Бирор ижодий тузилмангиз учун қайсидир жамғарма, ҳокимият, филантроп ва бошқа ҳомийлардан молиявий кўмак олиш учун, албатта, бошланишига бир бетлик таклиф-сўровномангиз (proposal) бўлиши шарт. У тушунарли тилда аниқ-тиниқ ёзилиши лозим. Хўш, бу “прапоузл” ўз ичига нималарни олса яхши?
– Хатбошида кимлигингиз, нима учун, қанча маблағ кераклигини ёзинг (Масалан, “Ижодкор” жамоаси (юридик мақоми хусусий тадбиркорми, МЧЖми, ННТми – фарқи йўқ) вилоятимиздаги 10 нафар иқтидорли шоир, ёзувчи ва рассомга 12 ой давомида инглиз тили сабоқлари ўтиш учун 20 миллион сўм сўрайди”)
– Кейин муаммо нимадалигини кўрсатинг (Масалан, “Ўзбек ижодкорлари иқтидор борасида дунё ижодкорларидан қолишмайди, аммо, тил билмагани учун халқаро доираларга чиқиши имконсиз бўлмоқда. Вилоятимизда 20 нафар уюшма аъзоси бор, аммо бирортаси ҳали биронта халқаро фестиваль ё ижодий дастурга борган эмас.”)
– Сўнг сиз бу муаммони қандай ечими борлигини ёзинг (Масалан, “Ижодкор” жамоаси ижодкорларга инглиз тили ўргатиш орқали уларни замонавий ижод дунёсига жадал қўшилишда, асарларини чет тилларга, хусусан, инглизчага таржима қилишда ва хорижда нашр этишда, шунингдек, ижодкорларимизнинг ўзини ҳам халқаро ижодий сафарлрга чиқишида ёрдам беради”)
– Энди бу лойиҳани қаерда амалга оширишингизни, яъни жойини кўрсатинг (Масалан, “Инглиз тили сабоқлари жамоамизга тегишли алоҳида иккита кичик хонада/фалон университет ё ижод мактабида/вилоят ёзувчилар юшмаси биносида ўтказилади.”)
– Лойиҳани ким олиб бориши ва кутилаётган натижани ёзинг (Масалан, “Ижодкорларимизга инглиз тилини фалон чет мамлакатда ўқиб келган инглиз тили ўқитувчилари/фалон университет професори ўргатади. Лойиҳага яна бошқа кўплаб волонтёр-мутахассислар ҳам жалб этилади. Сабоқлар якунида вилоятимиз ижодкорлари инглиз тилида бемалол мустақил сўзлашиш ва ёзиш, чет эллик қаламкашлар билан мулоқотга киришиш қобилиятига эга бўлишади.”)
– Энди қисқа қилиб лойиҳа бюджетини ёзинг (Масалан, “Бу лойиҳанинг тўлиқ қиймати 40 миллион сўм. Жамоамиз 10 миллион сўмни волонтёрлар ёрдами ва ўз ҳисобидан қоплайди, қолган 10 миллион сўмни бошқа саховатпеша ҳомийлардан кутяпмиз. Сиздан бу уникал лойиҳа учун 20 миллион сўм ҳисса қўшишингизни сўраймиз. Бу маблағ ўқитувчилар ва лойиҳа координатори ойлиги, тарқатма материаллар ва китоблар, ўқув қуроллари, кофе-брейк, сертификатлар тақдимотига сарфланади.”) Митти жадвал тузиб, харажатларни аниқ қилиб кўрсатсангиз янада яхши.
Эсингизда бўлсин: ёрдам сўраётган ташкилотингиз таклиф этаётган лойиҳангиз учун ярим-ёрти маблағингиз шаклланганини билса, ёрдам қилишга мойиллиги ортади. Албатта, лойиҳаларингизни тўлиғича қўллаб-қувватловчи доимий ягона ҳомий тополсангиз, нур устига нур! Кимга чиқишни билиш ҳам жуда муҳим.
Омад тилайман! Саволларингиз бўлса, бемалол ёзиб, қўнғироқ қилиб туринг!
Аъзам Обид