Президент билан учрашадиган ижодкорлар рўйхатини ким тузади? Ёхуд Ҳамид Исмоил нега Ўзбекистонга киритилмади? 

Президент билан учрашадиган ижодкорлар рўйхатини ким тузади? Ёхуд Ҳамид Исмоил нега Ўзбекистонга киритилмади? 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби Фозил Фарҳод билан самимий суҳбат

(3-қисм)

А.О.:– Илғор мамлакатларда Президент ижод соҳасига аралашмайди. Бизнинг президентимиз, масалан, 100 ижодкорни йиғиб, фалон мавзу, фалон қаҳрамонлар ҳақида ёзинг, дейди, тавсиялар беради. Ўзи Президент билан учрашадиганлар рўйхатини ким тузади? Нега уларда Жамол Камол, Карим Баҳриев, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Набижон Боқий кабилар йўқ? Ё Президент уюшмадан ташқарида ҳеч ким йўқ деб ўйлайдими?Сизнингча, эркин фаолият олиб борадиган хусусий, мустақил ижод масканлари бўладими бизда ҳам?

Ф.Ф.:– Мустақил, хусусий мактаблар очилса, албатта, яхши бўлади, ҳозир бунга имкон бор. Сизнинг халқаро ижод уйи ва ё Наманганни адабиёт шаҳрига айлантириш ҳақидаги таклифингизва ё мен Кореяга бориб келиб, ўз ижод уйимни очишим ҳақидаги фикрларим. Биз ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак. Жадидлар даврида ҳам қанча талабалар чет элда ўқиб келган. Шуҳрат Охунжоновдеган акамизбутун Ўзбекистон бўйлаб китоб дўконлари очибди, атиги тўртта дўкони фойдага кирган, аммо ишини давом эттиряпти. “Одамлар ичидаман, улар истаган нарсани чиқаришимиз керак, шу сабаб китоб мавзулари ҳақида тавсиялар бера оламан”, деяпти. Шунақа одамларимиз ўнта, юзта бўлса, қандоқ яхши, Ўзбекистонда яхши китоб ўқита оламиз. Худди “Наво” каналидаги артистлар тарғиботига ўхшаб, ёзувчиларниям тарғиб қилиш керак, бу кўпроқ ноширнинг иши.

Ёзувчиям кун кўрадиган замонлар келади. Ҳозир моддий томондан қийналагани учун ёзувчилар унчалик фаол эмас.

А.О.:– Менимча, ижод аҳлимиз узлатга чекинган. 80-йиллар охири, 90-йиллар бошидаги ёзувчилар анча фаол ва кучли бўлган, жамиятнинг баралла янграйдиган овози эди, ҳукумат тепасида, депутатлар орасида ёзувчи, шоирлар бўлган, кучли овозлар бўлган. Ҳозир нега ўзбек ижод аҳли оқсаяпти, нега фаол эмас, жамиятга муносабати нега суст? Бу молиявий ҳолат билан боғлиқми ва ё танбаллик қонига сингиб кетдими? 650га яқин аъзоси бор уюшма ичидан ёрқин вакиллар чиқаётгани сезилмаяпти-да. Ё етарли шароит яратиб берилмаяптими?

Ф.Ф.:– Энг аввало, шароитни ёзувчининг ўзи яратиши керак. Мен 34 ёшимда 3 жойда ишлайман. Шу ҳолатда ўз ижодим, китоб чоп қилиш ҳақида ўйлашим осонмас, кундалик юмушлар дегандай. Фарзанд тарбияси, кредитгауй олишимкерак, деган ташвишлар, булар ёзувчиларни чеклаб қўяди.Агар фақат асар ёзиб кун кўролсам, учта ишимниям ташлардим. Кореялик муҳаррир дўстимиз Ўзбекистон ҳақида китоб ёзиб, фалон пул оларкан ва шунга кун кўраркан. Мен китобим чиқиб, бир ярим миллион сўм гонорар олдим. Корейс дўстим:“Ўзбекистон Жаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлиш ҳақида ўйлаяпти, бунинг ўзига хос талаблари бор, агар аъзо бўлса, бу тизимда ҳам яхши ўзгаришлар бўлиши аниқ”, дейди. Қалам ҳақи миқдори ўзгариши керак. Яқинда бу борада Президент фармони чиқди.

Биз 2014 йили “Жаҳон адабиёти” журналида Мо Яннинг “Мусаллас мамлакати” асарини таржима қилдик, унга гонорар бермадик, рухсатиниям олмаганмиз.“Жаҳон адибиёти” журнали 20 йилдан буён дурдона асарларни таржима қилаётган бўлса, чет эллик муаллифга гонорар берилганини билмайман.

А.О.:– Бу оғриқли масала, муаллифлик ҳуқуқи, интеллекутуал мулк ҳуқуқи мунтазам бузиляпти бизда. Балки Мо Ян ё бошқа ёзувчиларнинг кичик асарини таништирув маъносида таржима қилса бўлар. Аммо бутун романини таржима қилиб босиш учун албатта рухсат олиш керак.

Ф.Ф:– Таржимон манфаат кўрмаса, бирор асарни нега ва ё қай пайт таржима қилсин? Масалан, совет даврида битта таржима асар учун битта ҳовлига етарли пуллар ажратилган, дейишади. Ҳукумат даражасида бу масала кўрилмас экан, адабиёт, таржимачилик ривожланмайди.

А.О.: Қачон кўрибчиқади буни ҳукумат? Бу масаланеча йиллардан бери айланаверади, аммо нима ўзгаряпти?

Ф.Ф.:– Янги фармонда ҳамма нарса аниқ-тиниқ кўрсатилган, уни ҳаётга тадбиқ этилса, ҳаммаси жойига тушади. Фармон ижросини таъминлаш керак.

А.О.:– Ижодкорлар ҳам талаб қилишни ўргансин.

Ф.Ф.:– Ёзувчиларнинг шахсий ташаббуси ҳам керак. Блогерлар турли муаммоларни кўтариб чиқаётгани каби ёзувчи, шоирлар ҳам бугунги дунёнинг фаол фуқароси, муаммоларни кўтариб чиқадиган одами бўлиши керак. Масалан, Юнусободдаги фожиа ҳақида Маҳфуза Имомова билан Шодмонқул Салом ёзган шеърларни жуда кўпчилик ўқиди, ижтимоий тармоқларда улашди. Одамларнинг фикрига таъсир кўрсата оладиган ёзувчи, шоирга айланишимиз зарур.

А.О.:– Қачон айланамиз?

Ф.Ф.:– Бугун қилишимиз керак бу ишни. Бугун қилмасак, эртага қўлдан ҳеч нарса келмай қолганда, фақат аламазада ижодкорга айланиб қоламиз.

А.О.:– Ярим йилдан буён уюшмада ишлаяпсиз, икки йилдан буён очиқлик бўляпти, деяпсиз. Уюшма аъзолари ичида шунақа эркин гуруҳлар шаклланяптими, вилоятлардами, Тошкентдами?

Ф.Ф.:Шаклланяпти, деб айта олмайман, аммо шаклланишини истайман. Шаклланмасак, фурсатни бой бериб қўяверамиз. Қўрқмасдан ёзавериш керак, ҳокимларни, раҳбарларни танқид қилиш керак, Отабек блогерга ўхшаб нари борса қамалар, ёзувчи ноҳақликнинг таъмини тотиб кўрса яхшироқ ёзиши мумкин.

А.О.:– Олдинги Президент даврида очиқроқ нарсаларни ёзганлар қамоққа тиқилган, қувғин этилган ё Ватандан чиқиб кетишга мажбурланган. Сизнингча, Президентни танқид қилиши мумкинми ҳозир ёзувчилар? Эркин бир асар ёзса, чиқариши мумкинми нашриётлар?

Ф.Ф.: – Мумкин. Мен бир ҳикоямда рамзий қилиб жамият оғриқларини кўрсатганимда, асарим китобгаям киритилди. Масалан, Набижон Боқийга ўхшаб “Юртменбоши” деб очиқдан очиқ шартакилик қилиб ёзгандан кўра, бадиийлаштириб асарлар ёзиш керак, сих ҳам, кабоб ҳам куймайди. Мурод Муҳаммад Дўст асарларини олайлик, асари учун уни ҳеч ким отмаган ё тазйиқ қилмаган. Рамзийлаштириб ёзиш мумкин-ку! Прототипларни очиқ кўрсатиш жиноий жавобгарлик, туҳматга сабаб бўлиши мумкин, Набижон Боқийда на ундай, на бундай.

А.О.:– Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон асарлари-чи?

Ф.Ф.:– Ўқимаганман.

А.О.:– Ҳалиги савол: Президент билан кимлар учрашади? Рўйхатни ким тузади?

Ф.Ф.: – Масалан, декабрдаги учрашувга мени Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид тавсия қилди.

А.О.:– Президент билан асосан уюшма аъзолари учрашадими? Масалан, Президент Жамол Камол, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Набижон Боқий, Карим Баҳриев деган ёзувчи ва шоирлар борлигиниям биладими? Яқиндаги учрашувда Иброҳим ҒофуровПрезидентга қарата бир гап айтиб, балога қолди. Ўзи ўша суҳбат қанча давом этганди? Ижодий гурунг, қандайдир яхши таклифлар бўлдими?

Ф.Ф.: – Икки соатдан ортиқ давом этди суҳбат. Самимий руҳда ўтди. Масалан, Аҳмаджон Мелибоев илгари фермерларам газета ўқирди, ҳозирги ҳокимларам газета ўқисин, деган маънода газета тиражларини кўтаришни таклиф этди.

Ҳамид Исмоил

А.О.:– Менимча, Шекспирни аслиятдан таржима қилган, баракали ижод қилаётган (кўз тегмасин!) Жамол Камолга ўхшаганларниям ўша учрашувларга таклиф қилиб, уларнинг ҳам фикр ва таклифларини эшитиш керак. Жуда кўп эшитардим бир неча йил аввал, ҳатто аъзолар ҳам уюшмага бормаймиз дейишарди. Ўтган йилларда Мамадали Маҳмуд, Гулчеҳра Нуруллеваларни чақириб, ҳурмат бажо келтирилганини кўрдик. Сиз, мисол учун, Ҳамид Исмоилни биласизми? Ўқиганмисиз? Нега у ёзувчини Ўзбекистонга киритишмади? Нима ёмонлик қилган у Ўзбекистон учун?

Ф.Ф.:– Биламан у ёзувчини. Ҳамид Исмоил ҳақида гап очилса, у кишининг тақиқланганини эслолмайман. Ўтган йили Абдулла Қодирий ҳақида 20 дақиқалик телекўрсатув қилганимизда тадқиқотчи Гулноз Сатторова Ҳамид аканинг асарлари ҳақида гапирди, бу кўсатувни интернетгаям қўйдик. Кореяга борганимда, дунёга чиқаётган ўзбек ёзувчилари қаторида Ҳамид Исмоилниям айтиб ўтдим,унинг Европа тараққиёт банки мукофотини олганини гапирдим. “Жаҳон адабиёти” журналида босилган асарлари.

(Давоми бор, аввалги қисм мана бу ерда: http://azamabidov.uz/?p=2855 )

###

Фозил Фарҳод (Жабборов) 1985 йил 26 августда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Бўйрабоб қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида бакалавр босқичини 2010 йил, магистр босқичини 2014 йили тамомлаган. “Мактуб”, “Кўклам куйи” номли насрий китоблари чоп этилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби ва “O‘zbekiston 24” телеканалининг биринчи тоифали муҳаррири вазифаларида ишлаб келяпти.

Аъзам Обид Наманганда туғилган. “Йўлимни пойлайди мўъжиза”, “Муҳаббат оқавер томирларимда”, “Соғинтириб кетгум қадамларимни” каби қатор бадиий ва таржима китоблари нашр этилган, асарлари 20 дан ортиқ дунё тилларига таржима қилинган. АҚШдаги Айова, Германиядаги Берлин адабиёт коллоквиуми, Швециядаги Биринчи халқаро таржимон ва адиблар конгресси, шунингдек, Европа, Осиё ва Америка қитъасида жойлашган ўнлаб мамлакатлардаги адабиёт, шеърият ва маданият фестиваллари иштирокчиси. Ўзбек ва инглиз тилларида ижод қилади.