Клаус АНКЕРСЕН
БАРОБАР
Баробар борурмиз янги фаслга
Баробар “электр тўлқинли қўйлар” ила орзулаймиз экран ичинда
Баробар чиқурмиз ўйиндан, ўрмонларга кетамиз яёв, балиқ тутажакмиз кўлларда, кетурмиз тупроққа қоришиб тағин
Баробар нақд пулни унутвораркан, ўзиюрар мошин ҳайдаймиз
Баробар ортиқча қувват керакмас уйларда яшаймиз қурт-қумурсқа еб
Баробар тўхтаймиз учишдан, термоядро қувватда илинж, ёрқинроқ, яшилроқ, бахтлироқ келажак – умид
Баробар борурмиз янги фаслга, орзу қилганимиз
мавжуд оламларнинг энг, энг яхшиси, ғамхўрлик, бўлишиш, ўрганиш ва журъат учун, биргаликда, митти ва оз, аммо шу кекса ёшимизда ҳануз жуда ёш, мисоли икки жуфт ҳаворанг шердай. Болалари осмон соҳиблари-чун.
Баробар борурмиз янги фаслга
қўлни қўлга бериб, ишқий жамоага интилиб абад
Баробар боқурмиз: қувнар жужуқлар
Баробар қараймиз: ўрмонлар ўсар
Баробар босурмиз қадамларимиз
Баробар танишар юзларимиздан
Баробар ёзилар ҳар суҳбатимиз
Баробар бир-биров соқчи бўлурмиз
Баробар шафқатсиз капитализм
ва Ерни эзишга турурмиз қарши
Баробар қилурмиз тизимни ислоҳ
Амалларимиз-ла жон бахш этурмиз.
Баробар қараймиз Финляндияга
Таълим соҳасига олурмиз илҳом
Баробар излаймиз муқобил ечим, ижодкорона
Баробар тинглаймиз уммон қўшиғин
Баробар ўйнаймиз ўрмон куйига
Баробар ҳикоя, шеър эшитурмиз
Баробар ажиб ғунча яралишин кузатажакмиз
Баробар ногаҳон ўзни кўраркан тубсизлик нарёғи гўзал, сеҳрли маъво эканидан завқланажакмиз, имконсиз нарсалар ошур амалга квантча сакрашнинг бир нафасида
Баробар уйғониш кўчкиси аро янги ҳақиқатга яшаб ўтурмиз
Баробар қайтадан тирилтирамиз
бу заминий жаннат ваъдасин
Баробар борурмиз
Борурмиз тутганча қўлларни
Баробар кирурмиз янги фаслга
Баробар “электр тўлқинли қўйлар” ила орзулаймиз экран ичинда
Баробар чиқурмиз ўйиндан, ўрмонларга кетамиз яёв, балиқ тутажакмиз кўлларда, кетурмиз тупроққа қоришиб тағин
Баробар гўдакларимизга айтурмиз алла
Баробар тирикликни қилурмиз байрам юрагимизда
Баробар барчамиз бўлурмиз боқий.
(Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси)