“Илҳом” фонди” – шундай жамғарма ҳам борми ҳали?

“Илҳом” фонди” шундай жамғарма ҳам борми ҳали? (1-қисм)

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби Фозил Фарҳод билан самимий суҳбат

Фозил Фарҳод

Аъзам Обид: – Фозилжон, учрашув ва суҳбатга рози бўлганингиз учун сизга яна бир бор раҳмат! Чунки юзма-юз кўришишнинг гашти бўлак, Интернетдан ёзишиш, онлайн суҳбат қилиш бошқа. Зеро, бу ҳар томонлама фойдали, хусусан, мен бундай мулоқотни соғинаман. Менинг адабиётдаги, ижоддаги позициям шуки, адабиёт, санъат эркин бўлиши керак. Тўғриси, Ёзувчилар уюшмаси, “давлатнинг тили” бўладиган, давлатни фақат яхши томондан кўрсатиб берадиган уюшмаларга кўпам хушим йўқ. Мана, Сиз Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби бўлиб ишга ўтганингизга ярим йилча бўлибди. Ўтган вақтда уюшманингФейсбук саҳифаси,телеграм каналини очдингиз, анчагина постлар, мақолалар беряпсиз. Мен уюшма ишини ичидан билмасам ҳам, бундай ижтимоий тармоқда фаоллик йўлига ўтганини аввал кўрмаганман. Уюшма ичида туриб, ижодкор сифатида нималарни ўйлаяпсиз? Сиз истаган муҳит бормикан у ерда, ижод учун, ишлаш учун?

Фозил Фарҳод:– Ишимиз жудаям қизиқ.Матбуот хизматида тўрт кишимиз–етакчи мутахассис Зулайҳо, фотографАҳмаджон,“айтишник” Баҳодир ва мен. Бошида Ахборот хизматимизнинг номи“Медиа марказ”эди, мен келганимдан кейин Ахборот хизматига айлантирдик.Менгача бўлимимиз иккинчи қаватдаги кичик бир хонада жойлашганди, энди пастки қаватда ҳаммамизнибирлаштирган каттагина хонамиз бор. Фейсбук саҳифамизда 4000 дан ортиқ дўстимиз бор. Телеграм каналимизнинг 800 аъзоси бор. Албатта, ҳали анча ишлашимиз, аъзолар сонини кўтаришимиз керак.Ijod.uz сайтимизни янгидан ишга туширдик, контентини тобора тўлдириб боряпмиз.

Ахборот хизмати таркибида студия очмоқчи бўляпмиз. Унда ёзувчи, шоирларнинг асарларини ўзларига ўқитиб, монтаж қилиб, сайтимизга қўйиш ниятимиз бор. Аудио, видеоматериаллар – эшиттиришлар, роликлар, кўрсатувлар, ҳужжатли филмлар қилишни ўйлаяпмиз.

А.О.: – Ёзувчилар уюшмасининг энди ўз биноси бор.

Ф.Ф.: – Ҳа, ҳозир ижарада эмас, бинода уюшма муассислигидаги журналлар таҳририятлари, “Илҳом” жамоат фонди жойлашган.

А.О.:– Шунақа номдаги фонд борми? Ё “Ижод” фондини айтяпсизми?

Ф.Ф.:– “Илҳом”алоҳида фонд, Ёзувчилар уюшмаси билан боғлиқ эмас.Негадир биномизда жойлашиб қолган. “Ижод” жамоат фондимиз бор, у уюшма таркибида.

А.О.:– Ижтимоий тармоқларда гоҳ-гоҳ Ёзувчилар уюшмаси нега керак, бунақа ташкилотни ёпиб юбориш лозим, деган гаплар айланади. Мен ҳам, яхши тасаввурга эга бўлмаганим учун, нега керак ўзи бунақа ҳаракатсиз ташкилот, дейман. Сиз олти ойдан бери ишлаяпсиз: уюшма албатта керак, дейишингиз табиий. Шундай дейиш учун қандай аргументлар келтира оласиз? Балки у ўз фаолият шаклини ўзгартириши керакдир? Ё одамлар билмаётган катта ишлар қилаётгандир-у, кўрсатиб бера олмаётган бўлса, эҳтимол?

Ф.Ф.:– Ишга келишимдан аввал ҳам уюшма фаолияти билан таниш бўлганим учун айтаманки, у жуда зарур ташкилот. Масалан,ёш ижодкорларни қувватлаб, китобини чиқариб беради. Менинг биринчи китобим ҳам 2015 йили уюшма тавсияси билан “Ижод” жамоат фонди молиявий кўмагида чиққан.Ўз ҳисобимдан 20 мингта тиражли китоб чиқара олмасдим.

А.О.:– 20 минг тираж жуда катта сон Ўзбекистон шароитида. Ҳақиқатда ҳам шунча тиражда чиққанми?

Ф.Ф.:– Ҳа, чиққан. Мен мактабларга борсам, биринчи уюшма чиқарган китобларни сўрайман, ўтган йили Бўка туманидаги чекка бир мактабда ўзимнинг китобимни кўрдим. Бу йил 22 нафар ёш ижодкорнинг китоби 10 минг нусхадан чиқди. 20 минг тиражда босилган китоблар фақат лотин алифбосида эди, бу галгиси эса ҳам лотин, ҳам кирилда. Менинг китобим Муҳаммад Али уюшма раислиги пайтида чиққан. Илгари “қора тун” деган образлар эмас, ёрқин образлар бўлиши керак эди. Мана, энди жиддий мавзулар кўтарилган асарлар босиляпти, масалан, Жавлон Жовлиевнингҳикояларини кўрсатишим мумкин, бугунги кундаги муаммолар ёритилган унда.

А.О.:– Яна нима ишлар қилади уюшма?

Ф.Ф.:– Турли серияда китоблар чиқди, чиқяпти.Шулардан бири “Адиб ва жамият”. Бу рукнда Эшқобил Шукур, Баҳодир Қобил, ШодмонқулСалом каби муаллифларнинг салмоқли китоблари чоп этилди. Ёзувчи, шоирларгақалам ҳақи берилади.2020 йилдан бошлаб бир ўтиришда ўқиладиган ихчам китоблар босяпмиз. Масалан, яқинда Баҳодир Каримнинг “Ўтган кунлар” ибрати” деган китоби чоп этилди.

А.О.:– Ҳозир уюшманинг неча нафар аъзоси бор?

Ф.Ф.:– 650 га яқин.

А.О.:– Ҳамма аъзоларни қўллаб-қувватлайдими уюшма?

Ф.Ф.:– Ҳа.

А.О.:– Уч-тўрт йил аввал бир вилоятга бориб, қалам аҳли билан кўришдим. У ерда уюшмага аъзолар кўп эмас экан, аммо қалам аҳлининг аксари аъзо бўлишни жудаям истайди. Бунчалик иштиёқ сабаби нима, деб сўрасам, аъзоларни мактаб, коллежларга таклиф қилишаркан, асарлари босиларкан, ўқувчилари кўпроқ бўларкан. Сизнингча, уюшмага аъзоликдан нима фойда бор? Уюшма аъзоси бўлмаса, у яхши ижодкор ҳисобланмайдими ?Масалан, мен уюшма аъзоси эмасман, дейман, ваҳоланки, 2005 йили Зоминда аъзо қилишганди, аммо қўлимда ҳужжатим йўқ. Тўғриси, менга аъзолик умуман керакмас. Айтинг-чи, бу аъзолик обрў ё тадбирларга жалб қилиниш учун керакми ё?

Ф.Ф.:– Аъзолик ижодкорга истеъдод қўшиб бермайди, албатта.Аммо масъулият беради. Мен аъзо бўлгач, ўзимга ўзим савол бердим:“Хўш, нима ўзгаради, нима бўлади энди?” Аъзо бўлиб, ҳеч нарса қилмаслик уят. Ҳамма аъзолар ҳам фаол деб айта олмайман. Ахборот хизматимизнинг 2020 йилдаги ниятларидан бири: аъзолардан ижодий режалари ҳақида сўраб, уларни мақола, суҳбат тарзида сайтимизда, Телеграм канал-у Фейсбукдаги саҳифамизда эълон қилиб бормоқчимиз. Аъзолик учун баъзи имтиёзлар бор, табиий.

А.О.:– Поликлиникасими?

Ф.Ф.:– “Дўрмон” ижод уйида чегирма асосида туриб, ижод қилиши мумкин.

А.О.:– Квартираям бериляптими ҳозир?

Ф.Ф.:– Ҳа, бу борадаги ҳужжатлар тайёр бўлиб қолди, арзонлаштирилган, ипотека асосидаги уйлар шу январь ё февралда бериб бошланса керак. Уйлар уюшма биноси яқинида.

А.О.:– Бепул эмас бу квартиралар, тўғрими? Кимга берилишини ким ҳал қилади? Ҳаммага етадими уйлар?

Ф.Ф.:– Йўқ, бепул эмас.Уюшманинг Тошкент шаҳридаги аъзолари кўпроқ ариза топширган. Вилоятдагилар ҳам бор. Бизга 110 та квартира ажратилган. Бу Президент қарорида кўрсатилган. Махсус комиссия бор. Кимга уй кераклиги ўрганиб чиқилди, уйи бор, йўқлиги, шароити аниқланди, шаффоф рўйхат шакллантирилди.Биринчи навбатда, уйга муҳтожлар, ёшлар олиши мумкин. Уйи борлар рўйхатдан чиқарилган.

А.О.:– Қанақадир имтиёз борми уй берилаётганларга?

Ф.Ф.:– Уй суммасининг 25 фоизини тўлаш керак аввалдан, 15 фоизга туширилади, деган гапларҳам бор. Мисол учун, 50 квадрат метруйга олдиндан 50 миллионча тўланади. Бир квадрат метрининг нархи 4 миллион 100 минг сўмдан. Лекин кредит 20 йилга берилади. Шу пулни ижарага тўлагандан кўра, албатта, ўз уйингизга тўлаганингиз яхши-да.

А.О.:– Албатта, бу ижодкор учун яхшигина қўллов. Аммо мен учун мукофот, поликлиника, моддий ёрдам, квартира, қалам ҳақи кабилар ижоднинг фақат ташқи томони, уюшманинг вазифаси эса ижодкорнинг ўзини ривожлантиришга кўпроқ эътибор ва шароит яратишга қаратилиши керак, деган фикрдаман. Ўзбекистонда ҳамма соҳада дунё тажрибасини ўрганиб, яхши нарсаларни олиб киришга ҳаракат қиляпмиз. Дунёнинг кўп жойларида биздаги каби Ёзувчилар уюшмаси мавжуд эмас, назаримда, у нодавлат, жамоат ташкилоти бўлгани билан ҳукумат овози бўлиб хизмат қилмоқда. Ё Сиз бу уюшмани ўз фаолиятида эркин, маҳаллий, халқаро алоқаларда тўсиқсиз, ё ҳукумат назоратидан ташқари фаолият юрита олади, деб айта оласизми? Иш юритиш учун маблағ қандай шакллантирилади ўзи?

Ф.Ф.:– “Ижод” жамоат фонди орқали. Унга нашриётлар пул ўтказиб туради. Аммо ҳаммаси ҳам эмас, пулни судлашиб олиш ҳолатлари ҳам бор. Ойликлар, командировкалар, ҳаммаси “Ижод” фонди ҳисобидан. Алоқаларга келсак, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Беларусь мамлакатлари билан алоқаларимиз яхши бўляпти.

А.О.:– Ўтган ойда қирғиз ёзучилари уюшмаси раиси Нурлан оға келганини кўрдим.

Ф.Ф.:– Қирғизистон билан муносабатларимиз яхшиланяпти. ЎшандаЎзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Қирғиз Миллий ёзувчилар уюшмаси билан меморандум имзоланди. Энди бир-бирларимизнинг китобларимизни ўз тилларимизда чоп этишни янада ривожлантирамиз.

(давоми бор)

###

Фозил Фарҳод (Жабборов) 1985 йил 26 августда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Бўйрабоб қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида бакалавр босқичини 2010 йил, магистр босқичини 2014 йили тамомлаган. “Мактуб”, “Кўклам куйи” номли насрий китоблари чоп этилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби ва “O‘zbekiston 24” телеканалининг биринчи тоифали муҳаррири вазифаларида ишлаб келяпти.

Аъзам Обид Наманганда туғилган. “Йўлимни пойлайди мўъжиза”, “Муҳаббат оқавер томирларимда”, “Соғинтириб кетгум қадамларимни” каби қатор бадиий ва таржима китоблари нашр этилган, асарлари 20 дан ортиқ дунё тилларига таржима қилинган. АҚШдаги Айова, Германиядаги Берлин адабиёт коллоквиуми, Швециядаги Биринчи халқаро таржимон ва адиблар конгресси, шунингдек, Европа, Осиё ва Америка қитъасида жойлашган ўнлаб мамлакатлардаги адабиёт, шеърият ва маданият фестиваллари иштирокчиси. Ўзбек ва инглиз тилларида ижод қилади.