“Навоий” романининг французча таржимони

Навоий жамғармасига тавсиялар

Бир мақолада Ойбекнинг “Навоий” романи француз тилига таржима қилинганини ўқиб, бошим осмонга етди. Ким таржима қилгани билан қизиқдим. Алис Оран рус тилидан таржима қилган, асар Москвада 1948 йили босилган экан. Таржимон ва китоб ҳақида ўзбек, рус, француз, инглиз тилларида интернетдан роса маълумот қидирдим, аммо жуда оз нарса топдим.

Алис Оран – бу унинг тахаллуси, асли исми Александра Петровна Орановская (дугоналари уни Шуретта деб чақиришган) асли Россияда туғилган, жуда ёшлигида Францияга кетиб қолади ва 15 ёшгача Парижда яшайди. 1914 йили Алис оиласи билан Россияга қайтиб келади, ҳарбий муҳандисга турмушга чиқади, урушдан сўнг эса Москвадаги “Иностранный рабочий” (ҳозирги номи “Прогресс”) нашриётига ишга киради, француз тили клуби очади. Жуда кўп рус ва совет ёзувчиларининг китобларини, жумладан, “Навоий” романини русчадан маҳорат билан французчага ўгирган.

1939 йили Алис Оран Москвада француз тилида пьесалар қўйиладиган театр (TLF) очган. Бу театр ҳозир ҳам бор, уни Алис Ораннинг қизи Елена Георгиевна Орановская бошқариб келмоқда. Алис Оран 1965 йил 20 октябрда ҳаётдан кўз юмган.

Дунёдаги 40 дан ошиқ давлатда 215 миллионга яқин киши француз тилида сўзлашади. Мана сизга зўр лойиҳа! “Навоий” романини ақалли Франция, Бельгия, Канада ва расмий тили французча бўлган Африка давлатларида қайтадан нашр этинг! Менимча, халқаро муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунга кўра, француз тилида 1948 йили нашр этилган бу асарни қайта босиш учун муаллифлик ҳуқуқи олиш шарт эмас.

Кеча Ойбек уй-музейи директори Ойнур опа билан гаплашдим. Ушбу французча китобдан бир нусха музей кўргазмалар залида бор экан! Туркиядаги ноёб китоблар дўкони эса айнан шу китобни онлайн 100 долларга сотяпти.

Келаси сафар Москвага борсам, совға-салом олиб, Елена Георгиевна Орановскаяни қидириб топаман, чин дилдан “онажонингизга раҳмат!” дея изҳори дил айтиб қайтаман, инша Аллоҳ!