Тошкентда нураётган “Сиэтл” парки

Иш-уй-иш маршрутига яқинроқдаги парк ва хиёбонларни ҳам қўшишни яхши кўраман. Кузда ҳам парклар чиройини йўқотмайди. Бугун “Сиэтл парки”ни айландим.

Афсуски, икки тарафдан баланд иморатлар қуршовида бўғилиб қоляпти. 10 мингдан ортиқ кафелдаги тошкентлик ва сиэтлликларнинг ёзувлари тобора нураб бормоқда. Кафелларга синчиклаб қарайман: кўпида “тинчлик” сўзи ўчмай сақланган. Самимиятга тўла халқлар дўстлигини соғиняпман.

Яқиндагина ўтган ижодий резиденция тадбиримизда кўрдим: дунё болалигимдаги каби юзма-юз халқаро мулоқотга тобора муҳтож бўлиб бормоқда.

Йўқ, ёлғончи сиёсатчилар учрашуви, ҳеч нарса ҳал қилинмайдиган пул ювувчи сохта турфа форум ва фестиваллардан безор-безор бўлган жаҳон аҳли. Самимий, содда, дилкаш давраларни айтяпман, ўшалар дунё тинчлигини сақлаб қолиши мумкин холос.