Карантин деб кулган маҳалла

Аъзам Обид

Карантин деб кулган маҳалла

(ҳикоя)

Ҳайҳотдай шаҳарда номини эшитиб, ҳамма бир сесканиб оладиган, мафия қироли-ю энг бой-бадавлат деб кўрилувчи одам яшайдиган маҳалланинг шундоқ рўпарасига ўтсангиз, ўзингизни совет замонида кўрасиз. Лекин камина ҳамиша бошқачароқ ўйлайман. Оддий мисол: уйига элтадиган ягона катта кўчаси шўро давридан буён асфальт кўрмай аянчли ҳолга келган кишини давлатманд деб бўладими? Тағин бу кўчадан кунига казо-казо пулдорлар ўтади чет элда чиққан ҳайбатли машиналарини ғизиллатиб, кўча ёқасидаги кошона-ресторан эса биринчи раҳбарнинг куёвига тегишли эмиш. Ўзи булар яқин ўтмишдан ибратли хулоса чиқарармикин ҳеч? Ҳа, майли, ҳикоямиз асли бу ҳақдамас, балки нариги тарафдаги олтмишинчи йилларда қурилган 50 дан ортиқ икки қаватли шинам ғиштин уй-дом қад ростлаган маҳалла ва унинг антиқа аҳли хусусида.

Икки йилча аввал тасодифан узун йўл ёқасида керилган муҳташам чинорлар ва эманлар туфайли бу шинам масканга меҳрим тушиб қолган. Мактаб биқинидаги уйларнинг биридан икки хонали хонадонни кўришга келганимда, жуда бесар, файзсиз эканми, деб ўйлаганман, аммо ҳар доим энг ёмон жойниям бўстон қилиш имкони бор, қолаверса, болалар катта бўлиб қолган, уй олмасам бўлмас, шаҳардаги нархи энг арзон жой учта бўлса, бири шу ҳудуд эди, устига, нариги уйимдан унча узоқмас, темирйўл ёқалаб чўзилган “Беш булоқ” маҳалласи оралаб бирпасда югуриб етиб олса бўларди.

Аввалги қўшним эски-туски бозорда ишлаб, кунлик тушум орқасидан оиласини боқар, хотини билан урушиб қолса, дарров ертўладаги “қароргоҳи”дан паноҳ топарди. Дарвоқе, бу жойдаги шунча уйнинг фақат иккитасида – биттаси бизникида – ертўла бўлиб, у кенггина, пастқам уйнинг ўзгинаси эди. Қўшним свет, газ, сувдан жуда катта қарзга кирган, ахири кузда уйини сотаётганда, янги қўшнимга “бу ертўлаям сизники бўлади” деб шипшитган экан. Ертўланинг ҳамма қисмига эга чиқиш илинжида биров билан талашгим келмади, у ҳаммага етарди, гарчи бу жойга келган йилимоқ туман ҳокимиятига хат ёзиб, ертўлани ихчам кутубхонага айлантириш учун розилик хати олиб қўйгандим.

Маҳалла ичкарисида катта йўл бўйидагига ўхшаш кўркам оғочлар кўп бўлмаса ҳам, у мевали дарахтлар, бесўнақай ўсган ёввойи кўкатлар, митти томорқа ўраб олинган сим ва темир тўсиқларга чирмашган деворгуллар сабаб кўкламда нақадар чиройли бўлиб кетарди. Айниқса, дўконга чиқаверишда 100 метрча жойга қайсидир табиатсевар қўшним бир текис эккан баланд бўйли, дарахтсимон оқ ва қизил атиргуллар жону дилим эди! Бунақа гўзал йўлакни лолаларга макон Амстердамдаям кўрмаганман!

Хуллас, икки йил ичида хоналаримизни енгил ремонт қилдирдик, ўғилларим  билан уйимиздан мактаб панжарасигача бўлган эски, асфальти кўчган торкўча чуқурчаларини ямадик, уй сатҳи оппоқ бўёққа бўялди, подъезд эпақага келтирилди, аммо шифер ёпилган томни бутунлай янгилашга кучимиз етмади ҳали, кучли жала қуйса, шифтимда сал-пал намлик сезилади, ширкат хўжалигида эса тебса тебранмас бир нусха фақат тўлов учун квитанция ёзиб беришга ярарди. (Ўзи, умуман, ҳозир бировдан умид қиладиган пайт эмас, асло: ўз кучингга ишон ва фақат олдинга интил!) Самимий волонтёрлик ишлари бу ерлик аҳоли тушига ҳам кирмаган экан: “босилмасин” ёзуви ва тўсиқ қўйилганига қарамай, нариги домда яшовчи, вилоятлик усталаримни ҳузурига чақириб, пропискаси йўқлиги учун обориб-олиб келган участка нозири жимитдек машинасида янги қуйилган бетонни қарс этиб босиб ўтди фаросатсиз. Ҳашарга қўшилмаган пастдаги қўшним эса “бу жойни мана бундай қилиш керак, мана бундай ранг бериш керак” дея билағонлик қилиб ишга аралашди. Эккан кўчатларимни икки кундан кейин кимдир кечаси суғуриб кетди.

Босиқ бўлдим, астағфируллоҳни такрорлаб, асабимни асрадим. Томорқамга пастак панжара, болаларга турник, ҳалинчак ўрнатдим, қайтадан гул ва кўчатлар, райҳон тикдим, балкон тагида машинам учун жой текисладим. Ёш келинлар, ижарачи аёллар ғалати қарашига эътибор бермай, подъездни ҳар икки кунда ўзим супуриб, пол латта билан тозалаб артиб турдим. Бир коса иссиқ овқат кўтариб, оёғи синиб ётиб қолган арман холадан, касалманд жуҳуд амакидан хабар олишни канда қилмадим. Қўшни домдаги етмиш ёшли Малика хола тўсиқ ортидан мўралаб, “маҳалламизга сиздақа одам керак эди” деганида, гапидан уялсам-да, илҳомланиб кетиб, тутларини қиртишлаб бердим, шамол синдирган дарахт шохларини кесиб, аҳлатхона четига судраб келтирдим. Гўё ҳаммаси бинойидек эди, аслида унчалик яхши эмасди.

Маҳаллада юзлаб турли милатга мансуб одам яшар, аксари нонхалта кўтарганча имиллаган бошида рўмол қари рус момолар ва новча, ориқ, гоҳо гавдали, кепка кийган соқол-мўйловини қирган боболар, дам-бадам ўйнашга чиққан уч-тўртта ногирон бола, кеккайган, қийшайган, попирис тутатган йигитлар, калта иштон кийган лабини қизартирган қизлар – ўз пайтида жойини сотиб, Русия ва ё бошқа ўлкаларга кетолмай қолганлар ва уларнинг зурриёдлари эди кўпчилик. Фақат шунча одамнинг ичида кулган ё жилмайган бирови учрамасди, ҳамма ўта жиддий, тунд ва қовоқхўжага ўхшарди.

Хонадонимга ўтган йил ўнлаб чет эллик ижодкор, Европа, Америкадан то Ҳиндистон-у Австралиягача, меҳмонга келиб, яйраб, қаҳқаҳа уриб, ўйнаб-кулиб кетди. Аммо қўшниларимнинг юзида ўзгариш сезилмади: ҳеч ким кулмасди ва ё ҳечам билдирмасди.

Бу ерлардан чиндан совет замонининг иси келарди. Уйлар оралаб юрилса, оддийгина бўёғи кўчган дераза ё форточка ўша даврларга хаёлни олиб қочарди. Чириган, занглаган “Москвич” ё “Жигули”, гоҳо гуллар экилган баллонлар, тўқ жигарранг, қулф кўрмаган ярим очиқ эшиклар, ерда илондай чўзилган қора шланглар, кўкариб кетган ғишт йўлакчалар, тунука билан тўсилган очиқ осма балконлар, тўкилган деворлар, уйлар олдидаги алмисоқдан қолган ашқол-дашқоллар тўла шифери синиқ пастак бостирмалар, титилиб кетган фанерлар, минг йиллик ис босган подъезд шифтлари – буларни кўриб, мазза қилворарди менга ўхшаган одам!

Бошида ҳамма билан кулиб саломлашсам, гапга тутсам ҳам, қайтимига жилмайган чеҳраларни кўрмадим. Лекин кўп ўтмай, вазият аста ўзгара бошлади, одамлар каминага бегона, бир оз шубҳали янги қўшни деб қарашни бас қилишди. Қўшниларим сал очилиб гаплашишга ўтди, бир ичволса камида бир ҳафта узлатга кетувчи йигитча Юра қўли гул усталигини билиб қолиб, иложи борича бўш қўймадим. Хизмат ҳаққини нақд берганимга ертўламизга дарча очди, китоблар учун полкалар қилди, вентиляторни тузатди, уйга кир мошна ўрнатди, ҳовлига эски темир стуллардан беседка қурди. Албатта, ичишни батамом ташлаб, иймон келтириб, камина билан ибодатга ўтгани йўқ, аммо тузуккина мўмин-қобил одамга айланганидан энг авало онаси ва оиласи бирам хурсанд.

Мана энди карантин пайтида ташқарида унча одам кўринмайдур, томорқага минғиллаб гул тикишга, китоб ўқишга чиқсам, баъзан қўшнилар ўтиб қолади, эски тоғора, челак ва чойнакларга турфа гуллар экканимни кўриб, завқланишади, баъзилари телефонига расмга олиб ўтишади. Ўтган ҳафта кўрдим, пастдаги қўшним деразаси олдидаги ярим парча ерни чопиб, уруғ сепди, райҳон тикиб, сув қуйди, нариги уйдаги амаки атрофни ўт-ўландан тозалади, яна сал наридаги бир қўшни аёл тешик тоғораларига тупроқ солиб, ҳамсоясидан гул олиб чиқиб экди. Ҳали ҳеч ремонт қилинмаган уч хонали уйини сотмоқчи бўлган Игорь қўшним шипиллаб ўтиб кетаётганди, бери кел, оғайни, дея чақирдим. “Подъездингни сал эпақага келтир, ертўлада оҳак, бўёқ бор, бемалол ишлат, барака топгур, уйингни олишга кўргани келган одам бурнини жийириб кетмасин”,- дея насиҳат қилдим, йўқ демади.

Бугун эса маҳалламизда нақ мўъжиза рўй берди! Карантиндан аввалроқ, эрта баҳорда экканим тўрт туп хурмо кўчатига сув қуяётгандим, шундоқ ёнимиздаги уйда яшаб, қорасини ойда бир кўрсатадиган Иван амаки писмайиб ўтиб қолди. Уни яхши боғбон дейишувди, кўкламда маслаҳат сўраш-у вақт-бемаҳал гулзоримдан хабар олиб туришини истаб, бир неча бор иккинчи қаватдаги бир хонали уйидан тополмагандим. Ҳар сафар қия очиқ эшигини тақиллатсам, чурқ этган товуш чиқмас, ичкари ивирсиб ётгани яққол кўринар, шундоқ эски замонларнинг ҳиди димоққа уриларкан, ҳар сафар уйига киришга юрак бетламай қайтиб тушардим. Мана ҳозир бошида шляпа, эгнига енги узун гулли кўйлак кийган, оёғида оқ крассовка, маҳалладаги ёши улуғ боболар ичида шугина соқол-мўйловини олдирмас, орқа сочи ўсиқ ҳолда олдимдан ўтаётганди.

“Дядя Ваня!” – чақирдим уни. Секин ўгирилиб, панжарага яқинроқ келди у. “Нима қилиб юрибсиз?”- дея сўрадим.

“А, сенмисан? Уй атрофида айланяпман, уйда зерикиб кетдим”,- жавоб қилди Иван амаки.

“Маскангиз қани?”

“Узоққа кетмаяпман-ку, шу атрофда юраман холос.”

“Йўқ”,- дедим. “Маска тақмаса бўлмайди. Ҳозир, тўхтаб туринг, бир дақиқа!”

Гулзордан туриб, иккинчи қават балконига қараб, ўғлимни чақирдим: “Болажон, тунов куни олганимиз кулгили маскадан биттасини ташла!”

Юз ниқобни тутиб оларкан, тақиб олинг, деб амакига тутқаздим. Иван бобо уни юзига тутди, сўнг менга қаради. “Во!”- бош бармоғимни кўрсатдим.

Шу лаҳзада Дядя Ванянинг юзи ёришиб кетди, аввал билинар-билинмас жилмайди, сўнг табассум бутун юзига ёйилди, сўнг жудая, жудаям чиройли кулиб юборди. Ўлай агар, бунақа чиройли кулгини ҳечам кўрмаганман! Ваня амакинининг тамакидан сарғайган майда тишлари, ўсиқ сочлари, шалвираган кийими, айниқса, шляпаси бу ёрқин кулгуга шунақанги мос тушдики! Бирам ярашдики бу маҳаллага бу кулгу!

Шу маҳал олдимиздан нонга чиққан, беш-олти уй нарида турадиган татар Фая момо ўтиб қолди.

“Что это ты надел, Ванюша?”- сўради у амакига кўзи тушаркан.

“Ёқдими? Сизгаям бор, холажон!”- дедим.

Ўғлим яна битта ниқобни ташлади, Фая хола ўзининг ниқобини ечиб, смайликли ниқобни тақиб кўрди.

“Менам кулгули бўлдимми?”- сўради у, жавобимизни ҳам кутмай кампирларга ўхшамайдиган тарзда шарақлаб кулиб юборди!

О, Худойим, бу одамларни кулдириш осон экан-ку, уларам кулар экан-а, ҳайрият-эй, ўйлардим мен. Роса, росаям хурсанд эдим. Ўзи яшнаб турган бир тупгина қизил атиргулим бор эди, дарҳол бир донасини узиб, Ваня амакига узатдим.

“Фая холага тутқазинг!”- дедим кўзларим ёниб.

“Ой, спасибо! Раҳмат сенга, Ваня!”- янада ёрқин табассум қилди холажон Ваня амакидан атиргулни оларкан. “Билардим, менга бефарқ эмаслигинги билардим, Ванюша!”

Бундан ортиқ мазза йўқ эди мен учун бу дунёда! Шу тобда Иван амаки билан уй атрофида бирга-бирга айлангим, кейин уйига чиқиб, чанг-чунгларини тозалаб, сипир-сидир қилиб, моғорлаб ётган идиш-товоқларини ювиб бергим келарди. Кейин ваннасига солиб, соч-соқолини текислаб, яхшилаб ювинтиргим, оҳорли кийимлар кийгизиб қўйсам, дердим. Кулиб юрса бўлди, чиройли, ёп-ёруғ кулгуни маҳаллага тарқатса бўлди! Ҳа, шундай қиламан! Фая холаям ёлғиз яшарди. Аммо уни бундай қила олмасдим. Уяламан. Бунинг устига уйини тоза тутувчи, ўзига оро бериб юрадиган, ибодатли аёл эди у.

15 май 2020 йил