Аъзам Обид қора рўйхатдами? Ёхуд Хайриддин Султон у ҳақида кимга нима деган?

Аъзам Обид қора рўйхатдами? Ёхуд Хайриддин Султон у ҳақида кимга нима деган?

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби Фозил Фарҳод билан самимий суҳбат

(4-қисм)

А.О.:– Бир неча йил аввал уюшма халқаро бўлимидан Адҳамбек Алимбеков қўнғироқ қилиб:“Шахсан Хайриддин Султон Аъзам Обид билан ҳамкорлик қилишимиз кераклигини тайинладилар!”, деганди. “Бажонидил, нима қилишим мумкин сизлар учун?”, десам:“Чет элда чиққан китоблар, таржима асарларингни олиб келиб бер, музейимизга қўйиб қўямиз”, деди. Келтириб бердик. Шу билан “ҳамкорлик” тугади. Сизҳам бирлашиш, ҳамкорлик ҳақида гапирдингиз. Лекин негадир менга уюшма шахсан менинг у ерга боришимдан манфаатдор эмасдай туюлади.

Ф.Ф.:– Ундай нарсани кўрмадим мен. Сиз билан ҳамкорлик қилишни  истаймиз. Чет эл билан адабий муносабатларнинг катта қисми сизнинг зиммангизга тушяпти ҳозир. Резиденция дастурингиз ҳам бор, шу бўйича бирга ишласак бўлар.

А.О.:– Бу резиденция дастури ўзига хос алмашув дастури бўлиб, ўқувчилар, талабалар ичига кириш, ижодкорларни боғлаш, дунё тажрибасини ўрганиш, Самарқанд, Бухоро саёҳати кабиларни ўз ичига олади. Меҳмон ёзувчи, шоир ва рассомлар ўзбек ижодкорлари билан бирга уларнинг уйларида яшашади. Аммо ҳамкорлик қиламан десак, янги лойиҳаларни ўйлашимиз мумкин.Масалан, Дўрмон ижод уйига йил бўйи чет элдан ижодкорлар олиб келишга ёрдам бероламан. У ерда яшаб, ишни чет эллик таржимонлар ўзбек шеърияти, насридан энг яхши намуналарни таржима қилиб, антологиялар тузишдан бошласа бўлади.

Ф.Ф.:– Бу таклифни раисга айтиб кўраман, у йўқ демайди, деб ўйлайман. Резиденция дастури харажатларининг бир қисмини қоплашимиз ҳам мумкиндир.

А.О.:– Агар уюшма чиндан ҳам ҳамкорликка очилса, мен ҳамиша очиқ бўлганимни эслатмоқичман. Фақат қандай йўлга қўйилади ҳамкорлигимиз? Халқаро бўлимингиз билан бирга ҳатто резиденция дастуримизниям давом эттиришга хоҳишим бор. Йўлкирани меҳмонларнинг ўзи кўтаряпти, биз Ўзбекистон қисмини зиммамизга оляпмиз, бу қўлимиздан келади. Агар уюшма ҳозирча имконимиз йўқ, десаям бу дастур давом этаверади. Мабодо ёрдам беролса, уни анча кенагайтириш мумкин, йил 12 ой таржимонлар, ижодкорлар олиб келса бўлади. Сизларнинг ишлаш тизимингиз қандайлигидан хабарим йўқ. Қанчалик тез чет эллик ижодкорларни олиб кела оласиз? Масалан, инглиз ё япон тражимонини, чет тиллари ўқитувчиларини олиб келиш имконим бор. Адабиётимизни ривожлантириш учун чет эллик дўстларим, дўстларимнинг дўстлари бемалол ёрдамга келишлари мумкин. Аслида ҳам, уюшма ҳеч нарса қилмаяпти, деб ўтиришни истамайман. Биз бир адабиёт, бир миллат дардида юрибмиз, деб ўйлайман.

Ф.Ф.:– Лойиҳа ва таклифларингизни ёздаям эшитгандим. Раҳбар даражасида бўлмаса ҳам, уюшмада булар ҳақида билишади.

2019 йил октябрь Чет эллик ёзувчи/рассом Ўзбекистонда резиденцияда дастури иштирокчилари

А.О.:– Уюшмага ижодкорлар учун бепул инглиз тили курслари очинглар, бориб дарсберай деганимга қанча йил бўлди. Ҳозир буни ўзим очдим ва Юдаков музейида икки ойдан буён инглиз тили клубини юритяпман. Фақат ижод аҳли учун. Инглизчада мулоқот қилиш кўникмаларини ўрганяпмиз. Резиденция дастуримизга келаётганларнинг аксари инглиз тилида мулоқот қилади. Уюшманинг 650га яқин аъзоси бор, ҳар бир вилоятдаақалли битта ижод уйибўлсин. Бу оппа-осон. Мисол учун, Сурхондарёда қайсидир таниқли ёзувчи ё шоир уйининг бир бурчи ажратилсин. Чет элдан ижодкор, таржимон олиб келиб, ўша ўзимизнинг ижодкор билан боғлайлик, бирга яшаб, таржималар қилсин, тажрибаси билан ўртоқлашсин, ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари қилсин. Резиденция дастуримиз учун Дўрмон дачаси, ё махсус уйлар керакмас. Бунинг учун машҳур ёзувчиларимизнинг ҳувиллаб ётган уй-музейларидан оқилона фойдалансак бўлади. Чет эллик таржимон ва ёзувчиларни олиб келиб, музейларда ўтириб, ёзувчиларимизнинг асрларини таржима қилдиришимиз, тадқиқотларга кўмаклашишимиз мумкин. Афсуски, бундай ишларни уюшма қила олишига ҳалиям кўзим етмаяпти, аммо етарли малакага эга, бир неча хорижий тилларни биладиган кадрларни тезроқ етиштириб, бу ишларни амалга оширса бўлади.

Ф.Ф.:– Уюшманинг ҳам ўз ишлари бор, бошқа ишлар билан банд бўлиши табиий.  Дастурларингизни амалга ошириш учун раҳбариятга хат билан мурожаат қилсангиз, оғзаки мурожаатдан кўра осонроқ ҳал бўларди.

А.О.:– Уюшма шу дастурларимиз Ўзбекистон учун зарурлигини қачон англаб етади? Нега хат кутиб ўтирмай, ўзи бизга чиқмайди? Худди Туризм қўмитаси туристлар келишидан манфаатдорбўлгани ҳолда, дастурларимизга қўшилиш таклифига бефарқ қараётгани каби. Қачон уюшма чет элдан ижодкор олиб келди? Бир йилда биз каби 40 эмас, 20 нафар ижодкор олиб келоладими? Нега волонтёрлардан иборат жамоамизаслида сизлар қилишингиз зарур бўлган ишларни бажарсак-да, ўзимиз сизларга хат билан чиқишимиз керак? Ё уюшмадагиларнинг даражаси олийроқ, баландроқми?

Ф.Ф.: Уюшма халқаро алоқаларга очилиб боряпти. Озарбайжон, Марказий Осиё республикалари уюшмалари билан меморандумлар имзоланди.

А.О.:Халқаро бўлимда ҳозир ким?

Ф.Ф.:Рустам Мусурмон, Николай Ильин, Рисолат Ҳайдаровалар бор.

А.О.:Ўзи неча киши ишлайди уюшмада?

Ф.Ф.: 100 дан ортиқ одам ишлайди. Вилоятлардаги бўлимларимиз билан айтганда.

А.О.: Бунча одам билан ўзбек адабиётини гуллатворса бўлади-ку!

Ф.Ф.Уюшма ишламаётган ташкилот эмас, дедим-ку!

А.О.:– Аммо нега уфқда зўр ёзувчилар кўринмаяпти? Ўзбек ёзувчисини қачон дунё ўқий бошлайди? Бунинг учун таржима қилиниш керакми? Қачон ўзбекёзувчи ва шоири ҳам чет тилларида равон мулоқот қилади, тўғридан-тўғри ёзишни бошлайди? Қачон 650аъзо ёзувчидан ақалли 10 тасини халқаро миқёсга олиб чиқиш ҳақида ўйлайсизлар?Менга мукофот, поликлиника, дача керак эмас, аммо ёрдамимдан фойдаланинглар. Қачондирам таржима кенгаши ё халқаро муносабатлар бўйича конференциялар бўлса, албатта таклиф қилинглар, деб ялинмайман, аммо чин дилдан чақирсангиз, жўяли лойиҳалар билан ўртоқлашаман, бажонидил ёрдамлашаман. Ё шунча йиллардан бери бўлгани каби, каминани бегона сифатида кўришда давом этсангиз ҳам, яна ўзингизга ҳавола, сизнинг ишингиз. Хафа бўлиш йўқ.

          Ф.Ф.:–Йўқ, бегона билмаймиз.

А.О.:– Сиз мана шаффоф тизим бор, деяпсиз, матбуот котибисиз, агар чиройли жамият қиламиз десак, ижодкорлар ҳам шаффоф бўлиши керак. Матбуот котибининг энг муҳим вазифаларидан бири уюшма раисини матбуотга, ОАВ ходимлари олдига олиб чиқиш. Қачон охирги марта раис ва раҳбарлар билан очиқ мулоқот, матбуот анжумани, пресс клуб сессияси бўлди ё бўлиши режада борми?

Ф.Ф.:– Албатта, раисимизнинг ОАВда чиқишини ташкиллаштирдик, масалан, декабр ойида “Ўзбекистон” телеканалининг “Ассалом, Ўзбекистон!” дастурида чиқди охирги марта. Суҳбат тарзида. Шу кунларда ЎзАда катта чиқишини режалаштиряпмиз. Январь ўрталарида матбуот анжумани қилишни ўйлаганмиз, унда раис ва раҳбарият, албатта, қатнашади.

А.О.:– Барака топинг! Уюшма фаол эмас, ҳеч нарса қилмаяпти, дейишларини истамасангиз, шунақа очиқ анжуманлар қилиб туриш шарт, қанча кўп мулоқот қилинса, шаффоф бўлинса, уюшмага шунча тоза қон олиб кирган бўласиз.

Биз бир халқ вакилимиз ва адабиётни ривожлантириш учун,афсуски, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилмаяпмиз. Дейлик, қачон Навоий асарлари инглиз тилига таржима қилинади? Аъзам Обидни 9 февраль – ҳазрат туғилган кунларидагина ахтариб қоламизми ё? “Фарҳод ва Ширин” инглизча таржимасини чиқаргани учун!Мана шу китобни кўрганмисиз? Нега шундай нарсалар қила олмаяпсизлар? Шу китобни, масалан, Сирожиддин Саййид ё Рустам Мусурмон чиқарганда, уни бутун Ўзбекистонга, ҳатто дунёга овоза қилармидингиз? Ҳеч йўқ “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида камида бир саҳифа мақола ёзармидингиз? Гап менинг ўзим ва ё асарим ҳақида кетмаяпти-ку!Нега уюшма муассислигидаги бирор нашр бу ҳақда бир оғиз айта олмайди? Аъзам Обид қора рўйхатдами ё? (Кулги). Камина ўзбек адабиёти тарғиботини 20 йилдан буён қиляпман. Нимадир арзирли иш қилолмагандирман, бироқ ҳеч йўқ айнан Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини инглизчага ўгириб, жуда сифатли китоб ҳолида нашр этилишига эришганимдан фахрланаман. Ҳамкорлик деганда, мен шу нарсаларни назарда тутаман. Аслида шундай китобларни, шундай резиденция дастурларини сизлар қилсангиз арзийди. Ҳалиям ҳазратимизнинг шу китобларини дунё ўқувчиларига етказишда ёрдам беришингиз мумкин.

Ф.Ф.– Агар бу китоб мен уюшмада ишлаётган пайтим дунё юзини кўрганда, албатта, унинг нашр этилганини овоза қилган бўлардим. Маълумотучун айтаман: Навоий ғазаллари уюшмада инглиз, немис, рус тилларига таржима қилдирилган.

А.О.:– Хабарим бор, Бегойим Холбекова, Қосимжон Маъмуров, Аида Буматова яхши таржималар қилган. “Жаҳон адабиёти”да таржималаримизни босишган. Мен бир йилдан буён “Фарҳод ва Ширин”нинг инглизча таржимасини чет элликларга таклиф қиляпман, ўқитяпман. Бу иш менинг “адабий миссиям”бўлиб қолади кейинги йилларда ҳам: яъни бундан буён аввал таржима қилган асарларимнинг кўпроқ ўқувчисини топиш ҳаракатида бўламан.

Ф.Ф.:– Сиз уюшмани танқид қилсангиз ва бир-биримизни танқид қилсак ҳам, аслида адабиётимизни ривожлантиришни кўзлаймиз.

А.О.:– Мен уюшмада шоир ё ёзувчи ишлаши шарт эмас деб ўйлайман. Ундай ташкилотларда адабиёт координатори, адабий агентлар ишласа мақсадга мувофиқ.

Ф.Ф.:– Тўғрисини айтсам, камина ҳам шу ерда ишлаб, ўз ижодим қолиб кетаётганидан хурсанд эмасман. Аммо ишлаш, миллат адабиёти учун нимадир яхши иш қилиш ҳам керак.

А.О.:– Адабий уюшма сифатида университетларда адабий агентлар, координаторлар етиштириб чиқиш масаласини ҳам кўтарсангиз ўринли бўларди.

Ф.Ф.:– Яқин орада Президентимиз билан ижодкорларнинг учрашуви режалаштирилган, ўша учрашувда шундай таклифларни киритамиз, деб ўйлайман.

Эркин Аъзамнинг Лондонда босилган китоби

А.О.: – Ижод аҳли мақсадли қўллаб-қувватланиши керак. Ўзбек ёзувчи ва шоирларини фақат юртимиздамас, чет элда ҳам ўқишларини истайман. Зудлик билан уюшма ўз аъзоларига чет тили ўрганиш курсларини очишни ўйласа яхши. Мисол учун, Эркин Аъзамнинг китоби Лондонда чиқарилгани биринчи қадам, холос. Эркин ака ва бошқа ёзувчи ва шоирларимизнинг ўзлари жаҳон адабиёт саҳнасида асарларидан инглиз тилида намуналар ўқиб беришига эришишимиз энг катта қадам бўлади. Яна бир таклифим шуки, ўзбек шоир ва ёзувчиларини чет элдаги элчихоналаримизга элчи, ҳеч бўлмаса, маданият атташеси қилиб юбориш масаласигажиддий қараш лозим. Мана, ўзингиз бир марта Кореяга бориб келиб, қанча илҳом билан қайтдингиз. Уюшма фақат маҳаллий масалаларга ўралашган ташкилот бўлиб қолмасин. Тизимнинг жонланишига, ўз ишини пухта қилишига ёрдам беришимиз керак. Барча ўзбек ижодкорлари учун Уюшма мукофот, бепул поликлиника манбаи эмас, балки шу дунёмизни яшаш учун яхшироқ ерга айлантиришда ўз сўзини баралла айтишга шароит яратиб берадиган, катта шахсларни етиштирадиганмасканга айланса қани!Аввалги йиллардаги уюшма ташаббусларимни қувватлагани йўқ эди, адабиёт ривожи учун бирлашайлик деб атайин хат ёзганман ҳам, аммо мужмал жавоб ҳам олганман, сайтимда турибди.

Ф.Ф.:– Менимча, уюшма раиси ва аъзолари ҳам бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Энди вазият ўзгарган. Дунёдаги илғор адабий ташаббусларни олишимиз ўзимизга фойдали бўлади. Кореяда кўрдим: метрода адабиётни ўзига хос усул билан тарғибот этишаркан.

А.О.:– Камина “Тошкент метросида шеърият” деган лойиҳа қилганман, сизга айтгандим. Метрополитен маъмурияти бу таклифимни жуда яхши қабул қилган. Метрода шеърий плакатлар, банерлар қилишга келишгандик. Ўзбек ва инглиз тилларида митти видеолар қилиб берганман, баъзи тайёр видеоларни “Маданият ва маърифат” телеканалидан олиб берганман, метродаги экранларда намойиш этишганди.

Ф.Ф.:– Хабарим бор.

А.О.:– Энг муҳим гапимшуки, бундай адабий ташаббуслар, резиденция дастурлари учун давлат бюджетидан бир сўм ҳам олмаслик. Адабиёт ва санъат дастурларига филантроплар, иш одамларини жалб этишга шароит ва йўл очилса дейман, шунинг ҳаракатидаман.Менимча, ижодкор одам ҳар доим мухолиф бўлиши керак, биринчидан, ўзига мухолиф бўлиши керак, адолатсиз тузум тарафдорларига, адолатсиз президентга, ва ҳоказо.

Ф.Ф.:– Куни кечаги блогер Отабек воқеасини олинг! Ҳоким бўралаб сўкса, бир узр, оддий блогернинг ҳақорати эсазудлик билан қамоқ жазоси. Шу ҳақда бир шеър юрибди миямда. Барибир уйғониш керак, деб ўйлайман.Уйғонсак, чин адабиётга ҳисса қўшиб ўтсак, эртага Худонинг олдидаям юзимиз ёруғ бўлади.

А.О.:– Ҳаётда ўзингдан, ҳаётингдан рози бўлиш, Яратган розилигини тилаб ўтиш ҳам муҳим.

(Суҳбатнинг охири, аввалгиси мана бу ерда: http://azamabidov.uz/?p=2859 )

###

Фозил Фарҳод (Жабборов) 1985 йил 26 августда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Бўйрабоб қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида бакалавр босқичини 2010 йил, магистр босқичини 2014 йили тамомлаган. “Мактуб”, “Кўклам куйи” номли насрий китоблари чоп этилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби ва “O‘zbekiston 24” телеканалининг биринчи тоифали муҳаррири вазифаларида ишлаб келяпти.

Аъзам Обид Наманганда туғилган. “Йўлимни пойлайди мўъжиза”, “Муҳаббат оқавер томирларимда”, “Соғинтириб кетгум қадамларимни” каби қатор бадиий ва таржима китоблари нашр этилган, асарлари 20 дан ортиқ дунё тилларига таржима қилинган. АҚШдаги Айова, Германиядаги Берлин адабиёт коллоквиуми, Швециядаги Биринчи халқаро таржимон ва адиблар конгресси, шунингдек, Европа, Осиё ва Америка қитъасида жойлашган ўнлаб мамлакатлардаги адабиёт, шеърият ва маданият фестиваллари иштирокчиси. Ўзбек ва инглиз тилларида ижод қилади.