
ЭРНЕСТ ҲЕМИНГУЭЙ
ФРЭНСИС МАКОМБЕРНИНГ ҚИСҚА ва БАХТЛИ ҲАЁТИ
Тушлик вақти эди ва ошхона-чодирнинг яшил қўшқанотли соябони остида ўтирганларнинг барчаси ўзини гўёки ҳеч нарса бўлмагандек тутарди.
“Лимонад ичасизми ёки лимон шарбатими?” – сўради Макомбер.
“Мен сиқилган шарбат ола қоламан”, – деди унга Роберт Вильсон.
“Мен ҳам мевали шарбат ола қоламан. Менга яна бирор нарса келтиришсин”, – деди Макомбернинг хотини.
“Мен ҳам шундай қилиш керак, деб ўйлайман”, – қўшилди Макомбер – “Унга айтинг, мева қўшилган учта шарбат тайёрласин”.
Ошпазга ёрдамчи болакай аллақачон уларга хизмат кўрсатишни бошлаб юборган, у чодирларга соя солиб турган дарахтлар узра эсган шабодада намиқиб қолган брезент совутгич-тўрва ичидан бутилкаларни чиқараётганди.
“Уларга қанча беришим керак?” – Макомбер сўради.
“Бир фунт етарли бўлади”, – деди унга Вильсон. “Уларнинг талтайиб кетишини хоҳламасанг керак”.
“Ишбошининг ўзи уларга тарқатиб берадими?”
“Шубҳасиз, беради”.
***
Бундан ярим соатча аввал ошпаз, шахсий хизматкорлар, кўнчилар ва ҳаммоллар билаклари ва елкалари устида Фрэнсис Макомберни лагернинг нариги чеккасидан чодирига тантанали равишда кўтариб келишган эди. Қурол ташувчилар бу намойишда қатнашишмади. Маҳаллий йигитлар уни чодири эшиги ёнида туширишганида уларнинг олқишларини қабул қилиб, барчалари билан қўл сиқишиб кўришди, сўнг чодирига кириб хотини келгунига қадар кроватида ўтирди. Ичкарига кирган хотини унга гапирмади, шунда у ташқаридаги кўчма чаноқда бет-қўлини ювиш учун чодирдан чиқиб кетди, кейин эса салқин ва соя жойда турган оромкурсида ястаниб ўтирганча овқатланиладиган чодир томон юрди.
***
“Сен шерни қўлга киритдинг”, – деди унга Роберт Вильсон. “Жуда ҳам зўрини!”
Макомбер хоним ялт этиб Вильсонга қаради. У чиройини ҳамда ижтимоий ҳаётда мавқеини жуда яхши сақлаган, ниҳоятда гўзал аёл эди. Унинг ҳусни жамоли ва жамиятда тутган ўрни бундан беш йил аввал унга беш минг доллар даромад келтирган, у ўзи ҳеч қачон ишлатиб кўрмаган пардоз-андоз воситаларини мақтаб, тақриз ёзгани учун мукофот пули олганди. Унинг Фрэнсис Макомбер билан турмуш қурганига ўн бир йил бўлганди.
“Ўзиям зўр эркак шер экан-а, шундай эмасми? – деди Макомбер. Хотини энди унга қаради. У иккала эркакка гўёки уларни аввал ҳеч қачон кўрмагандек тикилди. Уларнинг бири Вильсон – оқ танли овчи, уни ҳақиқатдан ҳам аввал ҳеч қачон кўрмаганлигини биларди. Вильсон ўрта бўйли, сочлари сарғиш, тик мўйловли, ўта қизғиш юзли ва ҳаддан ташқари совуқ мовий кўзлари бурчагида билинар-билинмас оқ ажинлари бор киши бўлиб, кулган пайтида ажинлари яққол кўзга ташланар эди. Шу чоғда Вильсон аёлга қараб жилмайди. Аёл нигоҳини унинг қизил юзидан олиб қочиб, бир унинг елкалари осилиб турган кенг кўйлагининг чап кўкраги ўрнида тикилган тўртта йирик патронга, бир унинг жигарранг гўштдор қўлларига, эски кенг шимига, яғири чиқиб кетган ботинкаларига кўз югуртирди, кейин яна қайтиб унинг қизил юзига қаради. Вильсоннинг офтобда тобланган юзидаги қизиллик пешонаси устида айлана шаклидаги оқ рангли чизиқда тўхтаганлигини, бу из эса чодир устунидаги ёғоч қозиқларнинг бирида осиғлиқ турган Стэтсон шляпаси изи эканини пайқади.
“Хўш, унда шер учун ичамиз”, – деди Роберт Вильсон. У аёлга қараб яна илжайди. Аёл эса табассум билан жавоб қилмай, эрига ғалати қараб қўйди.
Фрэнсис Макомбер новчадан келган, тана суяклари узунлигини ҳисобга олмаганда, қомати жуда хушбичим, тарошланган тим қора сочлари тўлқинсимон, лаблари бирмунча юпқа бўлиб, умуман олганда, келишган одам эди. У ҳам айнан Вильсоннники каби сафари ов кийимларини кийган, фақат ундан фарқли ўлароқ унинг кийимлари янги эди. У ўттиз беш ёшда, жисмонан бақувват, корт ўйинларида маҳоратли, балиқ овлашда бир қатор рекордлар соҳиби ҳам эди. Аммо, шунга қарамай у ҳозиргина ҳамманинг олдида ўзининг журъатсизлигини ошкор қилиб қўйганди.
“Ҳа, шер учун ичамиз”, – деди у. “Қилган яхшилигингизни ҳеч қачон қайтаролмасам керак”.
Хотини Маргарет нигоҳини ундан олиб Вильсонга юзланди. “Келинглар, шу шер ҳақида гаплашмайлик”, – деди у.
Вильсон бу сафар илжаймай унга қаради, айни шу чоғда аёл унга жилмайди.
“Бугун жуда ғалати кун бўлди”, – деди Маргарет. “Сиз шляпангизни туш пайтида ҳатто чодир остида ҳам кияр эдингиз шекилли, шундай эмасми? Эсласангиз, менга шундай дегандингиз?”
“Ҳозир ҳам кийиб олишим мумкин”, – деди Вильсон.
“Жаноб Вильсон, юзингиз жуда ҳам қизил экан”, – деди аёл унга яна жилмайиб.
“Ичкиликдан”, – деди Вильсон.
“Мен бундай деб ўйламайман”, – деди аёл. “Фрэнсис жуда кўп ичади, лекин унинг юзи ҳеч қачон қизармайди”.
“Аммо бугун қизарган”, – ҳазилга бурди Макомбер.
“Йўқ”, – деди Маргарет. “Бугун менинг юзларим қизарган. Лекин жаноб Вильсоннинг юзлари доимо қизил”.
“Наслий бўлса керак”, – деди Вильсон. “Аммо суҳбатимизга менинг юз кўринишимни мавзу қилишни хоҳламассизлар, шундай эмасми?”.
“Мен бу ҳақида эндигина гапиришни бошладим”, – деди Маргарет
“Келинглар, шуни тўхтатайлик”, – қаршилик қилди Вильсон.
“Суҳбатимиз шундай қийинлашиб кетяптики”, – жавоб қилди Маргарет.
“Эсингни йиғ, Маргарет”, – деди унга эри.
“Ҳечам қийинлашаётгани йўқ”, – қўшилди Вильсон. “У жуда зўр шерни қўлга киритди”.
Маргарет иккаловига қаради. Шунда иккиси ҳам унинг йиғлаб юборай, деб турганини кўришди. Вильсон анча пайтдан бери буни сезар ва бундай ҳолатдан чўчир эди. Макомбер эса бунинг юз беришидан илгаритдан чўчирди.
“Қанийди, шу нарса юз бермаганида эди, оҳ, қанийди бўлмаганида эди”, – деб аёл ўз чодири томон юра бошлади. Ҳеч қандай йиғи овози эшитилмас, аммо улар аёлнинг ортидан унинг эгнидаги қуёш нурини ўтказмайдиган пушти рангли кўйлаги остида елкалари титраётганини кўриб туришарди.
“Аёл хафа бўлди”, – деди Вильсон новча эркакка. “Ҳечқиси йўқ. Асаби таранг, бу нарсага бўлмаса бошқасига йиғлаётгандир”.
“Йўқ”, – деди Макомбер. “Менимча, энди бунинг учун умримнинг охиригача ўзимни койиб юраман”.
“Ҳечқиси йўқ, қўявер. Кел, яхшиси улкан қотилнинг қаердалигини аниқлаймиз”, – деди Вильсон. “Буларнинг барини унут. Нима бўлганда ҳам, эътибор қилма”.
“Уриниб кўришимиз мумкин”, – жавоб қилди Макомбер. “Ҳар ҳолда менга қилган яхшилигингни унутмайман”.
“Қўйсанг-чи”, – деди Вильсон. “Булар арзимас нарсалар”.
Шундай қилиб улар шохлари тарвақайлаб ўсган бир нечта акация дарахтлари остига қурилган лагерь чодирида, соя-салқинда ўтиришди. Ортларида харсанг тошлари сочилиб ётган қоя, олдларида тош тўла сойнинг қирғоғига қадар чўзилган ўтлоқ, нариги томонида эса чакалакзор ястаниб ётарди. Болалар тушлик учун стол тузатаётганда, улар бир-бирларидан нигоҳларини олиб қочиб, муздек лимонадларни ичиб ўтиришди. Вильсон болаларнинг ҳаммаси ҳозир бу ҳақида билишади, деб айта оларди. Шунда у Макомбернинг шахсий хизматкори стол устига идишларни қўяётган пайтда ўз хожасига ғалати қараш қилаётганини кўриб қолиб, унга сваҳили тилида бир нарсаларни шипшиди. Бола юзи оқарган ҳолда ўгирилиб кетди.
“Унга нима дединг?” – сўради Макомбер.
“Ҳеч нарса. Жонлироқ ишлашини, бўлмаса ўн бешта яхшисидан олишини айтдим.”
“Нима у? Қамчими?”
“Бу қонунга мутлақо хилоф”, – деди Вильсон. “Уларга жарима солишимни ўйлаётгандирсан?”
“Уларни ҳалиям калтаклаш билан жазолаяпсанми?”
“Ҳа, албатта. Агар улар устимдан шикоят қилиб, даъво очишса, анча тўполон кўтаришлари турган гап. Лекин ундай қилишмайди. Улар мояналаридан жарима тўлашдан кўра калтакланишни маъқул кўришади”.
“Жуда ғалати!” – деди Макомбер.
“Ғалати эмас, чиндан ҳам шундай”, – деди Вильсон. “Қайси бирини танлаган афзал? Моматалоқ бўлишними ё маошдан айрилишними?”
Вильсон бу саволни бергани учун хижолат тортди ва Макомберни жавоб беришга қўймай яна гапида давом этди: “Ҳаммамиз ҳам бир кунмас бир кун қонунга хилоф бирор иш тутамиз, буни сиз ҳам биласиз. У ёки бу йўл билан”.
Бу энг яхши жавоб бўлди. “Ўзингга шукур, худойим”, – ўйлади у. “Мен устомонман, шундай эмасми?”
“Ҳа, биз ноқонуний иш қиламиз”, – деди Макомбер ҳануз унга қарамай. “Мен мана шу шер ишидан жуда афсусдаман. Бу бошқа бундай давом этмаслиги керак, сен нима дейсан? Демоқчиманки, ҳеч ким бу ҳақида эшитмайди, шундайми?”
“Сиз мени Масайя клубида бу ҳақида гапиради, демоқчимисиз?” – Вильсон унга совуқ нигоҳ билан қаради. У Макомбердан буни кутмаганди. “Бу жин ургур эркак ўлгудек қўрқоқ ҳам экан”, – ўйлади у. “Мен бугунгача уни анча ёқтириб ҳам қолгандим. Лекин бу америкаликларнинг қандай одам эканлигини олдиндан ким ҳам била оларди”.
“Йўқ”, – деди Вильсон, “Мен профессионал овчиман. Биз ўз мижозларимиз ҳақида ҳеч қачон бировга гапирмаймиз. Бундан мутлақо кўнглингиз тўқ бўлсин. Бунинг устига, биздан бировга гапирмасликни сўраш илтимоснинг хунук шакли ҳисобланади”.
У энди суҳбатга танаффус бериш яхшироқ бўлади, деб қарор қилди. Шундай пайтларда у бир ўзи овқатланиб, овқат пайти китоб ҳам ўқий оларди. Мижозлариям ўзлари овқатланиб олишар. Улар билан Сафари давомида жуда расмий кўришарди – французлар буни нима деб аташарди? Ўзгача назар – бу ҳиссий расвогарчиликни бошдан ўтказишга тўғри келишидан кўра анча енгилроқ кўриниш касб этарди. Бундай пайтларда у Макомберни хафа қилиб қўйиши ва орада анча очиқ масофа пайдо қилиб қўйиши мумкин эди. Шундай вазиятларда у якка ўзи овқатланишга ўтириб, китоб ўқир ва ҳатто уларнинг вискисидан ҳам ичарди. Агар Сафарида ов бароридан келмаса одатда шундай жумла ишлатилади. Бирор оқ танли овчига бориб: “Ишлар қандай кетяпти? – деб сўрайсиз. У сизга: “Оҳ, мен ҳалиям мижозларимнинг вискисини ичиб юрибман”, – деб жавоб беради. Ана шунда сиз ҳамма иш барбод эканлигини билиб оласиз.
“Афсусдаман”, – деди Макомбер ва ўрта ёш бўлишига қарамай ҳалиям ўзининг йигитлик қиёфасини сақлаб қолган америкаликларга хос юз билан Вильсонга қаради. Шунда унинг яхши тарошланган қалин сочлари, бироз ўйноқлаган чақноқ кўзлари, хушбичим бурни, юпқа лаблари ва ярашиб турган жағи Вильсоннинг эътиборини тортди. “Узр сўрайман, мен буни тушуниб етмаган эканман. Бу ерда мен билмаган жуда кўп нарсалар бор экан”, – деди Макомбер.
“Хўш, у энди нима қилар экан-а?” – ўйлади Вильсон. У ҳаммасини тезда силлиққина тугатишга тайёр эди. Ҳозир эса манави нотавон ҳозиргина уни ҳафа қилиб қўйиб, энди кечирим сўраб ўтирибди. У яна бир бор уриниб кўрди. “Менинг гапларимга эътибор қилма”, – деди у. “Мен шунинг орқасидан нон топаман. Билсанг, Африкада ҳеч бир аёл ўз арслонини қўлдан чиқармайди ва сара нарсани кўрган ҳеч бир оқ танли эркак ортга чекинмайди”.
“Мен эса қуёндек қочдим”, – деди Макомбер.
“Бундай гапни гапириб турган эркакни энди нима қилиш керак?” – ҳайрон бўлиб ўйланди Вильсон. Вильсон Макомберга ўзининг совуқ, найзадек ўткир кўк кўзларини қадади. Макомбер эса унга жилмайиш билан жавоб қилди. Хафа бўлганида кўзлари қандай боқишига эътибор қилинмаса, унинг табассуми ёқимли кўринарди.
“Балки қўтос овида мен бу ишни тўғрилаб кетарман”, – деди у. “Кейинги сафарида қўтос овлашга борамиз, шундайми?”
“Истасанг, эртага тонг саҳарда борамиз”, – деди Вильсон унга. Балки у кўнгил учун шундай деяётган эди. Лекин ҳозирги вазиятда бу энг маъқул йўл эди. Ҳеч қачон бирор америкалик ҳақида қатъий бир фикр айтиб бўлмайди. У Макомберга яна батамом ён босди. Эҳ, қанийди ўша тонгни унута олсанг эди. Аммо афсуски, бундай қила олмайсан. Уларнинг келгани қанчалик кўнгилсиз бўлса, тонг ҳам шунчалик кўнгилсиз ўтган эди.
“Ана, Мемсоҳиб келди”, – деди у. Аёл ўз чодири тарафдан юриб келар, тетик, хушчақчақ ва жуда ёқимли кўринарди. Юзлари чўзиқ эди. Шу даража чўзиқки, кўрган одам уни анқов, деб ўйларди. Аммо у ақлдан озмаган, ўйлади Вильсон. Йўқ, у аҳмоқ эмас.
“Чиройли қизил юзли жаноб Вильсоннинг аҳволлари қалай?” – илтифот қилди аёл. “Сен-чи, азизим Фрэнсис, ўзингни яхши ҳис қиляпсанми?”
“О, жуда яхши”, – деди Макомбер.
“Мен барчасини миямдан чиқариб ташладим”, – деди аёл стол атрофига ўтираркан. “Фрэнсиснинг шер овлашда қай даража яхши эканлиги ёки ундай эмаслигининг қанчалар аҳамияти бор? Ахир бу унинг қилиб юрган иши эмас-ку? Бу жаноб Вильсоннинг соҳаси. Жаноб Вильсон ҳақиқатдан ҳам ҳар қандай жониворнинг жонини қойилмақом қилиб олади. Сиз ҳамма нарсани овлай оласиз, шундай эмасми?”
“Ҳа, албатта, ҳар қандай нарсани”, – деди Вильсон. “Муаммосиз, дуч келган ҳар қандай нарсани”. Улар, ўйлади Вильсон, дунёдаги энг мураккаб, энг бешафқат, энг ваҳший ва энг жозибадор аёллардир. Уларнинг феъл-атвори оғирлигидан эркаклари ювош бўлиб қолишган ёки асабийлашавериб адойи тамом бўлишган. Балки бу аёллар ўзлари бошқара оладиган эркакларни танлаб олишармикан? Аммо улар турмушга чиқадиган ёшларида бу даражада кўп нарсани била олмайдилар, ўйлади Вильсон. У шу чоққача америкалик аёлларнинг табиатини яхши ўрганиб олганидан ҳозир жуда хурсанд эди, чунки рўпарасида турган мана буниси ҳаммасидан ҳам ўта жозибали эди.
“Эрта тонгда қўтос овлашга кетяпмиз”, – деди у аёлга.
“Мен ҳам сизлар билан бораман”, – деди аёл.
“Йўқ, сиз бормайсиз”.
“Оҳ, борганда қандоқ. Бораман-а, Фрэнсис?”
“Лагерда қолсанг бўлмайдими?”
“Ҳечам-да”, – деди аёл, “Бугунгидек томошани асло ўтказиб юбормоқчи эмасман”.
“Бироз аввал у зарда қилганча чодирига кетаётганида”, – ўйлади Вильсон, “йиғлагани кетган пайтда жуда гўзал бўлиб кўринаркан”. Вильсонга аёл айни дамда унинг кўнглидан кечаётганларни фаҳмлаб тургандек ва хафа қилинган пайтда бошқаларга қандай латофатли кўринишини ўзи ҳам биладигандек туюлди. “Йигирма дақиқа олдин йиғлаб кетворганди, ҳозир эса одатдаги бир америкалик тошбағир аёл қиёфасида қайтиб келди. Бу америкалик хонимлар дунёнинг энг қаҳри қаттиқ аёллари бўлишади. Чиндан ҳам, жин ургур аёллар улар”.
“Биз сенга эртага бошқача томоша кўрсатамиз”, – деди Фрэнсис Макомбер.
“Сиз бормайсиз”, – деди Вильсон ҳам аёлга.
“Қаттиқ адашасиз”, – деди аёл унга. “Мен бу ишни сиз қандай қойиллатишингизни яна кўришни хоҳлайман. Бу тонгда сиз жуда ёқимли эдингиз. Жониворларнинг калласини учириб юборишингизни томоша қилиш нақадар ёқимли”.
“Мана, тушлик ҳам тайёр”, – деди Вильсон. “Сен жуда қувноқ кўринасан, азизим?”
“Нега ундай бўлмасин? Ахир мен бу ерга зерикиш учун келганим йўқ-ку!”.
“Албатта шундай, лекин менимча шу пайтгача зерикарли бўлгани йўқ”, – деди Вильсон. У анча олисдан оқиб ўтган дарёдаги харсанг тошларни, нариги бетдаги тик қирғоқни, дарахтларни кўриб турар, шу тобда негадир ўша кунги тонгни эслади.
“О, йўқ”, – деди аёл. “У кун жуда ажойиб, мафтункор бўлди. Эртанги кун ҳам шундай бўлади. Мен эртанги кунни қанчалик сабрсизлик билан кутаётганлигимни билсангиз эди”.
“У сенга товушқон гўштини таклиф этмоқда”, – деди Вильсон.
“Улар қуёнларга ўхшаб сакрайдиган йирик қўрқоқ жониворлар, шундай эмасми?”
“Фикримча, мана шу таъриф уларга мос”, – деди Вильсон.
“Гўшти жуда мазали”, – деди Макомбер.
“Уни сен отдингми, Фрэнсис?” – сўради аёл.
“Ҳа”.
“Улар хавфли эмас, шундайми?”
“Фақатгина устингга ташланишмаса бас”, – деди унга Вильсон.
“Жуда хурсандман”.
“Ноз-карашмани бас қилсанг-чи, Маргот!” – деди Макомбер товушқон гўшти бўлагини кесиб санчқи тескари санчилган гўшт бўлаги устига бироз картошка пюреси, гўшт қайласи ва сабзи қўяркан.
“Ўйлашимча, бас қила оламан”, – деди аёл. “Сен шундай чиройли қўясан-у мен бас қилмайманми?”
“Бугун кечқурун шер учун шампань ичамиз”, – деди Вильсон. “Туш пайти жуда исиб кетяпти”.
“Ҳа, айтганча, шер масаласи”, – деди Маргот. “Мен шерни унутибман-ку!”.
Шундай қилиб, ўзича ўйлади Роберт Вильсон, у эрининг ярасига туз сепиб менга туртки беряпти, шундай эмасми? Ёки бу унинг яхшигина бир томоша кўрсатиш режасимикан? Эрининг ўлгудек қўрқоқлигини билиб қолган аёл ўзини қандоқ тутиши керак? У ўта тошбағир, лекин аёлларнинг ҳаммаси ҳам тошбағир. Албатта, улар эрларига ўз ҳукмларини ўтказишади, ҳукм ўтказиш учун эса баъзан тошбағир ҳам бўлиб туриш керак. Мен умрим давомида аёлларнинг қанчалар ёвузликлар қилишганини етарлича кўриб келмоқдаман.
“Яна бироз товушқон гўштидан ейсизми?” – деди у аёлга илтифот билан.
Ўша куни тушдан сўнг Вильсон ва Макомбер маҳаллий ҳайдовчи ва икки нафар қурол ташувчи ҳамроҳлигида автомашинада жўнаб кетишди. Макомбер хоним лагерда қолди. Ташқарида юриш менга жуда иссиқлик қиляпти, деди аёл ва улар билан эртаси куни тонг саҳарда боришини айтди.
Улар машинада йироқлашишар экан Вильсон катта дарахт остида турган аёл оч қирмизи хакисида янада соҳибжамол кўриниб турганлигини кўрди. Пешонасидан орқага қараб таралган тим қора сочлари бир ўрамга тугилган ҳолда бўйнининг пастки қисмига тушиб турарди. “Юзлари гўёки у Англияда бўлганидагидек дуркун”, – ўйлади Вильсон. Машина баланд ўсган ўтлар уюми орасидан ўтиб, дарахтлар оралаб мевали буталар билан қопланган тепаликлар томон йироқлаб кетар экан, аёл уларга қўл силкиди.
Мевали бутазор ичида улар импала (антилопанинг бир тури) подасини топишди ва машинани қолдириб пода ортидан пиёдалаб кетишаётганида узун шохлари кенг ёйилган ёввойи қари импалага дуч келишди. Макомбер импалани 200 метрча масофадан туриб қойилмақом уриб қулатди. Ўқ овозидан чўчиб кетган пода ақл бовар қилмас даражада талвасага тушиб, ёввойиларча тум-тарақайлаб сакраб, туёқларини йиғиб олган ҳолатда бир-бирларининг устидан узун-узун масофа ошиб қоча бошлашди. Бундай жунбушга келган подани биров тушда кўришниям тасаввур қилолмасди.
“Яхши отдинг”, – деди Вильсон. “Аммо улар биз учун кичик ов”.
“Бунинг боши арзимайдими?” – сўради Макомбер.
“Жуда зўр”, – деди унга Вильсон. “Агар шундай отсанг муаммога дуч келмайсан”.
“Нима деб ўйлайсан, эртага қўтос топа олармиканмиз?”
“Бунинг учун зўр имконият бор. Улар эрта тонгда ўтлагани чиқишади, омадимиз келиб уларни очиқ ўтлоқда тутишимиз мумкин”.
“Ўша шер ишидаги айбимни ювиб ўзимни оқлашни хоҳлардим”, – деди Макомбер. “Шунга ўхшаш иш қилганингни хотининг кўриб қолиши унча ҳам хуш бўлмаган ҳолат”.
Аслида бундай иш қилганингни тан олиб гапиришнинг ўзи уни хотининг кўриб қолганидан ҳам нохушроқ ҳолат, ўйлади Вильсон, Аммо у: “Мен бу ҳақида бошқа ўйламаган бўлардим. Ҳар қандай киши ҳам ўзининг биринчи марта қилган шер овидан кўнгли тўлмаслиги мумкин. Бу иш ёпилди, тамом”, – деди.
Аммо ўша куни тунда кечки овқатдан кейин гулхан олдида ширин газли сув ва виски ичганидан сўнг Фрэнсис Макомбер уйқуга кетишдан олдин устига пашшахона тўсиғи ўрнатилган кроватга ётиб, тун шовқинларига қулоқ тутаркан, ҳали ҳаммаси тугамаган эди. Аслида, барчаси на тугаган, на бошланганди. Ўша воқеа кўз ўнгида қандай юз берган бўлса, худди ўшандай унутиб бўлмас тафсилотлари билан жонланди ва у бундан жудаям уялиб кетди. Лекин ичида уятдан кўра кўпроқ совуқ қалтироқни, қўрқувни ҳис этди. Қўрқув ҳалиям ўша ерда, ортидан таъқиб қилувчи совуқ бўшлиқ каби бир вақтлар қатъият ҳукмрон бўлган ичини қоплаб олган, бу туйғу ўзини ёмон ҳис қилишга сабаб бўлди. Қўрқув уни тарк этмаган, ҳозир ҳам у билан бирга эди.
***
Бу қўрқув деганимиз у ўтган тунда уйғониб кетганида, қаердадир юқорироқда, дарёбўйи томонда наъра тортаётган шернинг ўкиришини эшитган маҳал бошланганди. Бу жуда кучли товуш бўлиб, хириллаган йўғон йўталга ўхшаш овоздан шер гўёки шундоққина чодир ташқарисида тургандек туюларди. Чўчиб уйғониб кетган Фрэнсис Макомбер бу овозни эшитгач қўрқиб кетди. Хотини бир текис, сокин нафас олиб-чиқариб ухлаётганди. Чодирда на ўзининг қўрққанини бировга айтадиган, на у билан бирга қўрқиб кетган бирон кимса бор эди. Ўзини ёлғиз сезиб, ҳуши учиб ётаркан, “Довюрак одам ҳар доим шердан уч марта қўрқувга тушади: биринчи марта унинг изини кўрганда, иккинчи сафар унинг наърасини эшитганда ва учинчи марта унга рўпара келганда”, деган Сомали халқ мақолидан унинг хабари йўқ эди.
Тонг ғира-ширасида, қуёш кўтарилишидан аввал ҳаммалари фонус-чироқ ёруғида ошхона-чодирда нонушта қилиб ўтиришган маҳал шер яна наъра тортди. Фрэнсис шер шундоққина ёнида, лагерь четида турибди, деб ўйлади.
“Худди эски таймердек овоз чиқаради-я”, – деди Роберт Вильсон дудланган балиқ ва қаҳвадан бошини кўтариб. “Унинг ўкиришга бир қулоқ тутинг-а!”
“У жуда яқин жойдами?”
“Бир ярим километр нарида ёки жилға бўйида”.
“Биз уни кўра оламизми?”
“Кўрамиз”.
“Унинг наъраси шунча узоқ жойдан етиб келадими? У гўёки шундоққина лагеримиз ёнида тургандек эшитиляпти”.
“Жуда олис жойдан ҳам етиб келади”, – деди Роберт Вильсон. “Ажабланарлиси шуки, унинг овозини сўқмоқ йўллар олиб келади. У овлашга арзийдиган шер, деб умид қиламан. Шу атрофда жуда катта бир эркак шер борлиги ҳақида йигитларим айтишганди”.
“Агар мен унга ўқ отадиган бўлсам, уни тўхтатишим учун қаерини нишонга олишим керак?” – сўради Макомбер.
“Елкаларини”, – деди Вильсон. “Уддалай олсанг – бўйнини. Ўзингга қатъий ишонч билан суягига от. Уни ер тишлат”.
“Мўлжалга аниқ ура оламан, деб умид қиламан”, – деди Макомбер.
“Сен жуда яхши отасан”, – деди унга Вильсон. “Пайтини топ. Ишончинг комил бўлсин. Биринчи теккан ўқ ҳисобни ҳал қилади”.
“Энг мақбул масофа қанча бўлиши керак?”
“Бир нарса деёлмайман. Бу шерга ҳам боғлиқ. У ишончинг ҳосил бўладиган масофада сенга яқинлашмагунча унга ўқ узма”.
“Бу юз метрдан кам масофада бўладими?” – деб сўради Макомбер.
Вильсон унга ялт этиб қаради. “Юз метр атрофида тўғри бўлади. Нишонга теккизишинг учун яна бироз камроқ масофа олишинг ҳам мумкин. Юз метрдан узоқда мўлжалга урсанг, имкониятинг кўп бўлмайди. Юз метр энг маъқул масофа. Бу масофада сен унинг хоҳлаган ерига теккизишинг мумкин. Ана, Мемсоҳиб ҳам келиб қолди”.
“Хайрли тонг”, – деди аёл. “Ўша шернинг ортидан борамизми?”
“Сиз нонушта қилиб бўлишингиз биланоқ йўлга чиқамиз”, – деди Вильсон. “Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?”
“Ажойиб”, – деди аёл. “Жуда ҳаяжондаман”.
“Мен бир бориб кўрай-чи, ҳамма нарса тайёр бўлдимикан”, – дея Вильсон кетишга чоғланди. У кетаркан, шер яна наъра тортди. “Лаънати тўполончи, бақироқ!”, – деди Вильсон. “Биз бунга нуқта қўямиз”.
“Сенга нима бўлди, Фрэнсис?” – сўради хотини.
“Ҳеч нарса”, – деди Макомбер.
“Йўқ, сенга нимадир бўлган”, – деди аёл. “Сени нима хавотирга соляпти?”.
“Ҳеч нима”, – деди Макомбер.
“Менга айтасан”, – дея аёл унга тикилди. “Ўзингни яхши ҳис қилмаяпсанми?”
“Мана шу лаънати наърани деб”, – деди Макомбер, “У тун бўйи тўхтагани йўқ, тушуняпсанми?”.
“Нега мени уйғотмадинг?”, – деди аёл. “Мен унинг овозини эшитиб, жуда севинган бўлардим”.
“Бу лаънатини ўлдиришим керак”, – деди Макомбер чорасиз, ғамгин аянчли бир ҳолатда.
“Хўп бўпти, ахир сен ўзи бу ерга шунинг учун келгансан-ку, шундай эмасми?”
“Ҳа, шундай, лекин мен асабийлашяпман. Унинг наърасини эшитиш асабларимни ўйнаяпти”.
“Ундай бўлса, Вильсон айтганидек уни ўлдир ва наъра тортишига чек қўй”.
“Ҳа, азизам”, – деди Фрэнсис Макомбер, “Лекин бу айтишга осон, шундай эмасми?”
“Сен қўрқмаяпсан, тўғрими?”
“Албатта, йўқ. Аммо тун бўйи унинг наърасини эшитиб чиқишдан асабларим бузилди”.
“Сен уни қойилмақом қилиб ўлдирасан”, – деди аёл. “Мен бунга аминман. Оҳ, буни кўришни шунчалар хоҳлайман-ки!”
“Нонуштангни тугат, шундан кейин бошлаймиз”.
“Ҳали ёруғлик тушмади-ку”, – деди аёл, “Бу вақтда ов қилиш бемаънилик эмасми?”
Шу онда шер бор овози билан ўкириб наъра тортди, кўксининг тўридан чуқур нафас билан бўғзидан чиққан бу хириллаш гўёки осмонни зириллатиб юборди ва ҳавода муттасил кўтарилиб борувчи тебраниш ҳосил қилди, сўнггида оғир нафасли хирилдоқ билан тугади.
“Товушидан деярли шу ерда турганга ўхшайди”, – деди Макомбернинг хотини.
“Эй, худойим”, – деди Макомбер. “Бу лаънати овоздан нафратим қўзийди”.
“Бу жуда ажойиб”.
“Ажойиб дейсанми? Ахир бу жуда қўрқинчли-ку!”
Шу пайтда Роберт Вильсон тиржайган ҳолда ўзининг калта, беўхшов, аммо саросимага солувчи йўғон калибрли “505 Гибс” қуролини кўтариб келди.
“Қани бўл”, – деди у Макомберга, “Силоҳдоринг сенинг “Спрингфильд” милтиғинг ва катта тўппончангни олди. Ҳамма нарса машинада. Ўқ-дориларинг борми?”
“Ҳа”.
“Мен тайёрман”, – деди Макомбер хоним.
“Бу тўполон кўтараётган безорининг овозини ўчириш керак”, – деди Вильсон, “Сен машинанинг олдига ўтир. Мемсоҳиб мен билан орқа ўриндиққа ўтириши мумкин”.
Улар машинага ўтиришди ва тонгнинг илк ғира-шира ёруғида дарахтлар оралаб дарёнинг юқори қисми томон жўнаб кетишди. Макомбер милтиғининг ўқдонини очиб, у ердаги метал қопламали ўқларни кўргач лўкидонни ёпди ва милтиқ хавфсизлик сургичи – предохранителини тортиб қўйди. У қўлларининг қалтираётганини сезди. Ўқ-патронларим кўпроқмикин ишқилиб, деб чўнтагини пайпаслаб кўрди ва кителининг олд қисмидаги илгакларга қадалган патронлар устига бармоқларини текказди.
У эшиксиз, худди қутига ўхшаш машинанинг орқа ўриндиғида хотинининг ёнида ўтирган Вильсон томонга ўгирилиб қаради, иккалови ҳам хушкайфият, чақчақлашиб кетишаётганди. Шунда Вильсон олдинга эгилиб, унга пичирлади:
“Пастга шўнғиётган қушларни кўряпсанми? Бу эски танишимиз ўзи ўлдирган ўлжасини ташлаб кетганлигини англатади”.
Макомбер узоқда, дарёнинг нариги соҳилидаги дарахтларнинг устида чарх урган йиртқич қушларнинг пастга шўнғиётганини кўрди.
“Омадимиз кепқолса, шер бу ерга сув ичгани келади”, – пичирлади Вильсон. “Ўлжасини ғамлаб қўйгани кетишидан аввал. Сергак бўл”.
Улар машинани дарёнинг юқори қирғоғи бўйлаб оҳиста ҳайдаб боришарди. Бу ерда оқим дарёнинг харсанг тошларга тўла тубига қадар кескин пасайган эди. Машинада кетишар экан, баланд дарахтлар орасига бир кириб, бир чиқиб айланиб юришди. Макомбер дарёнинг нариги қирғоғини кузатиб кетаётган пайтда Вильсон унинг қўлидан ушлаганини сезди. Машина тўхтади.
“Ана у”, – деган шивирлашни эшитди Макомбер. “Рўпарада, ўнг тарафда. Машинадан туш, бориб уни қўлга кирит. Ўзиям зўр эркак шер экан.”
Шундагина Макомбер шерни кўрди. Шернинг ён тарафи баралла кўринар, улкан боши юқорига кўтарилганча уларга қараб турарди. Шу чоғда улар томон эсган тонгги шабода шернинг қора ёлларини ҳилпиратиб юборди, Дарё қирғоғининг юқори қисмида турган шернинг гавдаси ғира-шира тонг шуъласида улкан ва ҳайбатли кўринар, бақувват елкалари ва танаси салобат билан жилваланарди.
“У қанча узоқликда?” – сўради Макомбер милтиғини кўтараётиб.
“70 метр атрофида. Машинадан туш, бор, уни ўлдир.”
“Шу турган еримдан отсам бўлмайдими?”
“Машинадан туриб отмайсан-ку. Туш, борақол. Ахир шер у ерда кун бўйи кутиб турмайди сени”.
Макомбер машинанинг олд ўриндиғи ёнидаги қия очиқ жойдан зинапояга чиқиб, сўнг ерга оёқ қўйди. Шер ҳали ҳам ушбу мавжудот томон шу қадар улуғворлик ва виқор билан қараб турар, машина унинг кўзларига қандайдир бир улкан каркидоннинг ҳайбатли шарпаси каби кўринарди. У томонга ҳеч қандай одам иси таралмаётган эди чамаси ва у улкан бошини у ёқ-бу ёққа бироз ўгириб, рўпарасидаги мавжудотни кузатарди. Сўнгра у ҳеч бир қўрқувсиз қирғоқдан пастга тушди, аммо нотаниш нарсанинг қаршисида сув ичгани иккиланиб турганида бу нарсанинг инсон қиёфаси эканлигини сезиб қолди ва шу заҳоти оғир бошини ўгира солиб бор кучи билан қоча бошлади. Шиддат билан ўзини дарахтзор панасига урар экан, “бааанг” этган товушни эшитди. “30-06-220” русумидаги ўқ донасининг биқинига зарб билан текканини ҳис этди, ўқ қайнаб турган кислотали ошқозонига тешиб кирди. Дарахтлар аро қалин ўтлар ўсган пана жой томон яраланган қорни чайқалиб, оғир юк ортмоқлаб кетаётгандек қочиб борар экан, ҳавони иккига йиртиб юборгудек янграган ўқ овози ёнгинасидан ўтиб кетди. Сўнг ўқ овози яна пақиллади ва зарб билан учиб келиб қуйи қовурғасини тешиб ўтди. Шу онда шернинг оғзидан иссиқ ва кўпикли қон оқа бошлади, энди у баланд ўтлар томон йўрғалаб чопди. У жойда ерга қапишиб кўздан пана бўла олиши, пақиллаётган нарсани ўзига яқинроқ олиб келишга ундаши ва бир ҳамла билан уни ушлаб турган одамга ҳужум қилиши мумкин эди.
Макомбер машинадан чиққанида шер ўзини қандай ҳис қилаётганини ўйламаган эди. У фақатгина қўллари қалтираётганини сезар, машинадан йироқлашар экан, оёқларини ҳаракатга келтиришнинг деярли иложи қолмаганди. Оёқлари сонларида қотиб қолганди, аммо у мушаклари титраётганини ҳис қила оларди. Милтиғини кўтариб шернинг боши ва елкалари туташган жойни нишонга олди ва тепкини босди. Бармоқлари синиб кетадиган даражада босаверса ҳам ҳеч нарса юз бермади. Кейин қараса, қуролнинг хавфсизлик сургичи – предохранителини тортиб қўйган экан. Сургични жойига қайтариш учун винтовкани тушираркан, музлаб қолган оёғини олдинга ташлади. Унинг машинадан ажралиб турган шарпасини кўрган шер ортга бурилиб, шитоб билан қоча бошлади. Макомбер унга ўқ узиши билан қаттиқ ўкирикни эшитди – бу ўқ нишонга текканини англатар эди, аммо шер югуришда давом этди. Шунда Макомбер яна отди ва барчалари ўқнинг чопиб қочаётган шердан олдинроқдаги ерга тегиб, чанг кўтарилганини кўришди. У нишонни пастроқ олиб отиш кераклиги эсига тушиб, яна отди, Бу сафар барчалари ўқнинг нишонга текканини эшитишди. Энди шер йўрғалаб кета бошлади ва баланд ўтларнинг ичига кириши заҳоти яна бир ўқ зарбидан олдинга учиб тушди. Макомбер турган ерида кўнгли айниб туриб қолди, “Спрингфильд”ни тутган қўллари ҳамон юқори кўтарилган ҳолда туриб қолган ва қалтирарди, хотини ва Роберт Вильсон унинг ёнида туришарди. Шунингдек, ёнида икки нафар қуролбардори ҳам бор эди, улар Вакамба тилида нималарнидир вайсашаётган эди.
“Унга теккиздим”, – деди Макомбер. “Унга икки марта теккиздим”.
“Унинг қорнига отдинг ва тана қисмининг қайсидир бошқа жойига ҳам теккиздинг”, – деди Вильсон бепарволик билан. Қуролбардорлар жуда хавотирли кўринишарди. Улар энди жим бўлиб қолишган эди.
“Уни ўлдирган бўлишинг ҳам мумкин”, – давом этди Вильсон. “Бориб кўришимиздан олдин бироз кутишимизга тўғри келади.”
“Бу нима деганинг?”
“Уни таъқиб қилишимиздан аввал аҳволи оғирлашишига қўйиб бер”.
“Ҳа-я”, – деди Макомбер.
“Жин ургур, жуда зўр эркак шер экан”, – деди Вильсон хурсандлик билан. “Аммо ёмон жойга кириб олди”.
“Нимага ёмон?”
“Тепасига бормагунингча уни кўролмайсан”.
“Ҳа…”, – деди Макомбер.
“Қани, юр”, – деди Вильсон. “Мемсоҳиб машинада қолиши мумкин, Биз бориб қон изларини топамиз”.
“Шу ерда қол, Маргот”, – деди Макомбер хотинига. Оғзи қуруқшаб, тили қотиб қолаёзган, гапириш унинг учун қийин бўлиб қолганди.
“Нима учун?” – сўради аёл.
“Вильсон шундай деяпти”.
“Биз шерни кўришга кетяпмиз”, – деди Вильсон. “Сиз шу ерда қолинг. Бу ердан туриб ҳатто у ердагидан ҳам яхшироқ кузатишингиз мумкин”.
“Хўп, майли”.
Сўнг улар қирғоқнинг тик қиялигидан пастга тушишди, дарёдан кечиб, харсанг тошлар оша айланиб ўтиб, туртиб чиқиб турган илдизларга тирмашиб, нариги қирғоққа етиб олишди, ахири қирғоқ бўйлаб юраркан Макомбер биринчи марта отганида шер чопқиллаб югурган жойни топишди. Қуролбардорлар ўтлар поясидаги қон изларини пайқаб қолишди, шу жойда ўсган пастак ўтлар усти қора қонга беланган, из дарё қирғоғидаги дарахтлар ортига қараб кетган эди.
“Нима қиламиз?” – сўради Макомбер.
“Танлаш имкониятимиз кўп эмас”, – деди Вильсон. “Машинани бу ерга олиб келолмаймиз. Қирғоқ жуда тик қияликда. Шернинг аҳволи бироз танг бўлишига йўл қўйиб берайлик, кейин иккаламиз ичкарироқ кириб уни излаб кўрамиз”.
“Ўт-ўланларни ёқиб юборсак бўлмайдими?” – сўради Макомбер.
“Ўтлар кўм-кўк, жуда нам”.
“Ҳайвон ҳуркитувчиларни жўнатсак бўлмайдими?”
Вильсон унга маънодор нигоҳ ташлади. “Албатта, жўнатишимиз мумкин”, – деди у. “Аммо ғазабнок шер тегсанг ўлдирадиган бўлиб турибди. Менга қара, биз шернинг ярадорлигини биламиз. Сен яраланмаган шерни бутазордан ҳайдаб чиқаришинг мумкин – у шовқин-сурондан қочиб олдинга қараб юради, аммо яраланган шер яшириниб, куч йиғиб ҳужумга ўтади. Тепасидан чиқиб қолмагунингча уни кўролмайсан. У ерга қапишиб ўзини шу қадар усталик билан беркинадики, ҳатто қуён ҳам бу қадар яширина олмайди. Бунақанги томошага болаларни жўната олмайсан-ку! Кимнингдир майиб бўлиши турган гап”.
“Қуролбардорлар-чи?”
“Ээ, ахир улар биз билан боришади-ку. Бу уларнинг бурчи. Билсанг, уларнинг ўзлари шунга рози бўлиб, имзо қўйишган. Шунга қарамай, улар бундан унчалар ҳам хурсанд кўринишмаяпти, шундай эмасми?”
“Мен у ерга боришни хоҳламайман”, – деди Макомбер айтмоқчи бўлиб ичида сақлаб юрган гапи лоп этиб оғзидан чиқиб кетиб.
“Мен ҳам хоҳламайман”, – деди Вильсон хушчақчақлик билан. “Аммо, очиғини айтсам, бошқа чорамиз йўқ”. Сўнг хаёлига нимадир фикр келгандек бирдан Макомберга тикилди ва унинг қалтираётганини, юзидаги ачинарли ҳолатни кўрди.
“Албатта, хоҳламасанг сен боришинг шарт эмас”, – деди у. “Мен шунинг учун ёлланганимни энди тушунгандирсан. Мана шунинг учун ҳам менинг нархим жуда қиммат”.
“Бир ўзим бораман, демоқчимисан? Шерни ўша ерда қолдирсак бўлмайдими?”
Бутун аъмоли шерлар ва улар билан боғлиқ саргузаштларга қаратилган ва айни пайтда Макомбер ҳақида унинг анчагина тутуриқсиз эканлигидан бошқача фикрда бўлмаган Роберт Вильсон ўзини гўёки тўсатдан меҳмонхонада адашиб бошқа эшикни очиб юбориб, шармандали ҳолатнинг устидан чиқиб қолгандек ҳис қилди.
“Бу нима деганинг?”
“Уни шундоқ ташлаб кетаверсак бўлмайдими?”
“Ўзимизни гўёки у отилмагандек тутишимизни айтмоқчимисан?”
“Йўқ, шунчаки бу ишни тўхтатайлик”.
“Бундай қилиб бўлмайди”.
“Нима учун?”
“Биринчи сабаб, яраланган шернинг ғазабдан қутуриши турган гап. Иккинчи сабаб, кимдир унга тўқнаш келиб қолиши мумкин.”
“Тушунарли”.
“Аммо сен ҳам ўзингни ўққа-чўққа уришинг шартмас”.
“Мен буни истайман”, – деди Макомбер. “Лекин, қўрқяпман”.
“Бутазор ичига кирганимизда мен олдинда бораман”, – деди Вильсон. “Конголик қуролбардор билан изни таъқиб қилиб юрамиз. Сен менинг ортимда, бироз ён томондан борасан. Агар шернинг ўкиришини эшитсак омадимиз келгани шу бўлади. Агар уни кўрсак иккимиз ҳам отамиз. Ҳеч нарсадан ташвишланма. Мен олдинда сени ўзим тўсиб тураман. Аслини олганда, балки бормасанг ҳам яхши бўлармиди, дейман. Ҳа, бормаслигинг жуда яхши бўлади. Ишни битириб келгунимча сен шу ерда тўхтасанг, Мемсоҳибнинг ёнига бориб у билан бирга турсанг бўлмайдими?”
“Йўқ, мен давом эттиришни хоҳлайман”.
“Хўп, майли”, – деди Вильсон. Аммо, бутазор ичига киришни истамаётган бўлсанг кирмай қўя қол. Биласан-ку, бу ёғи энди менинг вазифам”.
“Йўқ, мен ҳам боришни хоҳлайман”, – деди Макомбер.
Улар дарахт остида ўтириб тамаки тутатишди. “Биз бу ерда кутиб ўтиргунимизча сен ортга қайтиб, Мемсоҳибга бир гапни айтиб қўйсанг-чи?”
“Йўқ, бормайман”.
“Унда мен шундоқ ортга қайтиб, унга сабр қилиб туришини айтиб келаман”.
“Майли”, – деди Макомбер. У кафти терлаб, оғзи қуруқшаб, қорнида қандайдир бўшлиқ ҳис қилган кўйи ерда ўтирарди. Бир ўзи бутазорга бориб шернинг ишини бир ўзи ҳал қилишини Вильсонга айтиш учун журъат топишни хоҳларди. У Вильсоннинг ғазабдан қони қайнаётганини билмас, чунки ўзининг бироз аввалги ҳолатини ўзиям пайқамаган, шу сабабли хотинининг олдига Вильсонни жўнатган эди. У ерда ўтираркан, Вильсон қайтиб келди. “Сенинг катта милтиғингни олиб келдим”, – деди у. “Ма, ол. Ўйлашимча, шерга етарлича вақт бердик. Қани, юр, кетдик энди”.
Макомбер катта милтиқни қўлига олди. Вильсон унга: “Орқамда юр, беш метрча ўнгроқда бўл, нима десам худди шундоқ қил”, – деди. Сўнг у хомуш тортиб қолган икки қуролбардорга Сваҳили тилида нималарнидир гапирди.
“Қани, кетдик”, – деди у.
“Сув ичиб олсам бўладими?” – сўради Макомбер. Вильсон камарига сувдон тақиб олган ёши кексароқ қуролбардорга сваҳилича мурожаат қилди, у одам сувдон қадоғини ечиб, қопқоғини бураб очди ва Макомберга узатди. Макомбер сувдонни олаётиб, унинг қанчалар оғирлигини, қўлидаги кигиз қопламанинг нечоғли пахмоқлиги ва қўлбола ясалганлигини пайқади. Идишдаги сувни ичиш учун кўтариб, олдиндаги баланд ўтларга, улар ортидаги бир текис ўсган дарахтларга қаради. Улар томон майин шабода эсаётган, ўтлар шамолда оҳиста шитирларди. У қуролбардорга қараб, унинг ҳам қўрқувдан азоб чекаётганини кўрди. Ўтлар ичида, 35 метрча нарида улкан шер ер билан теп-текис бўлиб пусиб ётарди. У қулоқларини орқага буккан ҳолда қотиб ётар, биргина ҳаракати бир тутам қора ёлли узун думини билинар-билинмас тепага ва пастга ўйнатишдан иборат эди. У ушбу пана жойга кириб олиши биланоқ бутун диққатини ўзини таъқиб қилаётганларга қаратган, қорнидаги ўткир жароҳатдан аҳволи ёмонлашган, ўпкасидаги оғриқдан ҳар сафар нафас олганида оғзига бироз қон аралаш қизғиш кўпик келар, борган сари заифлашиб бораётганди. Тўшининг икки ёни ҳўл ва қизиб кетган, қизғиш жигарранг терисида ўқлардан қолган кичик очиқ жароҳатлар устига пашшалар қўнган, нафратга тўла катта сариқ кўзлари тўғри олдинга қараб тикилганди. У кўзларини фақат нафас олиши туфайли азоб бераётган оғриқдан қоқиб қўяр, узун тирноқли панжалари қуёшда қизиган юмшоқ ерга қадалганди. Ундаги ҳамма нарса – оғриғи, оғир аҳволи, қаҳр-ғазаби ва вужудида қолган бор кучи – содир бўлиши кутилаётган кескин бир ҳамла учун асқотадиган мутлақ эътиборга жамланаётган эди. У одамларнинг гаплашаётганини эшитар, улар ўтлоққа киришлари биланоқ уларга қиладиган ҳужуми учун лозим бўлган мана шу тайёргарликка ўзида борини жамлаб пойлаб ётарди. Уларнинг овозини эшитиши билан шернинг думи қотиб, тепага ва пастга ўйнай бошлади, улар бутазор ичига киришлари заҳоти хириллаб, ҳужумга шайланди. Олдинда конголик кекса қуролбардор қон изига қараб борар, Вильсон ўтларда бирон қимирлаш бўлишини кузатар, катта қуролини шай қилганди, иккинчи қуролбардор эса олдинга қараб аланглаб, ҳар қандай шарпани жон қулоғи билан тингларди.
Макомбер Вильсонга яқин турар, унинг милтиғи ўқланганди. Иккалови бутазорга эндигина киришган ҳам эдики, Макомбер қон аралаш бўғиқ, йўталсифат хириллашни эшитди ва ўтлар орасидан шитоб билан келаётган кескин ҳаракатни кўрди. Макомбер қўрқувдан тамоман эсанкираб қолди. Унинг билган ягона нарсаси ортга қараб қочиш эди. У саросимага тушиб телбаларча қоча бошлади. Очиқ сайҳонликка қочиб чиқиб, у ердан дарё томон югурди.
Шунда у Вильсоннинг винтовкасидан “ба-баанг” этиб чиққан гумбурлашни эшитди ва ортидан яна иккинчи “ба-баанг”ни эшитди, ортига ўгирилиб, аянчли аҳволга тушиб қолган шерни кўрди, унинг калласи гўё иккига ажралиб кетган, у баланд майсалар четида Вильсон томон судралиб борарди. Қизил юзли эркак эса кўримсиз калта винтовкасини ўқлаб, эҳтиёткорлик билан нишонга олди ва қуролдан яна бир гумбурлаган “ба-баанг” деган овоз чиқди. Шернинг ўрмалаётган, оғир, сариқ жасади жойида қотиб қолди ва тилка-пора бўлиб кетган улкан боши олдинга “шилқ” этиб тушди. Қочиб кетаётган жойида, очиқ сайҳонликда қўлида ўқланган милтиғи билан бир ўзи турган Макомбер ортига ўгирилиб, икки нафар қора танли ва бир нафар оқ танли эркакнинг унга хотиржам қараб туришларидан шернинг ўлганини билди. У Вильсон турган томонга юриб келди, афтидан иснодга қолгани кўриниб турарди.
Вильсон эса унга қараб: “Расмга олишни хоҳлайсанми?” – деб сўради.
“Йўқ”, – деди Макомбер.
Улар машина турган жойга етгунларига қадар ҳеч ким бир оғиз сўз гапирмади. Сўнг Вильсон:
“Жин ургур, шер жуда зўр экан. Йигитлар унинг терисини шилиб олишади. Биз унгача шу ерда сояда турсак ҳам бўлади”, – деб айтди.
Вильсон машинанинг олд ўриндиғида, Макомбер эса орқа ўриндиқда хотинининг ёнида ўтирар, на хотини унга қарар, ва на у хотинига қарарди. Шунда у хотинининг юзига қарамасдан унинг қўлидан тутган эди, хотини қўлини тортиб олди. У дарёнинг нариги томонида қуролбардорлар шернинг терисини шилишаётган жойга қараб туриб, хотини бўлиб ўтган ишларнинг ҳаммасини кўрганлигини тушуниб етди. Учалови ўша ерда машинада ўтиришганида хотини олдинга энгашиб, қўлларини олд ўриндиқдаги Вильсоннинг елкаларига қўйди. Вильсон ўгирилиб қараганди, аёл пастак ўриндиқ оша олдинга энгашди ва унинг лабларидан ўпиб олди.
“Ҳа, ҳалиги…”, – деди Вильсон хижолатдан офтобда тобланган табиий рангидан ҳам қизариб кетиб.
“Жаноб Роберт Вильсон”, – деди аёл. “Қизил юзли, ўктам жаноб Вильсон”.
Сўнг у яна ортга, Макомбернинг ёнига ўтириб, дарё оша шер ётган тарафга қаради. Қора танли одамлар унинг терисини шилиб олишар экан, оппоқ мускулли, пайлари чиқиб турган яланғоч олд оёқлари юқорига кўтарилган, оқ қорни шиширилган эди. Ниҳоят, қуролбардорлар ҳўл ва оғир терини олиб келиб, машинанинг орқасига чиқишдан аввал терини ўраб, жойлашди, сўнг машина жойидан қўзғалди. Улар лагерга қайтиб келгунларига қадар ҳеч ким ортиқча бирор сўз гапирмади.
***
Шер билан бўлиб ўтган воқеа мана шулардан иборат эди. Макомбер шер кескин ҳамласини бошлашидан аввал на ҳамла қилаётганида оғзига “.505” номерли милтиқнинг ўқи 2 тонна вазн тезлигида ақл бовар қилмас зарба билан келиб текканида ўзини қандай ҳис қилганини, на шундан сўнг иккинчи, даҳшатли гумбурлаган товушли зарб терисини тилка-пора қилганида ҳам шернинг ташланишдан тўхтамаганига, ўзини яксон қилиб гумбурлаган, портлаган овоз томон судралишда давом этганига нима туртки бўлганини билмас эди. Вильсон эса бу ҳақида ниманидир билар, буни фақатгина “Лаънати, зўр шер экан ўзиям!” дейиш билангина ифодалаб қўя қолди. Аммо Макомбер Вильсоннинг ўша пайтда кўнглидан нималарни ўтказганини ҳам билмасди. У хотинининг ўзидан ҳафсаласи пир бўлганидан ташқари яна кўнглига нимани тугиб қўйганлигини ҳам билмасди.
Хотини аввал ҳам ундан безган пайтлар бўлган, аммо бу узоқ давом этмаганди. Чунки у жуда бадавлат бўлиб, бундан ҳам бадавлатроқ бўлиши муқаррар эди ва у хотини уни ҳеч қачон ташлаб кетолмаслигини биларди. Бу у ҳақиқатдан ҳам билган баъзи нарсалардан бири эди. Яна у мана булар ҳақида ҳам биларди: аввало мотоцикллар ҳақида, кейин машиналар ҳақида, ўрдак ови-ю балиқ ови ҳақида, хон балиқ, сулаймон балиқ ва чексиз денгиз ҳақида, жинсий яқинлик ҳақида ёзилган китоблар ҳақида, кўп, жуда кўп китоблар ҳақида, корт ўйинлари ҳақида, итлар ҳақида, бироз отлар ҳақида, пулига ишониб яшаш ҳақида, ўз дунёси билан боғлиқ бўлган бошқа кўп нарсалар ҳақида ва ниҳоят хотини уни ташлаб кетолмаслиги ҳақида биларди. Хотини ўта чиройли бўлиб, ҳозир ҳам Африкадаги энг гўзал аёл эди, аммо эндиликда у уйда эрини, тўғрироғи, ўзини ташлаб кета олиш даражасида гўзал эмасди, буни ўзи ҳам, эри ҳам яхши биларди. У ортиқ эрини ташлаб кетиш имкониятини бой берган, буни Макомбер яхши биларди. Агар у аёллар билан яхши чиқишиб кета олганида эди, балки хотинини эрим бошқа бир янги, чиройли хотин топиб олади, дея ўзи ҳақида хавотирга туширармиди. Аммо хотини ундан хавотирланмайдиган даражада у ҳақида жуда кўп нарса биларди. Яна у ҳамиша бағрикенг бўлган, бу эридаги энг яхши хислатдай туюлганди, агарки энг қабиҳи бўлмаса.
Хуллас, улар деярли бахтли турмуш қурган жуфтлик, деб саналар эди. Оиланинг таназзули ҳақидаги миш-мишлар тез-тез тарқаб турган, аммо бу ҳеч қачон амалга ошмаганди. Жамоатчи мухбир буни ўзининг “Қайғули Африка” деб танилган мақоласида ифодалаганидек, улар Сафари ови орқали ўзларининг кўп ҳасад қилинадиган чексиз ишқий муносабатларига ов саргузаштларидан кўра кўпроқ зеб беришаётган эди. Кейинчалик Мартин Жонс буни кумуш экранларда жуда кўп ёритди, унда улар қари шер Симбани, қўтосни ва фил Тембони таъқиб қилиш билан бирга Табиат тарихи музейи учун экспонатлар тўплашар эди. Айнан шу мухбир ўтмишда камида уч марта уларнинг ришталари интиҳо ёқасига келиб қолганлиги ҳақида хабар берган эди. Аммо улар ҳеч қачон бунга йўл қўйишмасди. Бирга қолишлари учун уларда мустаҳкам асос бор эди. Маргот эри у билан ажраша олмайдиган даражада гўзал, Макомбер ҳам аёли уни ташлаб кета олмайдиган даражада бой эди.
***
Соат тонгги учлар атрофида, шер ҳақида ўйлашдан тўхтаб, бироз уйқуга толган Фрэнсис Макомбер чўчиб уйғониб кетди, лекин сал туриб яна кўзи илинди. Тушида ўз устида шернинг қонли калласи турганлигини кўриб, яна чўчиб уйғонди. Юраги дукирлаб ураётганини тинглаётиб, чодирдаги нариги тўшакда хотинининг йўқлигини пайқаб қолди. Ушбу бохабарлик билан икки соатча уйғоқ ётди. Бир маҳал хотини чодирга аста кириб келди ва пашшахонасини кўтариб, тўшакка сирғалиб кириб ётиб олди.
“Қаерда эдинг?” – сўради Макомбер қоронғуликда.
“Салом”, – деди аёл. “Уйғоқмисан?”
“Қаерда эдинг?”
“Тоза ҳавода нафас олиш учун эндигина ташқарига чиққандим”.
“Бекор гапни айтибсан”.
“Нима дейишимни хоҳлайсан, азизим?”
“Қаерда эдинг?”
“Тоза ҳаво олиш учун ташқарига чиққандим”.
“Қилмишингга энди шунақа янги баҳона топдингми? Сен фоҳишасан”.
“Хўш, сен-чи? Сен қўрқоқсан!”
“Хўп, яхши”, – деди у. “Қўрқоқ бўлсам нима бўпти?”
“Ҳеч нарса, бу мени безовта қилмас экан, ҳеч нарса бўлгани йўқ, Аммо илтимос, азизим, кел бу ҳақида гаплашмайлик, менинг жуда уйқум келяпти”.
“Сен мени ҳамма нарсага индамай кетаверади, деб ўйлаяпсанми?”
“Биламан, сен шундай қиласан, асалим”,
“Асло ундай эмас”.
“Илтимос азизим, кел гаплашмайлик. Шу қадар уйқум келяптики”.
“Бу ерда бунақа иш бўлмаслигига келишгандик-ку, сен бўлмайди, деб сўз берган эдинг”.
“Ҳозир шунақа бўпқолди”, – дея аёл ишва билан жавоб берди.
“Сен агар биз бу саёҳатга чиқсак, бу ерда бунақанги ишларнинг биронтаси бўлмайди, деб айтган эдинг. Сен ваъда берган эдинг!”
“Ҳа, азизим. Шундай дегандим. Аммо кеча саёҳатнинг расвоси чиқди. Бу ҳақида гаплашишнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.”
“Сен эса имкониятни қўлга киритганинг ҳамон асло кутиб ўтирмайсан, тўғрими?”
“Илтимос, кел гаплашмайлик, уйқум келяпти, азизим”.
“Йўқ, мен гаплашмоқчиман”.
“Унда мени маъзур тутасан, чунки мен ухламоқчиман”. Аёл шундай деб, ухлаб қолди.
***
Нонушта вақтида, тонг ёришишидан аввал учалови стол атрофида ўтиришар, шунда Фрэнсис Макомбер у нафратланадиган кўпгина одамларнинг барчасидан ҳам кўра энг кўп Роберт Вильсондан нафратланишини тушуниб етди.
“Яхши ухладингми?” – сўради Вильсон дағал товушда трубкасини тўлдираётиб.
“Ўзинг-чи?”
“Қотиб ухладим”, – деди унга оқ танли овчи.
Сен ҳароми, ўйлади Макомбер, сурбет ҳаромисан.
Демак, аёл чодирга кириб борганида эрини уйғотиб юборган, ўйлади Вильсон сўлғин, совуқ кўзлари билан иккаловига тикилар экан. Хўш, нима учун у хотинини жиловлаб олмайди? Мени ким деб ўйлаяпти у, ахир мен авлиё эмасман-ку? Қаерда бўлсаям хотинини маҳкам ушласин эди. Бўлиб ўтган нарсаларнинг ҳаммасига ўзи айбдор.
“Қўтос топа оламиз, деб ўйлайсизми?” – сўради Маргот ўрик солинган идишни четга сураётиб.
“Бунинг иложи бор”, – деб Вильсон унга тиржайди. “Сиз лагерда қолмайсизми?”
“Бекорларни айтибсиз”, – деди аёл унга.
“Аёлингга лагерда қолишни амр этмайсанми?”- деди Вильсон Макомберга.
“Ўзинг амр этавер”, – деди Макомбер совуққонлик билан.
“Келинглар, ҳеч қандай буйруқ ҳам бермайлик, бирор аҳмоқлик ҳам қилмайлик, Фрэнсис”, – деди Маргот жуда ёқимли суратда Фрэнсисга ўгирилиб.
“Боришга тайёрмисан?” – сўради Макомбер Вильсондан.
“Хоҳлаган вақтингда бошлаймиз”, – деди унга Вильсон. “Мемсоҳибнинг боришини хоҳлайсанми?”
“Мени хоҳлашим ёки хоҳламаслигим нимани ўзгартира оларди?”
Унда баттар бўл, ўйлади Вильсон. Бундан ҳам баттар бўлсин. Ҳали шунақами? Ҳа, яхши, лекин, шунақа бўлса яхши. Шунақа бўлақолсин унда.
“Ҳеч нимани ўзгартирмайди”, – деди у.
“Ўзинг қароргоҳда менинг хотиним билан бирга қолиб, мени эса бир ўзимни қўтос овлашга юборишни хоҳламасмидинг?” – сўради Макомбер.
“Бундай қилолмайман”, – деди Вильсон. “Сенинг ўрнингда бўлганимда бундай аҳмоқона гапларни гапирмаган бўлардим.”
“Аҳмоқона гапирмаяпман. Жирканиб кетяпман.”
“Ёмон сўз бу – жирканиш.”
“Фрэнсис, илтимос бемаънилик қилмагин”, – деди хотини.
“Мен жуда бемаъни гапларни гапиряпман”, – деди Макомбер. “Умрингда ҳеч шунақанги ифлос овқат еганмисан?”
“Овқатга нима қипти?”- сўради Вильсон секингина.
“Яна бошқа ҳамма нарсалар бундан ҳам ифлос”.
“Эсингни йиғиб қўярдим, ҳамиятсиз эркак, – деди Вильсон жуда паст овозда. “Анави стол олдида турган бола инглизчани бироз тушунади”.
“Менга буни фарқи йўқ”.
Вильсон папирос трубкасини тортар экан ўрнидан турди, уни нарироқда кутиб турган қуролбардорларнинг бирига сваҳили тилида бир нималарни гапириб, юриб кетди. Макомбер ва хотини стол атрофида қолишди. Макомбер ўзининг қаҳва финжонига тикилиб ўтирарди.
“Агар бирор томоша кўрсатсанг, сени ташлаб кетаман, азизим”, – деди Маргот секингина.
“Йўқ, ундай қилолмайсан”.
“Унда сен бир уриниб кўр, ўшанда кўрасан”.
“Сен мени ташлаб кетмайсан”.
“Яхши”, – деди аёл. “Сени ташлаб кетмайман ва сен ҳам ўзингни яхши тутасан”.
“Яхши тутаман? Ўз гапини ўтказишнинг йўли бу. Яхши тутармишман”.
“Ҳа, ўзингни яхши тутасан”.
“Сен нима учун ўзинг шунга ҳаракат қилмайсан?”
“Мен шунча ҳаракат қилдим. Бунга жуда узоқ уриндим”.
“Мен у қизилбашара чўчқадан нафратланаман”, – деди Макомбер. “Кўриниши кўнглимни айнитади”.
“У чиндан ҳам жуда ёқимли”.
“Ҳе, ўчир овозингни”, – Макомбер деярли бақириб юборди. Шу вақтда машина келиб ошхона-чодирнинг ёнида тўхтади, ичидан ҳайдовчи ҳамда икки нафар қуролбардор тушишди. Вильсон стол олдига келиб, у ерда ўтирган эр-хотинларга қаради.
“Отишга борамизми?” – сўради у.
“Ҳа”, – деди Макомбер ўрнидан туриб. “Ҳа, борамиз”.
“Жун свитерингни олволсанг яхши эди. Машинада салқин бўлади”, – деди Вильсон.
“Мен чарм камзулимни олволаман”, – деди Маргот.
“Уни олдириб келганман”, – деди Вильсон.
Вильсон ҳайдовчи билан олд ўриндиққа ўрнашди, Фрэнсис Макомбер билан хотини индамай орқа ўриндиққа ўтиришди.
Орқамдан отиб, калламни учириб юбориш фикри бу нотавон аҳмоқнинг хаёлига келмаса керак, деб умид қиламан, ўйлади Вильсон ўзича. Сафарида аёллар кўнгилсизликка сабабчи бўлишади.
Машина ғира-шира тонг ёруғида пастликдаги майда чағир тошлар устидан гувиллаб секин юриб, дарёни кечиб ўта бошлади, сўнгра бир кун олдин Вильсоннинг кўрсатмаси билан белкуракда ўйиб, қия қилинган бурчакдаги жойдан қирғоққа ўрмалаб чиқди. Шундай қилиб улар нариги қирғоқдаги дарахтлар билан ўралган майдонга етиб келишди.
Бу тонг қанчалар роҳатбахш бўлди, ўйлади Вильсон. Қалин шудринг тушган, Вильсон майсалар ва паст бўйли буталар оралаб юраётган машина ғилдираклари остида эзилган гиёҳларнинг ёқимли исини туярди. Бу чамандагулникига ўхшаш хушбўй ҳид бўлиб, Вильсон бу эрта тонгдаги шабнам, эзилган қирққулоқлар иси ва эрта саҳарда тушган ғира-шира туман аро қорайиб кўринаётган дарахт таналарининг манзарасидан завқланди…
У шу онда орқа ўриндиқда ўтирган иккаловини бутунлай хаёлидан чиқариб ташлаган, фақат қўтос ҳақида ўйлаётганди. Кундуз куни қуюқ ботқоқлик ичида турган қўтосни бу ердан туриб нишонга олиш имконсиз эди. Аммо тунда улар у ердан чиқиб очиқликка узанган майдонга ўтлагани келишарди. Агар у машина билан қўтослар орасига шу ботқоқ томондан кела олса, у ҳолда Макомбер очиқ сайҳонликда улар устидан жуда яхши устунликка эга бўлар эди. У ҳозирги шундай бир қуюқ дарахтли пана жойда Макомбер билан қўтос овлашни хоҳламаётгани. У Макомбер билан нафақат қўтос, балки умуман ҳеч нарса овлашни истамаётганди. Лекин у пул топиш учун ишлайдиган профессионал, маҳоратли овчи эди ва умри давомида ҳар турли нусхалар билан бирга ов қилишига тўғри келганди. Агар улар бугун қўтосни қўлга киритишса, унда каркидон овлаш масаласи кун тартибига келар, бу ишда омади чопган бу нотавон эркак унинг хавфли ўйинлари ичидан қутулиб кетган бўларди. Вильсоннинг эса бундан кейин аёл билан боғлаб турувчи ҳеч нарсаси қолмас, Макомбер бу ишнинг ҳам уддасидан чиққан бўларди. Афтидан, у мана шу аҳволга тушгунига қадар бошидан кўп нарсаларни кечирган бўлиши керак. Шўрлик йигитча. Буни уддалай олиши учун у бирон чора топиши лозим. Нима ҳам қила олардим, бунинг барчасига бу аҳмоқнинг ўзи айбдор.
Роберт Вильсон тақдирнинг кутилмаган инъомларидан фойдаланиб қолиш мақсадида сафари овига чиққан пайтларида ўзи билан икки кишилик ётоқ олиб юрарди. У турли давлатлардан келган мижозлар, спортчилар гуруҳлари, тезкор ва чаққон ҳаракат қилувчи муайян буюртмачилар учун ов ташкил қилган эдики, улар таркибидаги аёллар ушбу саёҳат учун сарфлаган пулларининг арзийдиган бўлганлигини ана шу икки кишилик ётоқда оқ танли овчи Вильсон билан бирга бўлмагунларича ҳис этмас эдилар. У улардан баъзиларини ётоқда бирга бўлган пайтларида жуда ёқтиришига қарамай, улардан нари бўлиши биланоқ бундай аёллардан жирканарди. Аммо у ўз тирикчилигини улар орқали таъминлар, бу аёллар уни ёллаган бутун вақт мобайнида ўша аёлларнинг измида бўларди. Мижозлари Вильсоннинг ҳамма мезонларига мос келишарди, фақат отишни билишмас эди, холос. Вильсоннинг ҳайвонларни овлаш бўйича ўз қоидалари бор эди, мижозлари унинг ана шу низомига бўйсунишларига тўғри келарди, ёки Вильсон уларнинг бошқа овчи билан келишишларига йўл қўйиб берарди. У ҳамма шунинг учун ҳам уни ҳурмат қилишини яхши биларди. Бироқ бу Макомбер деганлари ғалатироқ чиқиб қолди. Бу лаънатининг бўлмагани яхши эди. Бунинг устига хотини ҳам бор. Лекин хотини кетворган. Ҳа, жуда зўр. Ҳм, зўр аёл. У буларни ўйлашдан тўхтаб улар томонга кўз ташлади. Макомбер жиддий ва ғазабнок ҳолда ўтирарди. Маргот унга қараб илжайди. У бугун ёшариб кетгандек, анча соддадил ва дуркун кўринар, лекин уни ўта даражада гўзал, деб бўлмасди. Унинг юрагида нима борлигини ёлғиз худонинг ўзи билади, ўйлади Вильсон. Ўтган тунда у унча кўп гапирмади. Ўша вақтда уни томоша қилиш Вильсонга ҳузур бағишлади.
Машина унча баланд бўлмаган тепаликка тирмашиб чиқди, кейин дарахтзор оралаб юрди-да, у ердан ўт билан қопланган кенг прерия сайҳонлигига чиқиб келди ва ушбу яланглик четидаги дарахтлар панасига ўтиб олди. Ҳайдовчи энди секинлаб юра бошлади, Вильсон эса оралиқдан прерия ва унинг нариги чеккаси бўйлаб бутун ён-атрофни диққат билан кузатиб келарди. У машинани тўхтатди ва очиқ майдонни кузатадиган дурбини орқали ялангликни яхшилаб қараб чиқди. Кейин у ҳайдовчига юриш учун ишора қилгач, машина секин-аста яланглик ёқалаб юра бошлади. Ҳайдовчи машинани тўнғиз уяси чуқурчаларидан олиб қочар, термитлар лойдан қурган ин қўрғонларни эса айланиб ўтиб ҳайдаб борарди. Машина олд ўриндиғида кенг сайҳонликни кузатиб борар экан, Вильсон бирданига ортига ўгирилди ва: “Ё тангрим, улар ҳув анави ерда”, – деди. Машина у кўрсатган томонга елиб борар экан, Вильсон ўша жойдан кўзини узмаган ҳолда ҳайдовчига сваҳили тилида жуда тез нималардир деди. Шунда Макомбер очиқ прериянинг нариги ёқаси бўйлаб чопиб бораётган, гўё цилиндр шаклидек кўринадиган, оғир узун танаси худди улкан қора танкка ўхшаш учта баҳайбат қора ҳайвонни кўрди. Улар ўта оғир таналари билан чопиб боришар, бўйинлари худди қотиб қолгандек, чопишганда бошлари жойидан қимирламасди. Шунда Макомбер уларнинг юқорига кўтарилган бошлари устидаги тарвақайлаб ўсган қора шохларини кўрди.
«Уларнинг учалови ҳам қари ҳўкизлар экан”, – деди Вильсон. “Улар ботқоқликка етиб олмасидан бурун ҳаммасини отиб олишимиз керак”.
Машина қутурганича соатига қирқ беш миля тезликда сайҳонликни кўндалангига кесиб борар, буйволларни кузатиб бораётган Макомберга бошқаларидан бироз ортда чопиб кетаётган қўтос борган сари катталашиб кўринарди. Улар ҳайвонларга шу даража яқинлашишдики, Макомбер буқанинг юнглари тўкилиб, қўтир бўлиб кетган баҳайбат кулранг танасини, унинг елкалари билан бирлашиб кетган йўғон бўйнини ва ярқирган қора шохларини кўра олди, бундай зўриқиб чопишдан уларнинг асаби таранглашганди. Шундан сўнг машина бир силтаниб, тупроқ йўлга чиқиб олди-да, силкиниб-силкиниб юра бошлади, Улар машинани ҳайвонларга жуда яқин ҳайдаб боришди. Шунда Макомбер қатъият билан олға чопаётган буқанинг баҳайбат танасини, унинг сийрак тукли терисига ўтириб қолган чанг-тўзонни, бўртиб чиққан кенг шохларини, бурун катаклари катта япалоқ тумшуғини кўрди ва у бешотарини кўтаргани ҳамон Вильсон унга: “Машинадан туриб отма, аҳмоқ”, – дея қичқирди. Шу топда у ҳеч нарсадан чўчимаётганди, уни фақатгина Вильсонга нисбатан нафрат туйғуси чулғаб олганди. Шу чоғда бирдан тормоз босилди ва машина зўриқиб сирпаниб, ҳали йўл четига тўхташга улгурмасидан туриб унинг бир томонидан Вильсон, нариги томонидан эса Макомбер сакраб тушишди. Макомбернинг оёғи ерга тегиши билан қоқилиб, мункиб кетди. У тобора узоқлашиб кетаётган қўтосга қарата ўқ уза бошлади. Ўқлар унга тегаётганини эшитиб, ўқдонини бўшатар экан, у сабот билан ҳаракат қиларди. Ниҳоят у олдинда кетаётган қўтосни нишонга текказиш учун унинг елкаларига отиш кераклигини эслаб қолди ва талмовсираб милтиғини ўқлаётган бир пайтда қўтоснинг йиқилганлигини кўрди. Макомбер тиз чўккан ҳолда бошини баланд кўтарди, ҳамон чопиб кетаётган иккита қўтосни кўриб, олдинда кетаётганини мўлжаллаб отди ва нишонга текказди. У яна ўқ отди, лекин теккизолмади, шу топда Вильсон ўқ узган ҳамон у гумбурлаган бир бўкиришни эшитди ва олдинда чопаётган буқанинг мункиб, тумшуғи устига йиқилганини кўрди.
“Сен наригисини от!” – деди Вильсон. “Энди отиш сенинг галинг!”
Аммо охирги қўтос ўша тезликдан ҳеч оғишмай олға чопиб бораётганди. Макомбер нишонга олиб отди, лекин теккизолмади, ўқ ерга тегиб, атрофга тупроқ сачратиб юборди. Шундан кейин Вильсон ўқ узди, у ҳам мўлжалга ура олмади, ўқ билқиллаган тупроқли ерга тегиб, қизғиш чанг булути кўтарилди. Вильсон кутилмаганда Макомбернинг қўлларидан тортиб: “Қани, бўлақол, у жудаям яқинлашди!” – дея қичқирди. Улар тезда яна машинага чиқишди. Макомбер ва Вильсон ғадир-будур нотекис йўлда бораётган машинанинг икки томонига осилиб олиб, тебранганча оғир бўйнини олдинга чўзиб бир мункиб, бир шўнғиб-кўтарилиб шиддат билан олға бораётган буқани таъқиб қилиб боришарди. Улар қўтоснинг шундоққина кетига тушиб олишганди. Макомбер милтиғини ўқлай бошлади, лекин гильзаларни ерга тушириб юборди. Бунинг устига милтиғи ўқдонига ўқ тиқилиб қолди. Кейин уларни чиқариб тозалади. Шу чоғда улар буқага деярли жуда яқин қолишганди, бирдан Вильсон ҳайдовчига “Тўхта!” дея буюрди. Тормози босилган машина ғийқиллаб сирпаниб кетиб, устидагиларни деярли ирғитиб юбораёзди. Макомбер олдинга қалқиб, оёқлари устига йиқилди, тезда ўнгланиб милтиқ лўкидонини олдинга сурди ва чопиб кетаётган юмалоқ қора тананинг орқасидан имкон қадар нишонга олиб, кетма-кет ўқ уза бошлади. Кейин яна такрор ва такрор ўқ узаверди. Аммо у отган ўқлари қўтосга умуман таъсир қилмаётганлигини кўриб турарди. Кейин Вильсон отди, шу чоқда Макомбер қулоқни кар қиладиган бўкиришни эшитди, у қўтоснинг гандираклаб, чайқалаётганини кўрди. Энди Макомбер диққатини жамлаб нишонга олиб ўқ узди – қўтос тиззалари билан ерга чўкиб, қулади.
“Зўр”, – деди Вильсон. “Жуда зўр иш бўлди. Бу учинчиси”.
Макомбер вужудида жўш урган ғурурдан маст бўлаёзди.
“Сен неча марта ўқ уздинг?” – деб сўради у.
“Уч марта холос”, – деди Вильсон. “Сен биринчи буқани ўлдирдинг. Ҳамда энг каттасини. Мен эса қолган иккитасининг ишини битиришда сенга ёрдам қилвордим. Улар қалин чакалакзорга кириб кетишади, деб чўчигандим. Уларни сен ўлдирдинг. Мен эса уларни қўлга киритишингда сенга бироз далда бервордим, холос. Ўзиям, жуда зўр отдинг-да!”
“Кетдик, машинага борайлик”, – деди Макомбер. “Ўлгудек чанқадим”.
“Олдин бориб буқанинг ишини охирига етказиб қўй”, – деди унга Вильсон. Улар қўтоснинг олдига етиб келишганида у ерга тиз чўккан кўйи жон ҳолатда қутуриб, бўкириб маърар, шиддат билан бошини силкитарди.
“У ўрнидан туриб кетмасин, қараб тур”, – деди Вильсон. Кейин: “Сал четроққа чиққин-да, унинг бўйнига, шундоққина қулоғининг орқасига от”, – деди.
Макомбер бутун диққатини жамлаб тинимсиз силкиниб турган баҳайбат бўйиннинг қоқ марказига ўқ узди. Ўқ отилиши билан улкан калла “шилқ” этиб тушиб, ерга чўзилиб қолди.
“Бу ишни шундай қилиш керак”, – деди Вильсон. “Энди белига миниб ол. Улар ўлгудек баҳайбат кўринади, шундай эмасми?”
“Юр, аввал бирор нарса ичайлик”, – деди Макомбер. У умрида ҳеч қачон ўзини шундай бахтиёр ҳис қилмаган эди.
Машинада Макомбернинг хотини ўтирарди. Унинг юзидан қон қочган, бўзариб кетган эди. “Сен ўзингни жуда ажойиб, ҳайратда қолдирадиган даражада тутдинг, азизим”, – деди у Макомберга. “Сени танимай қолдим”.
“Шафқатсизлик қилдимми?”
“Жудаям даҳшатли бўлди. Мен умримда ҳеч қачон бунчалар қўрқмаган эдим”.
“Келинглар, ҳаммамиз бирон нарса ичайлик”.
“Шундай қилмасак бўлмайди”, – деди Вильсон. “Буни хонимга бер”. Аёл кичик шишадаги нодир вискидан ичди, ютинаётганида бироз қалтираётгани сезилди. У шишани Макомберга узатди, ўз навбатида Макомбер уни Вильсонга узатди.
“У мени даҳшатга солди”, – деди аёл. “Бундан бошим жуда ёмон оғриб қолди. Ҳатто қўтосларни машинадан туриб отишга ижозат берганингизни ҳам билмагандим”.
“Ҳеч ким машинадан туриб отгани йўқ”, – деди Вильсон совуққонлик билан.
“Мен уларни машинада қувиб борганингизни назарда тутяпман”.
“Одатда бундай қилинмайди”, – деди Вильсон. “Шунга қарамай бу ишни қилишимиз мобайнида у менга худди спорт билан шуғулланаётгандек туюлди. Ўйдим-чуқурларга тўла шундай йўлда ҳали унисини, ҳали бунисини четлаб ўтиб машина ҳайдаш қўтоснинг оёғига ўқ узишдан кўра кўпроқ эътиборни талаб қилади. Қўтос, агар хоҳласа, биз унга ҳар гал ўқ узаётган пайтимизда бизга ҳужум қилиши мумкин эди. Аммо биз унга ҳамма имкониятни яратиб бердик. Шундай бўлсаям, бу ҳақда бировга гапириб бўлмайди. Сиз унга ноқонуний нарсани айтган бўласиз”.
“Бу менга ўта адолатсизлик бўлиб туюлди”, – деди Маргот. “Шундай бесўнақай, ҳимоясиз ҳайвонларни машинада қувиб овлаш – уларга нисбатан ҳақсизликдир”.
“Шунақа денг?” – деди Вильсон.
“Агар Найробидагилар бу ҳақида эшитиб қолишса нима бўлади?”
“Биринчидан, мен лицензиямдан маҳрум бўламан. Ундан ташқари, яна бир қанча нохушликлар юзага келади”, – деди Вильсон ичаркан. “Мени бу бизнесдан четлатишади”.
“Йўғ-эй, чинданми?”
“Ҳа, чинданам шундай”.
“Яхши”, – деди Макомбер кулиб. Бу унинг бугун кун давомидаги илк марта кулиши эди. “Энди Маргот сен ҳақингда сени жиловлайдиган баъзи нарсаларни билиб олди”.
“Сен энди ўч олишинг учун шундай зўр имкониятга эгасан, Фрэнсис”, – деди Маргот. Вильсон уларнинг иккаловига тикилди. “Агар мана шундай ориятсиз эркак шунчалар номуссиз аёлга уйланса, уларнинг болалари қандай табиатли бўларкин?” – ўйлади у. Кейин: “Бизнинг қуролбардоримиз йўқ бўлиб қолди, сездингизми?” – деди у.
“Эй Худойим, йўқ, сезмабман”, – деди Макомбер.
“Ана у, келяпти”, – деди Вильсон. “Ҳаммаси жойида. Биз биринчи қўтосни отиб қолдирган пайтимизда у йиқилиб тушган эди”.
Уларга яқинлашиб келаётган ўрта ёшлардаги қуролбардор бўлиб, эгнига мошранг енгил матодан тикилган енгсиз кўйлак, ипдан тўқилган шапка, калта иштон, резина шиппак кийиб олган, оёғи оқсоқланарди, юзи хавотирли, нимадандир жаҳли чиққандек кўринарди. У етиб келиши биланоқ сваҳили тилида Вильсонни бир четга чақириб, унга нималардир деди, шунда барчалари оқ танли овчининг юзи жиддий тус олиб, ўзгариб кетганини кўришди.
“У нима деяпти?” – сўради Маргот.
“Унинг айтишича, овланган биринчи қўтос ўрнидан туриб, чакалакзор ичига кириб кетибди”, – деди Вильсон ҳеч қандай ифодасиз бир оҳангда.
“Эҳ!” – деди Макомбер чорасиз бир аҳволда.
“Энди буёғи худди шер воқеасидагидек бўлади”, – дея ишонч билан башорат қилди Маргот.
“Бу иш ўша лаънати шер воқеасига заррачаям ўхшамайди”, – деди унга Вильсон. “Яна бирон нарса ичасанми, Макомбер?”
“Ҳа ичаман, раҳмат”, – деди Макомбер. У шер воқеасида бошидан кечирган нохуш ҳиссиётлар яна ўзини чулғаб олади, деб кутганди, лекин ундай бўлмади. У умрида биринчи марта ўзини қўрқувдан тамоман холи ҳис қилди. Аксинча, қўрқув ўрнида ўзида қандайдир қатъият, руҳан тетиклик сезди.
“Биз бориб, иккинчи қўтосни қараб келишимиз керак”, – деди Вильсон. “Мен ҳайдовчига машинани соя жойга олиб қўйишни тайинлайман”.
“Сен нима қилмоқчисан?” – сўради Маргот Макомбердан.
“Қўтосни топиш учун боради”, – деди Вильсон.
“Мен ҳам бораман”, – деди Маргот.
“Макомбер, сен бир ўзинг кел”.
Учалови очиқ сайҳонликда танаси қорайиб кўринаётган иккинчи қўтос томон юриб боришди, унинг калласи олдинга чўзилган ҳолда ўт устида ётар, йирик бақувват шохлари шилқиллаб осилиб қолганди.
Макомбер унга завқ билан тикилди.
“У жирканч кўринаркан”, – деди Маргот. “Биз соя жойга қайтсак бўладими?”
“Албатта”, – деди Вильсон. “Қара”, – деди у кейин Макомберга ва қўшиб қўйди: “Ҳув анави тўп бўлиб ўсган буталарни кўряпсанми?”
“Ҳа”, – деди Макомбер.
“Биринчи қўтос ана шу жойга кириб кетган. Қуролбардорнинг айтишича, у йиқилиб тушган пайтда қўтос ерда ётган бўлган. Қуролбардор биз машинада нариги икки қўтоснинг ортидан жон ҳолатда қувиб бораётганимизни ва уларнинг чопиб қочаётганини томоша қилаётган бўлган. Кейин у қўтос ётган жойга қараган пайтда уни ўрнидан турган ҳолда ўзига тикилиб турганини кўрган. Қуролбардор қўрққанидан жони борича қочган. Қўтос эса секин узоқлашиб, бутазор ичига кириб кетган”.
“Ҳозироқ унинг ортидан борсак бўладими?” – сўради Макомбер сабрсизлик билан.
Вильсон унга ажабланиб қаради. Жин урсин, бу қандайин ғалати ҳол бўлди, ўйлади у. Кечагина у қўрқувдан қалтираб ўлаёзганди, бугун эса довюраклиги жўш уриб, ер депсиниб турибди”.
“Йўқ, биз унга пича вақт берамиз”.
“Ёлвораман, соя остига ўтайлик”, – ўтинди Маргот. Унинг юзи оқариб кетган ва тоби қочгандек кўринарди.
Улар шохлари тарвақайлаб ўсган ягона дарахт остида турган машина сари йўл олишди, етиб келгач машинага чиқишди.
“Қўтос бутазорга кириб, кейин у ерда ўлган бўлса ажабмас”, – таъкидлади Вильсон. “Бироздан кейин бориб, текширишимиз керак”.
Шу маҳал Макомберни қандайдир ёввойи, ваҳший шодлик ҳисси чулғадики, у илгари ҳеч қачон буни ҳис қилмаган эди.
“Худо ҳаққи, бу ахир ов-ку!” – деди у. “Мен умримда ҳеч қачон ўзимни бунчалик бахтиёр ҳис қилмаганман. Қанчалар ажойиб, шундай эмасми, Маргот?”
“Мен бундан нафратланаман”, – деди Маргот.
“Нима учун?”
“Нафратланаман”, – деди яна у аччиқ қилиб. “Кўргани кўзим йўқ”.
“Биласанми, қачондир мен ҳам ҳеч нарсадан қўрқмайдиган бўламан, деб ўйламагандим”,- деди Макомбер Вильсонга. “Биринчи бор қўтосни кўриб, унинг ортидан қува бошлаганимда ичимда нимадир юз берди. Худди тўғон портлагандек. Бу ҳақиқий завқ бўлди ўзиям”.
“Ўпка-нафас йўлларинг очилган”, – деди Вильсон. “Бундай қизиқ ҳолатлар кўпчиликда учраб туради”.
Макомбернинг юзи ёришиб кетди. “Биласанми, ичимда нималардир юз берди”, – деди у. “Мен ўзимни мутлақо бошқача ҳис қиляпман”.
Унинг хотини ҳеч нарса демади ва унга ғалати қараш қилиб қўйди. У машинанинг орқа ўриндиғида ўтирарди, Макомбер ҳам орқа ўриндиқда, лекин сал олдинроққа сурилиб, олд ўриндиқда ўтиргани ҳолда ёнбоши билан уларга ўгирилиб гаплашаётган Вильсонга гапирарди.
“Биласанми, мен бошқа бир шерни овлаш борасида ўзимни синаб кўрмоқчиман”, – деди Макомбер. “Мен ҳозир ҳақиқатдан ҳам улардан асло қўрқмайман. Аслини олганда, улар менга нима ҳам қила олишарди?” – деди у.
“Бундай ҳолда”, – деди Вильсон. “Энг ёмон эҳтимолда улар сени ўлдиришади. Бу қандай юз беради? Шекспир. Жин ургур, ўзиям жуда зўр мисралар-да. Қара-я, эсимга тушиб кетди. Эҳ, қурмагур, жуда зўр чиққан-да. Бир вақтлар ўзим ҳам уни такрорлаб юрардим. Қани, эслаб кўрамиз. “Бу чин сўзим, менинг учун фарқи йўқ: Инсон бир кунмас бир кун барибир ўлади: Ҳаммамизнинг ҳам Тангрига жон қарзимиз бор: Ва у қайси йўл билан бизни тарк этишини ўзига қўйиб беришимиз керак: Бу йил бўладими ёки кейинги йилми, барибир эмасми?”. Ажойиб мисралар, тўғрими?”.
Вильсон юз берган бу воқеалар туфайли жуда чалкаш, танг аҳволга тушиб қолганди, Аммо у ёшига нисбатан улғайиб қолган эркакларни кўп кўрган, бу нарса доимо уни олға ҳаракат қилишга ундарди. Лекин бу уларнинг йигирма бир ёшга тўлганларида чулғаб олган ҳиссиёт эмасди.
Улар элликни уриб қўйишса ҳам қиёфалари болаларча қолиб кетади. Америкалик катта болакай-амаки. Жин урсин, ўтакетган ғалати одамлар ўзиям. Аммо у ҳозир Макомберни ёқтириб қолганди. Ўзиям жуда қизиқ ошна чиқди. Афтидан, хиёнат қилинган эр ўз даврининг тугаганлигини билдирмоқчи шекилли. Ҳа майли, шундай бўлса жуда яхши иш бўларди ўзиям. Жудаям зўр бўларди. Кўринишидан, бу суллоҳ одам умр бўйи қўрқувда яшагани аниқ. Унинг нимадан бошлангани номаълум. Аммо, энди ҳаммаси тугади. Қўтос овида унда заррача ҳам қўрқув бўлмади. Мана шу ҳам унинг жаҳлини чиқарган. Машина ҳам. Машиналар уни қадрдон, сирдош қилишади. Жин ургур, ҳозир оловниям ямламай ютадиган шижоатда турибди. У бундай ҳодисанинг урушда юз беришини кўрганди. Сабр-бардошнинг тўлиши кўпчиликда шундай ўзгаришга олиб келади. Жанг майдонида қўрқув, хавф-хатар ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Унинг ўрнида нимадир пайдо бўлади. Шунда эркак киши муҳим нарсага эришади. Бу нарса уни чинакам эркакка айлантиради. Буни аёллар ҳам билишади. Қон тўкилишидан ҳам қўрқишмайди.
Машинанинг орқа ўриндиғи бурчагида ўтирган Маргарет уларнинг икковигаям тикиларди. Вильсонда ҳеч қандай ўзгариш йўқ эди. У Вильсонни бир кун аввал қанчалар буюк истеъдод соҳиби эканлигини биринчи марта кашф этганида қандай кўрган бўлса, ҳозир ҳам шундай ҳолатда кўрарди. Аммо у ҳозир Фрэнсис Макомберда жиддий ўзгариш юз берганига гувоҳ бўлиб турарди.
“Ҳозирда мен билан юз бераётган бу бахтиёрлик ҳиссини сен ҳам бошингдан ўтказганмисан?” – сўради Макомбер ўзи эндиги эришган бу бойликни назарда тутиб.
“Сен буни гапиришни тахмин ҳам қилмагандинг”,- деди Вильсон унинг юзига тикиларкан. “Сен аслида ваҳимага тушиб қолгансан, дейилса янада тўғрироқ бўларди. Эслаб кўр, сен бугунгача жуда кўп маротаба қўрқитилган бўлсанг керак”.
“Аммо сен ҳам бирор ҳаракат туфайли юзага келадиган бахтиёрлик туйғусини ҳис қилгандирсан?”.
“Ҳа”, – деди Вильсон. “Бу шунақа нарса. Буларнинг ҳаммаси ҳақида бунча кўп гапириш керак эмас. Буларни гапиришдан умуман узоқ тур. Кўп гапириладиган ҳар қандай нарса ёқимли бўлмайди”.
“Икковингиз ҳам аҳмоқона гапларни гапиряпсиз”, – деди Маргот. “Шундай ожиз ҳайвонларни машинада қувиб овлаганингизни гўёки бир қаҳрамонликдай гапиряпсиз”.
“Кечирасиз”, – деди Вильсон. “Биз ҳақиқатдан ҳам кўп вайсашдик”. У аллақачон бу ҳақида чўчий бошлабди, ўйлади Вильсон.
“Агар сен биз нималар ҳақида гаплашаётганимизни тушунмаётган экансан, нима учун бундан ўзингни узоқда тутмаяпсан?” – сўради Макомбер хотинидан.
“Сен ҳеч кутилмаганда ҳаддан ташқари довюрак бўлиб қолдинг”, – деди унинг хотини калондимоғлик билан, аммо унинг сўз оҳангида тушкунлик бор эди. У нимадандир жуда қўрқаётганди.
Макомбер кулиб юборди, кўзлари ёшланар даражада ич-ичидан мириқиб, яйраб кулди. “Тўғри топдинг, мен шундай бўлиб қолдим”, деди у. “Мен ҳақиқатдан ҳам шунақа бўлиб қолдим”.
“Энди бунга жуда кеч эмасми?” – деди Маргот пичинг қилиб. Чунки ўтган шунча йиллар давомида у қўлидан келганича тиришиб устунликни сақлаб келган, икковларининг ҳозиргидай турмуш тарзларида ҳеч бирининг айби йўқ эди.
“Йўқ, мен учун кеч эмас”, – деди Макомбер.
Маргот ҳеч нима демади, аммо машинанинг орқа ўриндиғига бориб ўтирди.
“Унга етарлича вақт бердик, деб ўйлайсанми?” – сўради Макомбер хушчақчақлик билан Вильсондан.
“У ерга бориб кўришимиз керак”, – деди Вильсон. “Ўқ-дориларингдан қолганми?”
“Қуролбардорда бироз бор эди”.
Вильсон сваҳили тилида қуролбардорни чақирди. Қўтослардан бирининг бош терисини шилаётган кекса қуролбардор ўрнидан турди, ростланиб уларнинг ёнига келди ва чўнтагидан бир қути ўқ чиқариб, уларни Макомберга узатди. Макомбер милтиғининг ўқдонини очиб, ўқлар билан тўлдирди, ортиб қолган ўқларни эса чўнтагига солиб қўйди.
“Сен “Спрингфильд”дан отсанг яхши бўларди”, – деди Вильсон. “Сен уни олдин ишлатгансан-ку. “Мэнличер”ни эса машинада, Мемсоҳибнинг ёнида қолдирамиз. “Спрингфильд” сенга оғирлик қилса, уни қуролбардоринг кўтариб олади. Бу лаънати замбаракдан мендаям бор. Энди ижозатинг билан қўтос ҳақида сенга гапириб бераман”. У буни охирги дақиқаларга сақлаб қўйганди, чунки Макомбернинг безовта бўлишини хоҳламаганди. “Мабодо буқа бостириб келгудек бўлса, у зарба бериш учун бошини баланд кўтарган ҳолда шиддат билан сен томон тикка чопиб келади. Шохлари бўртиб чиққан дўнглик эса буқанинг бутун мия қобиғини ўраб олган. Шунинг учун фақатгина унинг тумшуғи ичига ўқ узиш керак. Яна буқанинг тўшига ёки агар сен унинг ён томонида бўлсанг, фақатгина бўйнига ёхуд елкаларига ўқ теккизиш керак. Биринчи отишдаёқ уриб йиқитолмасанг, яраланган қўтос қутуриб кетади ва жуда кўп ўлимга ҳам сабаб бўлади. Ўз хоҳишингча бундан бошқача бирон иш қила кўрма. Шу ерга жойлашиб олиб, осонгина зарба бер. Ҳозир улар қўтоснинг бош терисини шилиб бўлишади. Шундан кейин ишга киришсак бўладими?”
У тери шилаётган қуролбардорларни чақирди, улардан ёшроғи қўлларини артиб бери келди, кексаси эса ўз жойида қолди.
“Мен ўзим билан фақат конголик қуролбардорни оламан”, – деди Вильсон. “Наригиси эса қўтосга ўлаксахўр қушларни яқинлаштирмай пойлаб ўтиради”.
Машина секин ҳаракатланиб, очиқ ялангликдан кесиб ўтиб, очиқ ботқоқликдан узилиб қолган қуруқ кўлмак ўрнида шохлари сербарг буталар ғуч бўлиб ўсган чакалакзор томон бораётган бир пайтда, Макомбер яна юраги дукурлаб ураётгани ва оғзи қуруқшаб бораётганини ҳис қилди, аммо бу сафар бу қўрқувдан эмас, балки хурсандлигидан эди.
“Қўтос кириб кетган жой мана шу ер”, – деди Вильсон. Кейин қуролбардорга қараб сваҳили тилида: “Қон изидан таъқиб қилиб бор”, – деди.
Машина буталар билан қопланган чакалакзор олдида ёнбоши билан тўхтади. Ундан Вильсон, Макомбер ва қуролбардор пастга тушишди.
Макомбер ортига қараб машинада ўтирган хотинига кўзи тушди. Унинг ёнида қирқма милтиқ бўлиб, эрига қараб турарди. Макомбер қўлларини юқори кўтариб, хотинига қўл силкиди, аммо хотини жавоб қайтармасдан индамай ўтираверди.
Учалови аста чакалакзорга кира бошлашди. Чакалакзорнинг олд қисмидаги буталар жуда зич ўсган, ер эса ўта қуруқ эди. Ўрта ёшлардаги қуролбардор жиққа терга ботганди, Вильсон эса шляпасини кўзларига қадар бостириб кийиб олган, офтобдан қизарган бўйни Макомбернинг шундоққина олдида кўриниб турарди. Қўққисдан қуролбардор Вильсонга сваҳили тилида нимадир деб гапирди ва олдинга қараб югуриб кетди.
“Қўтос бу ерга кирганидан кейин ўлибди”, – деди Вильсон. “Зўр иш бўлибди!” У шундай деб Макомберга ўгирилди ва унга қўл ташлаб, маҳкам сиқди. Улар бир-бирларига тиржайиб, қўл силкишиб турган бир пайтда қуролбардорнинг жон ҳолатдаги қичқириғини эшитишди, ўгирилиб қараб буталар орасидан унинг ўқдай отилиб чиққани, унинг ортидан эса катта қўтос қувиб келаётганлигини кўришди. Ғазабнок буқанинг бурун катаклари кенг керилган, маҳкам ёпилган оғзидан қон томар, йирик ва оғир калласи олдинга тўғри эгилиб, мўлжалга олган ҳолда ҳужумга шайланиб қувиб келар, учаловига қараган кичкина думалоқ кўзлари ғазабдан қонга тўлганди. Олдинда турган Вильсон тиззалаб, қўтосга милтиғидан ўқ уза бошлади. Макомбер ҳам ўқ узди, аммо Вильсоннинг қуролидан чиқаётган гумбурлаган овоз туфайли ўз қирқма милтиғининг овозини эшитмаган Макомбер ҳайбатли буқанинг шохларидан ўт чақнаб, гўёки чақмоқ тош парчалари атрофга сачрагандек майда синиқлар учиб тушганлигини, қўтоснинг боши эса бир қалқиб, силкиниб кетганлигини кўрди – ўқ қўтоснинг шохига текканди. У буқанинг кенг бурун катакларини мўлжаллаб яна ўқ узди, бақувват, йирик шохлар яна ларзага келди ва майда шох синиқлари атрофга сачраб кетди. Шу онда Макомбер Вильсонни кўра олмаётган эди, у бутун диққат-эътиборини жамлаб шитоб билан ўзига томон пишқириб чопиб келаётган ғазабнок қўтоснинг йирик танасини мўлжалга ола бошлади. Ўқ узган пайтида эса буқа деярли унинг устига келиб қолганди. Бу пайтда Макомбернинг қирқма милтиғи стволи унга қараб бостириб келаётган қўтоснинг боши билан баравар бўлиб қолган, шундоққина тумшуғининг устига тўғри турарди. Ана шу онда Макомбер қўтоснинг ғазабдан қонга тўлган қаҳрли кичкина юмалоқ кўзларини, сузишга мўлжаллаб пастга эгилаётган катта бошини шундоққина кўз олдида кўрди. Шунда у тўсатдан бутун бадани чўғдай қизиб кетганлигини, бошининг ичида нимадир портлаб, кўзларидан олов чиқиб кетгандай бўлганлигини ҳис қилди. Шундан кейин у ҳеч нарсани сезмай қолди.
Вильсон бошини бир ёнга эгган ҳолда мўлжалга олиб қўтоснинг елкасига отди. Макомбер эса қўтоснинг ўзи томон шиддат билан чопиб келаётганига қарамай ўз жойидан қимирламай, адл турган ҳолда қўтоснинг тумшуғига мўлжаллаб отарди. Лекин узган ўқлари ҳар гал сал юқорироққа кетиб, буқанинг оғир, йирик шохларини ялаб ўтар, худди шифер томни уриб парчалагандек шохлардан майда пайраҳаларни ушатиб, атрофга сачратиб юборарди. Қўтос Макомбер олдига етиб келиб, уни айни сузишга чоғлангандек кўринган бир пайтда Макомбер хоним машинадан тик туриб, 6.5 калибрли “Мэнличер” милтиғидан қўтосга қарата ўқ узиб юборди. Ўқ учиб бориб эрининг бошига тегди.
Фрэнсис Макомбер шу онда ёнбоши билан чўзилиб ётган қўтосдан икки метр ҳам келмайдиган масофа нарида юзтубан ҳолда ётарди. Унинг устида хотини тиз чўкиб ўтирар, ёнида эса Вильсон турарди.
“Мен уни тўнтара олмайман”, – деди Вильсон.
Аёл жазавага тушиб, ўкириб йиғлай бошлади.
“Мен машинада бўламан”, – деди Вильсон. “Милтиқ қаерда?”
Аёл унга бош ирғаш билан “Билмайман” жавобини берди, қўрқувдан унинг башараси бужмайиб кетганди. Шунда қуролбардор ердан милтиқни топиб, қўлига олди.
“Милтиқни ўз жойида қандай турган бўлса шундай қолдир”, – деди унга Вильсон. Кейин унга: “Бориб Абдуллани олиб кел, бу фалокатнинг қандай юз берганлигига у гувоҳлик беради”, – деди.
Кейин у ҳам тиззалаб ерга ўтирди, чўнтагидан рўмолчасини чиқарди, сўнг уни ерда ётган Фрэнсис Макомбернинг сочлари калта тарошланган, катта калибрли ўқдан бир қисми ўпирилиб, қора қонга ботган боши устига ёпиб қўйди. Қон қуруқ ва билқиллаган тупроққа сингиб борарди.
Вильсон ўрнидан турди ва ён томонида оёқлари узала тушиб чўзилиб ётган қўтосга кўзи тушди. Унинг сийрак тукли катта қорнида каналар аста ғимирлаб, ўрмалаб юришарди. “Ўзиям зўр буқа экан”, беихтиёр хаёлидан ўтказди у. “Эллик дюймлар чамаси келади ёки ундан ҳам зиёда. Жуда зўр”. У ҳайдовчини чақирди ва унга Макомбернинг жасади устига чойшаб ёпиб қўйишни ва шу ердан қимирламай уни пойлаб ўтиришни буюрди. Кейин ўзи машина ичида бир бурчакка тиқилиб олиб йиғлаб ўтирган аёл томонга қараб юриб борди.
“Бу нарсанинг юз бергани аслида жуда яхши иш бўлди”, – деди у совуқ оҳангда. “У барибир сизни ташлаб кетган бўларди”.
“Бас қилинг!” – деди аёл.
“Албатта, бу бир бахтсиз ҳодиса бўлди”, – деди у. “Мен тушунаман”.
“Бас қилинг!” – деди яна аёл.
“Сиз қайғурманг”, – деди у. “Бу воқеа билан боғлиқ ҳали анча-мунча кўнгилсизликларга дуч келасиз. Лекин мен тергов пайтида сизга фойдаси тегадиган бир нечта фотосуратларни олдириб беришим мумкин. Ҳатто қуролбардорлар ва ҳайдовчидан ёзма равишда гувоҳлик ҳам олиб бераман. Сиз мутлақо ҳақ бўлиб чиқасиз”.
“Бас қилсангиз-чи!” – деди аёл.
“Бу ерда ҳали қилиниши керак бўлган жуда кўп иш бор”, – деди Вильсон. Машинани кўлга юборишим керак. Учаламизни Найробига олиб кетадиган самолётни чақириш учун у ердан телеграф юборишади. Сиз нима учун уни шу пайтгача заҳарламагансиз? Ахир Англияда айнан шундай қилишади-ку”.
“Бас қилинг! Бас қилинг! Бас қилинг!” – фарёд қилди аёл.
Вильсон совуқ кўк кўзлари билан аёлга тикилди.
“Бўлди, мен бошқа гапирмайман”,- деди у. “Менам бироз хафа бўлдим, чунки эрингизни эндигина ёқтира бошлагандим”, – деди у.
“Оҳ, илтимос, бас қилинг!”, – нола қилди аёл. “Илтимос, ўтинаман, бошқа гапирманг!”
“Буниси яхшироқ”, – деди Вильсон. “Илтимос, деб сўраш анча яхшироқ. Мана, энди бас қиламан.”
(Инглиз тилидан Муҳаммад Собиров таржима қилди)
Суратлар Интернетдан олинди.
Муҳаммаджон Собиров 1975 йилда Наманган шаҳрида туғилган, олий маълумотли, иқтисодчи, бизнесни бошқариш соҳасида ишлайди. Болалигидан рассомчилик ва адабиётга қизиқади, бу борада эркин машқлар қилиб туради. Насрий ва назмий ижод намуналари даврий
матбуотда чоп этилган, бир қатор кўрик-танловларда, хусусан, “Менинг биринчи китобчам” республика танловида яхши натижаларни қайд этган. Жаҳон адабиётига ҳам алоҳида эътибор қаратади, ҳаваскор ўлароқ инглиз, рус ва турк тилларидаги кичик
асарларни таржималар қилади. “Фрэнсис Макомбернинг қисқа ва бахтли ҳаёти” асарини асл матндан ўзбек тилига ўгирди. Таъкидлаш жоизки, бу М.Собировнинг аввалгиларга нисбатан илк йирик асар таржимасига қўл уришидир.