Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби директори Нигора Маннопова билан митти суҳбат
Ижод мактабингизнинг бошқа ўрта мактаблардан фарқли учта энг яхши томонини санаб берсангиз, илтимос.
Нигора Маннопова: Мактабимизга ўқувчилар ижодий имтиҳон асосида қабул қилинади. Она тили ва адабиёти фани билан бирга махсус адабиёт фани ўқитилади. Моддий -техника базаси яхши ва ўқувчиларнинг овқатланиши, китоблар ижараси давлатимиз томонидан қопланади. Ижод мактабида ишловчи барча устозлар маошларига қўшимча устама ҳақ олишади. Фан тўгараклари билан бирга назм, наср, бадиий публицистика, драматургия, бадиий таржима, мумтоз адабиётни ўргатувчи адабий тўгараклар фаолият кўрсатади.
Ҳозир ўқувчилар онлайн дарс оляптими? Уларнинг ижодга иштиёқини ошириш учун қандай илғор, инновацион дастурлар таълим жараёнига қўшилган? (Масалан, таълим бўйича Khan Academy платформасининг ўзбекча варианти каби).
Н.М.: 5 октябрдан бошлаб ўқувчиларимиз тўлиқ анъанавий шаклда таълим олмоқдалар. Ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини ўстириш, турли тўгаракларда олаётган назарий билимларини амалиётга интеграциялаш мақсадида мактаб қошида “Ўзбегим” радиоси фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, тез орада ўзимизнинг шу номдаги газетамизни чоп этиш арафасидамиз.
Пандемия давридаги 7 ойлик онлайн таълим ўқувчиларимизнинг билими, ижоди ва руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Ўқувчилар мактабга келган куни ўтказилган мониторинг имтиҳони натижалари устоз ва ота-оналарни ўйлантириб қўйди. Ўқувчилар уйдаги эркин ҳолатидан мактаб тартибига тушишга ва тенгдошлари билан ўзаро мослашишга жуда қийналди. Биз ҳозирга қадар психологлар ёрдамида асосан ўқувчиларимизнинг ҳар томонлама аввалги даражасига тушиши устида ишлаяпмиз.
Чет элларда ҳам шундай мактаблар борми? Улар билан ҳамкорлик ўрнатиляптими?
Н.М.: Жуда кўп изладим ва ўргандим. Лекин ижод мактабларимизнинг дунёда муқобили йўқ.
Ўқувчилар мастақил адабий-маданий лойиҳалар очиши, халқаро ижодий дастурларда иштирок этиши, чет элларга ижодий саёҳатларга чиқиши учун имкон борми?
Н.М.: Албатта, имкони бор. Тўғриси, ижод мактабларининг ҳали аналоги йўқлиги бизни қувонтириш билан бирга катта масъулият ҳам юклайди, менимча. Ижод мактаблари ҳали ўз миссиясини тўғри ва аниқ белгилаб, тизим сифатида шаклланганича йўқ. Айни халқаро адабий алоқалар борасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига умид боғлагандик, лекин ҳали амалиётга ўтилмади.
Тўғриси, энди ички муҳитни амалиётда синаб, оптималлаштириб, мустаҳкамлаб олдик. Ички заминни мустаҳкамламай туриб, ташқи муҳитда ўрнимизни тополмасдик. Навбат халқаро лойиҳалар ва ҳамкорликка етди, десак, адашмаймиз. Қувонарлиси, энди бу жараёнда бизга ишончли йўлбошчи бўлаолгудек сиз каби адабиёт жонкуярлари бизни қўллаб турганидир.
Пандемия тугаса, инша Аллоҳ, бошлаган халқаро адабий ташрифлар учун эшикларимиз очиқ.
Аъзам Обид суҳбатлашди