Президентга мактуб

Ассалому алайкум!

Муҳтарам Президент жаноби олийлари!

Вақтингизни қадрлайман, шу боис дарҳол мақсадга кўчаман. Ватанимизда кўп соҳада янги ташаббус билан чиқаётганлар сероб, аммо, афсуски, адабиёт ва санъат тараққиётдан анча орқада қолмоқда. Камина 2018 йил октябрь ойида мустақил равишда оилам ва дўстларим кўмагида янгича адабий-маданий дастур очдим: “Ўзбекистонда чет эллик ёзувчи/рассом резиденцияда” деб номланади. Уч нафар чет эллик шоир, ёзувчи ва рассом билан бошлаганим ушбу дастурнинг ўтган ҳафта тугаган учинчи даврида 10 нафар чет эллик ижодкор қатнашди. Ҳар йили тўртта шундай ижодий туризм дастурини амалга оширишни кўзлаганман. Шу йилги октябрь ойи дастурига эса дунёнинг турли бурчагидан 30 дан ортиқ хорижлик ёзувчи, шоир ва рассом иштирок этиш истагини билдирди, бу сон кундан-кунга ортиб бормоқда. Чет эллик иштирокчиларнинг ўз юртларига бориб, оммавий нашрлар ва ижтимоий тармоқларда улашаётган халқимиз, маданиятимиз, маънавиятимиз ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари яна бир дунё!

Камина жуда кўп юртларни кездим, ижодий дастур, фестиваль ва анжуманларда иштирок этдим, дунё бўйлаб минглаб ижодкор дўстларим бор, ҳаммасининг истаги ўз маблағига Ўзбекистонни ўз кўзи билан келиб кўриш, ижодкорларимиз, бетакрор халқимиз билан мулоқот қилиш, ижобий ва ижодий алмашувни йўлга қўйиш. Дунёнинг қай бурчига бормай, маърузаларим, тақдимотларим, адабий таржималарим, шеърларим, самимиятим орқали Ўзбекистон ҳақида жуда яхши таассурот қолдира билдим, шу боис юртимизга дунё ижодкорлари оқиб келишни истамоқда.

Каминани Ўзбекистондаги чин дўстларим ҳеч йўқ Алишер Навоий, Паҳлавон Маҳмуд, Усмон Носир, Чўлпон каби ўнлаб буюкларимиз асарларининг инглизча таржимони, кўплаб мамлакатларда ўзбек адабиёти ва санъатини чин дилдан тарғиб қилган, турли тилларда китоблар, антологиялар чиқарган, асарлари бошқа тилларга энг кўп таржима қилинган шоир ва таржимон сифатида яхши билишади. Нокамтарлик демайлик, аммо адабиёт ва санъатимиз тарғиботига расман масъул йирик ташкилот ва уюшмаларнинг мустақиллик йилларидаги ишларини тарозининг бир палласига, каминанинг мустақил равишда, йўл-йўлакай амалга оширган ташаббус, лойиҳа ва дастурларини тарозининг иккинчи палласига қўйингки, миллиардлаб бюджет пулини нималарга сарфлаётгани номаълум уюшмаларнинг палласи енгил келмасмикин? Камина ва ҳамкасбларим ҳар йили ўн миллионлаб солиқ тўлаймиз, бироқ бундай ташкилотлар фаолиятидан ҳеч кўнглимиз чиққан эмас.

Камина давлатдан ўзим учун аввал бирон нарса сўраган эмасман, бепул уй, тиббиёт хизмати, дала ҳовли, мукофот деган нарсага кўз ҳам тиккан жойим йўқ. Шаҳар четидаги икки хонали квартирада оилам билан беминнат, камтарин ҳаёт кечиришдан бахтиёрман. Фақат, Ўзбекистондай Ватанимиз адабиёти ва санъатини ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш учун Сизга бир илтимосим бор.

Тошкент марказида (ва ё ўзим яшаётган Яшнобод туманида) мустақил равишда (майли-да бир неча йилга чўзилса ҳам), хусусий Халқаро ижод уйи қуришим учун олти сўтих ер ажратиб берсангиз. Ўз маблағимга аста-секин қуришни ният қилганим ушбу Ижод уйида ўзбек шоир, ёзувчи, рассомларига инглиз, немис, француз каби дунё тилларини ўргатаман, уларни халқаро алмашув дастурларида иштирок этишга тайёрлайман, жаҳон адабиёти ва санъатига жадал қўшилишларига кўмаклашаман, чет эллик дўстларимизнинг кўргазмалари, бадиий ўқишларини ташкиллаштираман. Бу уйни том маънода халқаро ижодкорлар тўпланиб, ўзбек адабиётидан йирик адабий таржима ва таҳрир ишларини амалга оширадиган, биргаликда яшаб, ижод қиладиган, фикр алмашадиган катта даргоҳга айлантириш истагим бор.

Илтимос, бу сўровимни Ёзувчилар ё Рассомлар уюшмасига кўриб чиқиш учун йўналтиришмаса, чунки улар мустақил равишда бир нарсани ҳал қила олишига ишониш қийин.

Сизга мустаҳкам соғлик, оилангизга тинчлик, қалбингизга нур ва шодлик тилаб,

АЪЗАМ ОБИД
шоир, таржимон
Ўзбекистонда чет эллик ёзувчи/рассом резиденцияда мустақил ижодий дастури координатори
www.azamabidov.uz