АҚШдаги Айова шаҳрига биринчи ўзбек ёзувчи-резидент бўлиб борганимга 21 йил тўлди.
Орадан шунча йил ўтибгина ўзбек ижодкорлари халқаро ижодий резиденция дастури, фестиваллар нималигини сал-пал тушуна бошлади холос, бироқ ҳануз ундай дастурларда иштироки, камина тавсияси билан омади чопган 3-4 кишини айтмаса, деярли нолга тенг.
Биз эса мустақил митти жамоамиз билан 100 дан ортиқ хорижликни Ўзбекистонда халқаро ёзувчи-резидент бўлишини таъминлай олдик. Энди ҳеч йўқ 100 ўзбек ижодкори чет элга чиқсин, кўрсин, ўргансин, ўрганганини шу ердагиларга ўргатсин.
Юртимизда ўзини шоир ё ёзувчи деб билувчи, ҳеч йўқ битта китоб чиқарган камида 10 минг киши бор. Аммо оёқдан тортиш бўйича дунёда биринчи бўлсак керакки, ижодкор бўлиб ҳеч бир-биримизни суямаймиз. Адабиёт ва адибни қўллашга масъуллар эса ундан бадтар тарафкаш, ҳасадгўй ва саёз.
Ўзбек ижодкорлари гуруҳ-гуруҳ бўлиб ё якка тартибда чет элларга турли дастур, китоб ярмаркаси ва фестивалларга чиқмас экан, замонавий жаҳон адабиётидаги ўрнимиз охирги поғоналарда қолаверади.