирди.
Февраль ойида Ҳиндистондаги “Dhauli Books” нашриёти директори, шоир Ману Дэш билан Навоий ғазаллари, “Фарҳод ва Ширин”, ўзбек шеърияти антологиясини инглизчада Ҳиндистоннинг Одиша штатида чоп этишни гаплашдим, насиб этса яқин йилларда чиқарамиз.
Ҳиндистон, ЖАР, АҚШ, БААга сафарим давомида янги дўстлар орттирдим, шоир, ёзувчи, рассом, маданият ходимларини резиденция дастуримизга Ўзбекистонга таклиф этдим.
Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга сафаримда ижодкорлар билан кўришиб, Марказий Осиё адабиёти ва санъатини ягона минтақа сифатида дунёга олиб чиқиш ҳақида гаплашдим, Марказий Осиё “Шенген”и очилиши заҳоти резиденция дастуримизни минтақамиз бўйлаб кенгайтириш, хорижлик ижодкор энди фақат Ўзбекистонга эмас, биратўла Қирғизистон ва Қозоғистонга, кейинчалик Тожикистон ва Туркманистонгаям келишини, дастуримиз камида бир ой давом этишини келишиб олдик.
Йил бошидан октябрь ўрталаригача 12 мамлакатдан келган 40 қа яқин чет эллик ижодкорни тўртта “Чет эллик ёзувчи/рассом резиденцияда” (UzLAB) махсус дастури орқали 10 кундан 15 кунгача олиб келиб, бутун Ўзбекистон бўйлаб ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, суҳбат клублари, таржима сабоқлари ва тарихий жойларга саёҳатларини ташкиллаштирдик. Бу тадбирларда марказ ва чекка қишлоқларда яшовчи бир неча юз мактаб ўқувчилари, талабалар, ижодкорлар ва уларнинг оилалари иштирок этди.
“Ижодкор-ижодкор учун” лойиҳа доирасида чет эллик шоир, ёзувчи ва рассомни ўзбекистонлик дўстлари билан боғладик, бир-бирларининг асарларини таржима қилиниши, босилиши, рассомлар кўргазмаларини ташкиллаштиришга эришдик.
Хорижлик ижодкорларни ҳам ўзаро бир-бири билан айнан Ўзбекистонда боғладик. Резиденция дастуримизга келган чет элликлар ватанига қайтгач бир-бириникига меҳмонга, фестиваль ва адабий тадбирларга боришига, асарларини таржима қилиб, чоп этилишига йўл очдик.
Август ойида бир гуруҳ ўзбек ижодкорининг Болгарияга сафарини, ижодий учрашувлар, кўргазмалар, фестивалларда иштирокини таъминладик, ўзбек-болгар адабий-маданий алоқаларини йўлга қўйдик, бундай ижодий алмашув ва борди-келдини ҳар йили амалга оширишни келишиб олдик.
Октябрь ойида резиденция дастуримизда қатнашган чет эллик ижодкорларнинг таассуротлари жамланган кичик альманахини тайёрладик.
Ўзбекистонда “зиёрат туризм”, “гастрономик туризм” каби терминлар мавжуд эди, биз бу йил “ижодий туризм” деган тушунчани истилоҳга киритдик.
Ижодкор-туристнинг оддий турист ё инфлюэнсердан фарқи шуки, у ўзбек халқи, маданияти ва санъати ҳақида бир-икки кун эмас, бир умр бошқаларга сўзлаб юради, таассуротларини бадиий асарларига киритади, шу тариқа ўзбек номини, бевосита бизнинг ўрганса арзийдиган қадрият ва дунё билан бўлишиш мумкин бўлган қирраларимизни йўл-йўлакай улашиб бораверади. Бу нарсани йил бўйи дастуримизга келган иштирокчилар мисолида кузатиб бормоқдамиз.
“UzLAB English Club” суҳбат клубини очдик. Инглиз тилини мустаҳкамлашни истаган ижодкорларни даврамизга, ҳар шанба куни соат 10 дан 13 гача Тошкентдаги Юдаков уй-музейида ўтаётган инглизча сабоқларга таклиф этамиз.
Бундан ташқари, бу йил ўнлаб шоир ва ёзувчиларнинг асарларини инглиз, немис тилларидан ўзбекчага таржима қилдим. Ўзимнинг шеърларим ҳинд, одиа, ассам, озар, тамил, болгар, француз, япон тилларига ўгирилди, Сингапур, Болгария, Озарбайжон, Ҳиндистонда газета, журнал ва альманахларда босилди.
Энг асосийси, мустақил кичик ижодий лойиҳамиз орқали, ўнлаб волонтёрлар кўмаги билан бир йил ичида ўртача 40 нафар чет эллик ижодкорни олиб келиб, улар орқали Ўзбекистонга хориждан тахминан 200 миллион сўм маблағ киришини таъминладик.
Бу йилги ижодий муваффақиятларга эришишимизда беғараз ёрдам ва маслаҳатларини аямаган, ҳорма, бор бўл, деб руҳлантириб, қўллаб турган барча дўстларимизга, хусусан резиденция дастуримизнинг хорижлик меҳмонларига бағрини кенг очган, ўз уйидан жой берган, алоҳида учрашув ва тадбирлар қилиб, даврамизни қизитган ижодкорлар Нусрат Раҳмат, Дилбар Саидова, Аҳмад Умаров, Шаҳодат Исахонова, Гулнора Раҳмон, Хосият Рустамова, Қўчқор Норқобил, Мурод Човуш, Жумагул Сувонова, Маҳмуджон Эшонқулов, Гулноза Одилова, Муаззам Иброҳимова, Нигора Абдуқодирова, Меҳриноз Аббосова, Гули Мурод, Дилфуза Комил, Фарида Афрўз, Гулчеҳра Бону, Нигора Умарова, Баҳром Рўзимуҳаммад, Сайёра Хоразмия, Учқун Турсунов, Ёқутхон Ботирова, Шарифа Маннопова, Анора Содиқова, Авазхон Узоқов, Абдувоҳид Очилов, Музаффар Ҳайитов, Нозима Тошпўлатова, Дилфуза Собирова, Наргиза Асадова, Меҳрож Бобомуродов, Собиржон Ёқубов, Анваржон Ўринов, Озода Нурмирзаева, Хайрулла Исоқов, Улуғбек Рўзиматов, Қаримберди Тўрамурод, Шавкат Музаффар, Шермурод Субҳон ва бошқа кўплаб замонамиз қаҳрамонларига минг раҳмат дейман! Қолаверса, йил давомида ёнимда туриб, ижодий фаолликка ундаб, биз билан баравар куйинган ва суюнган Онажоним ва Дадажоним, рафиқам Нодирахон ва ўғилларимга, опажоним Ферузахон, сингилжонларим ва ака-укаларимга ташаккур! 2019 йили биз Ўзбекистонда адабиёт ва санъат соҳасидаги энг яхши волонтёр-талабгорлар бўлдик! Самимиятимизга кўз тегмасин!
2020 йил режалари
2020 йил учун бу йилгидан ҳам каттароқ ва янада фойдалироқ режалар тузиб қўйдик.
Апрель ойида 15 кунлик резиденция дастуримизга 10 та мамлакатдан 20 нафар шоир, ёзувчи, рассом келади. 2020 йили ўртача 50 нафар хорижлик ижодкор таклиф қилиш ниятидамиз.
Асосий резиденциямиз ва тадбирларимиз водийда, хусусан Наманганда бўлиши кутилмоқда. Наманганни ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига қўшиш ҳаракатидамиз. Наманган вилоят ҳокимлигига бу борада ёзган хатимиз беэътибор қолмади, ҳокимият вакили қўнғироқ қилиб, ҳоким ҳам ҳар қандай ёрдамга тайёр эканлигини билдирди.
Наманганда оиламиз ёрдамида кичик халқаро ижод уйи ва халқаро адабиёт музейи барпо этишни бошлаб юбордик. 2020 йил апрелда бу жойда илк халқаро резидент-ижодкор истиқомат ва ижод қилади.
Резиденция дастуримизни йил бўйи давом этишини кўзлаб, Чуст туманидаги Ғова қишлоғида махсус “Халқаро ижод маскани” тузишни ўйлаяпмиз. Ёз ойларида чет эллик ижодкорлар, рассомлар у ерда таътилга чиққан мактаб ўқувчилари, талабалар билан ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, ёш ижодкорлар учун чет тили курслари ўтказиши, шоир ва ёзувчиларимиз асарларини хорижий тилларга таржима қилишини кўзлаяпмиз.
Адабиёт уй-музейларини фаоллаштириш, резиденция дастуримиз билан боғлаш ниятимиз бор. Масалан, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Қодирий, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф ва бошқа таниқли адибларимиз уй-музейларига хорижлик ижодкор ва таржимонларни олиб келиб, шу жойда яшашга шароит яратиб, адибларимизнинг асарларини хорижий тилларга таржима қилинишини йўлга қўйишни режалаяпмиз.
Янги йилда бизнес одамлари, тадбиркорларни адабиёт ва санъатни, хусусан чет эллик ёзувчи/рассом резиденция дастуримизни молиявий қўллашга таклиф этиш ниятимиз бор. 15 нафар хорижлик меҳмон учун биргина дастуримизнинг мамлакатимиз ичидаги харажати тахминан 50 миллион сўмни ташкил этади. Бундай лойиҳалар учун бюджетдан бир сўм ҳам сарфламай, талабгор-волонтёр ва тадбиркорлар кўмагида янада кенгайтиришни истаймиз. Маданият, санъат ва адабиётни моддий қўллаб-қувватлаган бизнес компаниялари ва хусусий тадбиркорларга тегишли қонуний имтиёзлар тақдим этилишига эришишни кўзлаяпмиз.
2020 йилда ўзимнинг ҳам янги шеърларим, митти ҳикояларим, ўзбекча таржималарим, 20 дан ортиқ чет тилига таржима қилинган шеърларим жамланган бир нечта китоб нашр этишни ўйлаяпман. Инглиз тилида қоралаганларимни алоҳида китоб қилиш ниятим бор. Аввалги босма ва электрон китобларим, шунингдек, таржима асарлар, резиденция дастуримизга оид митти видеолар ва халқаро ижодий алоқаларга доир барча маълумотларни www.azamabidov.uz сайтида кўриш ва ўқиш мумкин.
###
Ўзбекистон адабиёти, маданияти ва санъатига масъул ташкилотлар фаолиятига тезкор назар ва янги йилда улар ишини жонлантириш ҳақида яна бир бор самимий таклифлар
Бу йил ҳам Ёзувчилар уюшмаси, “Ижод” фонди, Ахборот ва коммуникация агентлиги, Бадиий академия, Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси каби адабиёт, маданият ва санъатимиз, китоб чоп этиш ва унинг тарғиботига масъул ташкилотлар халқаро муносабатлар, халқаро китоб байрамлари ва кўргазмалар ўтказишда, чет эллар билан боғланиш ва ижодий алмашувда сусткашлик қилди. Хусусан, Ёзувчилар уюшмасининг бу борада нима иш қилгани, режалари қандай эканлиги мавҳумлигича қолди. Агентлик октябрда зудлик билан ўтказган халқаро китоб байрами паст савияда ташкиллаштирилди. Умуман, адабиёт, санъат соҳасида давлат ва мустақил лойиҳаларнинг ўзаро ҳамкорлиги, бир ёқадан бош чиқариб маданият, санъат ва адабиётимизни тарғиб қилиши учун етарли шароит яратилмади, илғор ташаббус эгалари, жўяли таклифлар айтаётган устозлар тамоман инкор ва игнор қилинишда давом этди. Адабиёт, санъат, маданият муассасалари, адабиёт ва уй-музейларининг веб-сайтлари ночорлигича қолди ё умуман мавжуд бўлмади. Оддий мисол: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси расмий вебсайтидаги “Ижод” фонди деган бўлимга киринг, нима қилаётгани ҳақида ҳисобот тугул, ҳатто бир дона ҳам саҳифа мавжуд эмас: http://ijod.uz/uyushma/index .
Айрим ёзувчи ва шоирларимиз ижтимоий тармоқларда анча фаол бўлгани билан, юзма-юз суҳбат ва учрашувларга очилиши жуда қийин бўлди, фойдалироқ адабий лойиҳалар устида биргаликда ишлашга даъват қилиш ниятида атайин тақдимотлар, учрашувлар ташкил этишимизга қарамай, фақат онлайн ҳайбаракаллачилик давом этди.
Бир гуруҳ қалами ўткир ёш ижодкорлар майдонга чиққандай бўлди, аммо гуруҳбозлик яна авжига ола бошлагани сезилди. Кўп ёшлар ўз келажагини уюшмага аъзолик, ўша ерда бирон масъул лавозимга тиркалишда кўриб, боши берк кўчага кириб қолаётганини сезмади. Йил давомида ижодкорлар ўртасидаги тарқоқлик янада авж олди.
Адабиёт ва санъат ривожига масъуллар билан очиқ-ойдин суҳбатлар қилинмади, матбуотда жиддийроқ, батафсилроқ интервьюлар кўринмади, уларни ТВ, радио, халқаро пресс-клубга очиқ мулоқот, жонли эфирга олиб чиқилмади.
Бундан буён, бошқа соҳалардан талаб қилишни ўрганаётганимиз қатори, ҳар хил ижодий уюшмалар ва жамғармалардан ҳам ҳаммамиз тўлаётган миллионлаб солиқларни нимага, қандай, кимга сарфлаётганини албатта сўрашимиз ва жавобгарликка ундашимиз шарт!
Айни пайтда масъул ташкилотлар Ўзбекистоннинг адабий, маданий ривожини сал олдинга суришга, ривожига ярайдиган кучга ва етарли кадрларга эга эмас! Негаки, улар мустақил ва фаолият юритишда эркин эмас! Жаҳондаги илғор тажрибага кўра, адабиёт ва санъат мустақил бўлмаса, бунинг учун тегишли қонунлар қабул қилинмаса, ҳечам ривожланмайди!
Агар адабиёт ва санъатимиз ривожланиш йўлига киришини, жаҳон адабиёти ва санъати майдонида сал бўйимиз сезилишини истасак, ҳозирги форматдаги ёзувчилар уюшмаси, бадиий академия ва уларнинг қошидаги ижодий жамғарма(лар)дан воз кечиш, уларнинг ўрнини ҳар ишига жавобгар, аниқ мақсадли, зарур ижодий лойиҳаларни амалга оширишга камарбаста, адибларимизнинг ёзганларини, рассомларимизнинг чизганларини мамлакат ва чет элда тарғиб қилишга қодир мустақил адабий, маданий агентлар, илғор ижодий лойиҳалар координаторлари, ташаббускор кадрларга бўшатиб бериш шарт! Бундай кадрлар етишмаса, юқоридаги ташкилотларга ажратилаётган маблағни зудлик билан янгича ишлай оладиган, бир неча хорижий тилни ўрганадиган, юрагида ўти бор кадрлар тайёрлашга йўналтириш лозим.
Ўзбекни дунёга танитишнинг энг яхши йўлларидан яна бири ўзбек ижодкорларини чет элларга дипломат, элчи, ҳеч йўқ маданият атташеси этиб тайинлаб, хориждаги элчихоналаримизда ишлашга юборишдир!
Ёш шоир ва ёзувчи ука-сингиллар, шунча йил ўқиб, ҳадеб газета, радио-ТВда ишлашни ўйламай, мундоқ хорижий тилларни пухта ўрганиб, дипломатия соҳасигаям ўзларини уришса яхши, Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчиси, ташқи ишлар вазири бўлишга интилишса, довруғлари камида Чингиз оғаникидай бўлса қани!
Эсимизда бўлсин, нодавлат, мустақил ва волонтёрлик ташкилотлари амалга оширган ишларнинг салмоғи халқ ва Ватанимиз учун ҳар доим давлатга қарам муассасаларникидан фойдалироқ, беминнатроқ бўлади! Мустақил лойиҳаларнинг иши ҳам осон, йўли ҳам равон. Шундай экан, уюшмага, бадиий академияга аъзолик, у ерда бирор лавозимга тикланиш ҳақида эмас, альтернатив мустақил, каттароқ лойиҳалар очиш ҳақида ўйлаб, адабиёт ва санъатимизни эркинлаштирсак, шу ишни қилаётганлар даврасига қўшилсак, чин жонланиш йўлига тушган бўламиз! Камина ва атрофимдаги ўнлаб волонтёрлар адабиёт ва санъатимизнинг мустақиллиги учун овоз берамиз ва келгуси йилларда ҳам шу йўлдаги беминнат ҳаракатимизни давом эттирамиз! Сиз-чи?
Аъзам Обид
Ўзбек адабиёти, маданияти ва санъатини дунё билан бўлишишга бел боғлаган
оддий волонтёр