Ёзувчи ва шоирнинг фаоллиги сиёсат ё Президент айтгани учун керакми? (2-қисм)
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби Фозил Фарҳод билан самимий суҳбат
А.О.:– Лекин илғор мамлакатлар тажрибасиниям ўрганиб, муносабат ўрнатяпсизларми? Адабиётимизни ривожлантириш йўлида нима ишлар қилиняпти?
Ф.Ф.:– Яқинда мен Кореяда бўлдим, у ердаям Корея ёзувчилар уюшмаси бор экан. Шин Донёнг деган шоир номига очилган шинам адабиёт уйини кўрдим. Пуё деган чеккароқ туманда. Шоирнинг уйи ҳам ўша адабиёт уйи олдида экан. Адабиёт уйи дизайниадибнинг “Адир” деган шеъридан олинган экан, бинонинг ёнбошидан тепага чиқиб кетаверсангиз худди адирга ўрлаётгандай бўласиз, аммо сиз бинонинг устида пайдо бўлиб қоласиз. Кенгашлар, учрашувлар, турли хил тадбирлар ўтказиладиган заллар, адабиёт уйининг бошқа хоналариадир айланасида жуда чиройли қурилган.
Умуман олганда, адабиётни ривожлантиришни фақат Ёзувчилар уюшмаси бўйнига қўймаслик керак. Мисол учун, Сиз Президентга ижод уйи очиш ҳақида таклиф киритгансиз, шу таклифни шахсан мен қўллаб-қувватлайман. Ижод уйлари очиш керак, фақатгина Тошкентдамас, албатта. Хусусий нималардир ҳам қилишни ўйлайлик. Ёки Наманганни ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритиш ҳақида таклифингиздан жуда хурсанд бўлдим. Адабиёт уйларини республиканинг ҳар бурчида очсак фойда.
А.О.:– Қандай қилиб, қайси ресурсларга очиш керак, деб ўйлайсиз? Таклиф бериш осон. Масалан, Зоминдаги Ёзувчилар уюшмаси дачасида очса бўладими?
Ф.Ф.:– Йўқ, у ерда уюшманинг дачаси эмас, Навоий кон-металлургия комбинатининг 150 ўринли санаторийси бор, унинг 50 ўрини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Бадиий академия аъзолари учун ажратилган, у ерга уюшма аъзолари арзон нархларда бориб, дам олиши, ижод қилиши мумкин.
А.О.:– Ижод уйларини очиш лозим, деяпмиз, шуни уюшма очиши мумкинми? Ё ким қилиши керак буни?
Ф.Ф.:– Сиз очсангиз, мен очсам бўлади. “Ўзбекистон Президенти Мирзиёев” китоби муаллифи Чо Чол Ҳёнмендан: “Қачон адабиёт уйи очмоқчисиз? Очсангиз қаерда очасиз?” деб сўради. Билмасам, очсам Сурхондарёда очаман, десам, сиз билан менинг кўзимиз очиқлигида шу ишни қилишингиз керак, дейди. Менимча, уюшмага адабиёт учун ҳамма нарсани қилиб берадиган ягона ташкилот деб қарамасдан, сиз, мен ва бошқалар ҳам бу ишда фаол бўлишимиз лозим.
А.О.:– Мустақил ташаббуслар биланми? Лекин ҳукумат барча қўллов ва маблағни уюшмага, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига беряпти. Агентликда китоб, китобхонлик, адабиётни тарғиб қилишга масъул алоҳида бўлим бор эди. Фонд ва кўмакни бошқа ташкилотлар олиб, уларнинг ишини мустақил ташаббуслар қилиб бериши керакми унда?
Ф.Ф.:– Яна айтаман. Уюшма ишламаётган ташкилот эмас, китоблар чиқраяпти, тадбирлар қиляпти, яқинда 2020 йилги иш режамизнинг лойиҳасини тайёрладик, бу йил ёзувчи-шоирларимизнинг юбилейлари жуда кўп, вилоятларда анчадан буён эсланмайдиган шоир ва ёзувчилар ҳам бор, уларгаям эътибор қаратиляпти.
А.О.:– Юбилей деганда нима назарда тутилади?
Ф.Ф.:– Шоир ё ёзувчининг меросини эсга олиш, китобларини чиқариш, хотира кечалари ўтказиш ва ҳоказо.
А.О.:– “Ижод” фонди ҳисобиданми?
Ф.Ф.:– Ҳа. Ва ё Қодирий уй-музейи, ижод мактабларининг очилиши.
А.О.:– Улар уюшма қошидами? Адабиёт музейлари-чи?
Ф.Ф.:– Йўқ, уюшма қошида эмас. Уюшманинг ўз музейибарпо қилиняпти ҳозир. Шу йилнинг биринчи чорагида унинг очилиши кўзда тутилган. Шу кунларда матнлар, суратлар, материаллар йиғяпмиз. Замонавий музей бўлади насиб.
А.О.:– Фозилжон, уюшманинг халқаро алоқалари ҳақида гаплашсак. Кореяга бориб қанча илҳом олиб келганингизни кўряпман.Уюшманинг 650га яқин аъзоси бор экан, ақалли 10 кишини чет элга малака оширишга, алмашув дастурлари, фестивалларга юборишни ўйлаяпсизларми?
Ф.Ф.:– Бундай нарсалар бор: икки йилдан бери Қирғизистон, Қозоғистон, Беларус ижодкорлари билан мунтазам алоқа қиляпмиз. Раисимиз Кореядан Зомин семинарига вакиллар жалб қилишни истаяпти.
Аммо мен адабиётнинг тараққий этишини кўпроқ мамлакат иқтисодига боғлиқ, деб ўйлайман. Ўзбек адабиёти билан қисман танишиш ва корейс адабиётини бизга қисман танитиш учун Корея Республикасининг Шин Донгёп адабиёт уйи менинг сафарим учун 3500 доллар сарфлади. Қаранг!
А.О.:– Сиз мезбон мамлакат ҳақида айтяпсиз. Ўзимизникилар-чи? Дунёда қанча-қанча яхши ижодий дастурлар бор. Аммо чет элда адабиёт ва санъат ривожи учун ҳукумат эмас, филантроплар, жисмоний шахслар ва бизнес ёрдамга келади. Мисол учун, Америкада қанча кўп хайрия қилсангиз, шунча кам солиқ тўлайсиз. Шу ғояни уюшма сифатида ҳукумат олдига қўя оласизларми? Бизда ҳам қонун қабул қилиб, маданият, адабиёт ва санъат ривожига маблағ берганларнинг давлатга солиқ улуши камайишига эришиш мумкинми?
Ф.Ф.:– Президентимиз 2017 йил ижодкор зиёлилар билан бўлган учрашувда сўзлаган нутқларида бу соҳада ҳам гапирди, “Дўстлар клуби” деган тушунчани илгари сурди. Ёзувчилар уюшмаси Халқ банки билан “Дўстлар клуби” тузган, банк моддий ёрдам беряпти. Уюшма қошидаги нашрларда ҳам бошқа компаниялар билан “Дўстлар клуби” бор. Ўтган йили бу клублар фаолиятини телевидениеда ёритдим.
А.О.:– Ўша фирмалар рози бўлиб ҳамкорлик қиляптими?
Ф.Ф.:– Қарс икки қўлдан чиқади. Манфаатли, рози бўлиб ҳамкорлик қилаётганлар бор, аммо норозилари ҳам йўқ эмас. Бундай “Дўстлар клуби” Бадиий академияда ҳам бор.
А.О.:– Халқаро алоқалар кучайса, ижодкорларимиз ривож топади, асарларитаржима қилинади, чет элга чиқади. Ҳозирги ҳукумат учун ижодкорнинг фаоллиги, ижодий муҳитнинг жўшқинлиги қанчалик муҳим?
Ф.Ф.:– Яқинда давлат раҳбари “Турон” кутубхонасида ижодкорлар билан учрашди. Ўшанда Президентнинг гап сўзларидан бугунги сиёсат учун ёзувчи, шоирнинг фаоллиги жуда кераклигини англадим.
А.О.:– Бунақа фаоллик Президент айтгани учун керакми?
Ф.Ф.:– Йўқ. Мисол тариқасида келтирдим ҳозир.Ўзбекистонга бўладиган ташқи, ички хуружлар, маънавий инқирозга ёзувчи-шоирлар қарши тура олиши керак. Замонавий адабиётни шакллантириш, миллатнинг келажаги, тақдири уюшма зиммасидаги масъулият, биз замонавий адабиётни яратишимиз керак. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Ибрат номидаги ижод мактаблари очилди. Ибратни яқин-яқингача биров билмасди. Ёки Хоразмда Огаҳий, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов, Жиззахда Ҳамид Олимжон ваЗулфия, Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева, Тошкентда Абдулла Қодирий мактаблари бор. Дунёда муқобили йўқ. Аммо уларнинг фаолиятини жадал йўлга қўйиш, коррупцияга аралашмаслик каби масалалар бор.
А.О.:– Қанчалик эркин бу ижод мактаблари?
Ф.Ф.: – “Ибрат” хорижий тилларга, “Ибройим Юсупов” қорақалпоқ тили ва адабиётига, қолганлари ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган кўпроқ. Бу масканларнинг битирувчилари ватанпарвар, тил ва адабиётни яхши ўзлаштирган, миллатни сақлаб қоладиган, бирлаштирадиган чин зиёлилар бўлиб тарбияланиши керак. Ижод мактаблари фақат адабиётни ривожлантириш учун эмас, унинг тагида сиёсатҳам бор.Мисол учун, инглиз тили таъсири, Ўзбекистонда рус тилли мактабларда 1 милионча боланингўқиши. Элитамиз болаларини рус мактабларига беряпти,ичимиздан емирилмаяпмизми?
А.О.:– Шу ижод мактаблари Ўзбекистон адабиётини дунёга танитадиган забардаст ижодкорлар етишишига замин яратиши мумкинми?
Ф.Ф.:– Навоий ижодий муҳитдан етишиб чиққан, ижодий муҳит шаклланса, ёшлар орасидан Қодирийлар,Ориповлар чиқади, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш керак. Зомин семинарида Ибрат мактаби болалари билан учрашдим, ўзбекчадан инглизчага таржималар қиляпти улар, кичиклигидан тарбия қилиб борилса, эртага етук таржимонлар етишиб чиқади. Уюшмабу мактабларни китоблар билан таъминлаяпти, очиқ дарслар қилиб беряпти, уларда уюшма аъзолари ҳам дарс беради. Бирдан натижа кўринмаслиги мумкин, улар бир ё икки йилда бизнесга ўхшаб самара бермайди, аммо узоқ йилларда ўз таъсирини кўрсатади.
(давоми бор, аввалги қисм мана бу ерда: http://azamabidov.uz/?p=2849 )
###
Фозил Фарҳод (Жабборов) 1985 йил 26 августда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Бўйрабоб қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида бакалавр босқичини 2010 йил, магистр босқичини 2014 йили тамомлаган. “Мактуб”, “Кўклам куйи” номли насрий китоблари чоп этилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби ва “O‘zbekiston 24” телеканалининг биринчи тоифали муҳаррири вазифаларида ишлаб келяпти.
Аъзам Обид Наманганда туғилган. “Йўлимни пойлайди мўъжиза”, “Муҳаббат оқавер томирларимда”, “Соғинтириб кетгум қадамларимни” каби қатор бадиий ва таржима китоблари нашр этилган, асарлари 20 дан ортиқ дунё тилларига таржима қилинган. АҚШдаги Айова, Германиядаги Берлин адабиёт коллоквиуми, Швециядаги Биринчи халқаро таржимон ва адиблар конгресси, шунингдек, Европа, Осиё ва Америка қитъасида жойлашган ўнлаб мамлакатлардаги адабиёт, шеърият ва маданият фестиваллари иштирокчиси. Ўзбек ва инглиз тилларида ижод қилади.