Ёш олима билан танишув

Бир ёш, зийрак олима билан танишдим. “Америка ҳикоялари” китоби керак экан, совға қилдим, шу баҳона ҳозирги замон ўзбек ва жаҳон ҳикоячилиги, унинг шу мавзудаги илмий иши, яна драбллар ҳақида гаплашдик. Бу аёл ҳамма ёш ёзувчиларимизнинг ҳамма ҳикоясини ўқиб чиққанга ўхшади: камида ўнта номни санаб, ўн хил ҳикояни тезда мазмунини айтиб берди, ўз фикрини очиқ баён этди. Танқидий ўйлашидан завқландим. Гуглни титкилаб, ҳикоя 100 сўздан иборат бўлсагина “драбл” бўлишини эсга туширволдик.

Дадиллиги, изланувчанлигини ёқтирдим. Вилоятдан келганига кўп бўлмабди, университетда дарс беряпти, илмий ишини ёқлаш арафасида. Илоё омадини берсин! Аммо унга Тошкентда қолиш шарт эмаслиги, агар яшаш осонроқ бўлса, бу иқтидорини вилоятда сарфласа ҳам барака топиши мумкинлигини эслатдим. “Адабий муҳит-чи?” деди ва яна ўйлаб кўришини айтди. Мен эса ўзимча “бу ерда адабий муҳит борми-ди ўзи?” деб ўйладим.

Бу ёш олиманинг ростгўйлиги зўр экан! Каналимда чет элликлар билан ўтган дастурларимизни кузатиб, келолмагани, қатнашолмагани учун роса ичи куйибди ва шартта каналимдан чиқиб кетибди! ????Илми зиёда, ҳаёти гўзал бўлсин бу тўғрисўз олиманинг!

Аслида, чет элларда, хусусан, АҚШда ҳар йили чоп этиладиган антологиялар ҳақида ёзмоқчийдим. Масалан, “2025 йилнинг энг яхши ҳикоялари”, “Йилнинг энг яхши шеърлари” каби сериялар бор. Агар бизда қайсидир нашриёт шунақа серияларни чоп этиб бошласа, кимнинг қайси ҳикояси ё шеърини киритишини истардингиз? Мен бугун танишган ёш олимамнинг бугунги суҳбатимиз қўшилган илмий ишидан бир парчани киритган бўлардим, масалан.