Наманганни Халқаро адабиёт шаҳрига айлантироламизми?

Наманган вилояти ҳокими

Хайрулло Бозоровга

Ассалому алайкум!

Муҳтарам ҳоким жаноблари,

Эътиборингизга “Ёзувчи/рассом/маданият ходими резиденцияда” – UzLAB – Uzbekistan’s Literature and Art Bridge – дастурини ҳавола этишни лозим топдим. Бу дастур Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи мустақил митти кўприкдир.

Дастур 2018 йил октябрь ойида лойиҳа-тажриба сифатида очилган ва ҳозиргача унда ўндан зиёд хорижий давлатдан 40 нафардан ортиқ ижодкор иштирок этди. Яқин орадаги дастуримиз шу йил 25 сентябрдан 10 октябргача бўлиб ўтди.

Бир йил ичида бу лойиҳа туфайли Ўзбекистонда “ижодий туризм” деган термин истилоҳга кирди. Бир йилда бу дастурни камида тўрт марта махсус ташкиллаштириш кўзда тутилган. Хорижлик ижодкорларнинг катта қизиқиши туфайли, йилнинг исталган пайтида 2-4 кишилик қўшимча гуруҳларни ҳам қабул қилиш бошланди, яъни, дастур бундан буён йил бўйи давом этаверади.

“UzLAB” мустақил ташаббус сифатида адабий, маданий алмашув, чет эллик муаллифлар билан мулоқот ва ўзаро алоқага очилиш, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатиши учун имкон бериш ва шароит яратиш, келгусида фойдали дастур ва лойиҳалар устида биргаликда ишлаш учун адабий, профессионал муносабатларни йўлга қўйиш, кўргазмалар қилиш, чет тиллари курслари ташкил этиш, адабий таҳрирлар, китоблар чоп этиш баробарида чет эллик ижодкор туристларни Ўзбекистонга жалб этишни кўзда тутади. Мазкур дастур келгусида Ўзбекистон ўзининг кенг кўламли Халқаро ижодий дастурларини, Халқаро ёзувчилар ва шеърият фестивалларини, Халқаро ижод уйларини очишига туртки бўлишни мақсад қилади. Бу ижодий ташаббус шартига кўра, дастур иштирокчилари меҳмонхонада эмас, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият ходимларининг уйларида улар билан бирга яшайди ва ижод қилади.

Ушбу ижодий туризм дастури ҳақида тўлиқроқ маълумот, ТВ‑чиқишлар, суҳбатлар, ихчам видеолар, хорижлик иштирокчилар таассуротларини мана бу линкда ўқиш ва томоша қилиш мумкин: http://azamabidov.uz/?cat=29

Шунга эътибор қаратишингизни истардикки, айнан бундай дастур дунёнинг ҳеч бир мамлакатида мавжуд эмас. Энг қизиғи, биз амалга ошираётган ижодий лойиҳа фақатгина кўнгилли-волонтёрлар ёрдамида, бирор давлат ё нодавлат ташкилот кўмагисиз олиб борилмоқда. Уни амалга оширишда, асосан, Тошкентда ўзимнинг оилам (рафиқам: шоира, журналист ва таржимон Нодира Абдуллаева ҳамда ўғлим, Миллий университет талабаси Азизбек Обидов), Намангандаги яқинларим ва бир гуруҳ дўстларим ёрдамига суянмоқдаман.

Бир йилдан буён биз ушбу дастурнинг хорижлик иштирокчиларини туғилиб ўсган она шаҳрим Наманганга бир неча кунга олиб бориб, у ерда ижодкор, талаба ва ўқувчилар, оилалар билан таништириб келмоқдаман. Бу ишда наманганлик курсдош, журналист ва маърифатпарвар дўстларим, кўпроқ ота-онам, ака-ука ва опа-сингилларимнинг беғараз ёрдамига таянмоқдаман. Меҳмон ижодкорлар дастуримизнинг Фарғона водийсидаги беш кунлик қисмида яқинларим яшаётган Наманган шаҳрида жойлашган маҳаллалардаги уйларимизда истиқомат қилишмоқда. Албатта, уйларимизда меҳмонлар учун зарур шароитлар мавжуд.

Бу ижодий дастуримиз келгусида ҳам янада қизғин давом этишини инобатга олиб (келгуси дастуримиз 2020 йил 10-24 апрелга белгиланди, унга 10 дан ортиқ мамлакатдан 20 нафардан ортиқ ижодкор келиши кутилмоқда), Сиздан қуйидагиларни илтимос қилмоқчиман:

  1. Дунё бўйлаб бир неча шаҳарлар борки, уларга ЮНЕСКО “Адабиёт ва ижод шаҳри” деб расмий ном берган. Шундай шаҳарларнинг бири саналган АҚШдаги Айова шаҳрида камина 2004 йили Ўзбекистондан келган илк резидент-ёзувчи сифатида уч ой яшаганман ва она шаҳрим Наманганни ҳам шундай адабиёт шаҳарлари қаторига қўшилишини жуда орзу қиламан. Ишонаманки, ушбу ижодий туризм дастури бу орзунинг тезроқ амалга ошишида ёрдам беради. Сиздан Наманганни дунё адабиёт шаҳарларидан бирига айлантиришимиз учун бадиий ижод масканлари, санъат галереялари, адабиёт музейлари, “Олтин мерос” жамғармаси фаолиятини жонлантиришга катта эътибор қаратишингизни илтимос қиламан.
  2. Камина ўқувчилик ва талабалик йилларида Чуст туманида жойлашган Ғова қишлоғидаги болалар оромгоҳларида ёзги таътил ва амалиёт ўтаганман. Шу ҳудуддаги дам олиш масканларининг бир бурчагида ёз ойлари ҳам чет эллик ижодкорлар келиб, ўқувчи ва талабалар билан бадиий ўқишлар, ижодий мулоқот ва учрашувлар қилиши, ўша ерда яшаб, ижод этиши учун шароит яратиб бериш имконини кўриб чиқишингизни илтимос қиламан.
  3. Ота-онам ва яқинларим яшаётган «Бўстон» маҳалласи (собиқ «Самарқанд» жамоа хўжалиги ҳудудида) кўчаларини асфальт қилишда амалий кўмак берсангиз. Бу билан, энг аввало, маҳаллий аҳолини, қолаверса, Наманганга келишга иштиёқманд хорижлик меҳмон ижод аҳлини жуда хушнуд этган бўлардингиз.
  4. Дунё ижодкорлари Наманганга ташриф буюрар экан, оилам, укам, кичик тадбиркор Ҳотамжон Обидов ёрдами билан яқинларим яшаб турган юқорида кўрсатилган маҳаллада кичикроқ “Халқаро ижод уйи” ва митти “Халқаро адабий‑маданий алоқалар музейи” қурилишини бошлаб юбордик. Келгуси йилларда бу дастуримизга дунёнинг таниқли ижодкорлари келиши давом этади, хусусан адабиёт соҳасида Нобель мукофоти совриндорлари ташриф буюриши кутилмоқда. Сиздан ушбу Халқаро ижод уйи ва музей қурилишини маҳаллий тадбиркорларга оғир туширмаган ҳолда, адабиёт ва санъат ривожига бефарқ бўлмаганларнинг волонтёрлигини жалб этиш йўли билан иложи борича маънавий қўллаб-қувватлаб туришингизни илтимос қиламан.

Ишонаманки, бу мустақил лойиҳа чет элликларни Наманганга чорлашда сиз амалга оширишни кўзлаган мақсадларга жуда мувофиқ келади ва биргаликда биз янада катта ютуқларни қўлга киритиб, Ўзбекистоннинг адабиёти, санъати ва буюк меҳнаткаш ва заҳматкаш халқининг бой меросини дунёга олиб чиқамиз. Энг муҳими, Бобораҳим Машраб, Усмон Носир, Чустий, Нодим Номонгоний, Ҳабиб Саъдулла каби ўнлаб адабиётимиз устунларининг нафаси сезилиб турган Наманганни “Халқаро адабиёт шаҳри”га айлантирамиз!

Эҳтиром ила,

Аъзам Обид

шоир, таржимон

“Ўзбекистонда чет эллик ёзувчи/рассом резиденцияда” ижодий лойиҳаси муаллифи

azamjon1974@gmail.com

www.azamabidov.uz

Аъзам ОБИД 1974 йил 8 ноябрда Наманган шаҳрида туғилган. Наманган давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, АҚШдаги Айова университетларида таҳсил олган. “Йўлимни пойлайди мўъжиза”, “Муҳаббат оқавер томирларимда”, “Соғинтириб кетгум қадамларимни” каби ўнлаб бадиий ва таржима китоблари нашр этилган, асарлари 20 дан ортиқ дунё тилларига таржима қилинган. Ўзбек шеърияти ва насридан инглиз тилига қилган таржималари Буюк Британия, Ҳиндистон, Германия, Франция, Япония каби мамлакатларда китоб ҳолида, чет эллардаги қатор газета ва журналларда босилган. Бу йил у амалга оширган Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достони инглиз тилидаги илк таржимаси чет элда босилиб, дунё ўқувчилари қўлига етиб борди. Инглиз, рус, турк, француз, немис, араб, испан тилларини ўрганган. АҚШдаги Айова, Германиядаги Берлин адабиёт коллоквиуми “Халқаро ёзувчи резиденцияда” дастури, Швециядаги Биринчи халқаро таржимон ва адиблар конгресси, шунингдек, Европа, Осиё ва Америка қитъасида жойлашган ўнлаб мамлакатлардаги адабиёт, шеърият ва маданият фестиваллари иштирокчиси. Ўзбек ва инглиз тилларида ижод қилади. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Китоблари, адабий, маданий лойиҳалари билан мана бу сайтда батафсил танишиш мумкин: www.azamabidov.uz