Ижодкорми ё ташкилотчи?

Савол беришяпти: Сиз кўпроқ ижодкор эмас, ташкилотчи сифатида гавдаланишингизга сабаб нима?

Жавоб: Ўзбекистонда ҳалиям адабий ва маданий ташкилотчилик шаклланмади, бунга ҳаракат ҳам ўта суст. Тажриба билан ўртоқлашиш эса шундоқ ҳам ночор, тарқоқ ва гавжум бўлмаган ижодий давраларда кўзга камдан-кам ташланади.

Ўзини ижодкор деб санаган юзлаб дўст-у биродарларим қатори шеъримни ёзиб, таржимамни қилиб, ҳамма ўз иши билан шуғуллансин, деб юравериш на ижодий, на ҳаётий аъмолимга тўғри келади. Айниқса, Ўзбекистондаги ҳаётнинг ҳозирги палласида!

Бадиий ижод ва таржима сирларидан етарли сабоқ бера олмасман, аммо ёзувчи ва рассомнинг чет элга чиқиши, хорижда асарларини босиш, ажнабий дўстлар орттириш, танлов, фестиваль ва резиденцияларга тавсия этиш каби масалаларда бошқалар билан бўлишишга арзирлик озроқ тажрибам борки, шу митти каналда улашиб келмоқдаман.

Ҳозиргача “Ўзбек адабиёти ва санъати мустақиллиги”, “Бир сурат тарихи”, “Инглиз тили сабоқлари”, “Фойдали ижодий ресурслар, танловлар, фестиваллар ҳақида чорловлар”, “Таржималар”, “Қандай қилиб чет элга чиқиш ва ё қандай қилиб грантга ариза топшириш тўғрисида қадам-бақадам йўриқнома”, “Мусиқий танаффус” (ижодкорнинг бирорта мусиқа асбобини чала билиши анча қўл келади), “Саёҳатномалар”, “Митти интервьюлар”, “Адабиётимиз намуналари чет элда”, “UzLAB – ижодий туризм ва резиденция дастури”, “Митти видеолар” каби энг зарур мавзуларни қамраб олишга интиляпман.

Халқаро адабий ва маданий дастурлар координаторлари, ижодий туризм ходимлари, адабий агентлик ва адабий агентлар, адабиёт ва санъат музейларига саёҳат уюштирувчи гидлар, ижод элчилари – бир сўз билан адабиёт ва санъат ташкилотчилари ҳақида бош қотирилмас ва зудлик билан етиштирилмас экан, мени шу машаққатли, аммо савобли сўқмоқда кўриб туришингизга тўғри келади.

Бу сўқмоқда яна кимдирам борлигини билсангиз, менга хабар қилинг, илтимос. Сиз-чи, ўзингиз қаердасиз?