“Элтуз” саҳифасида Талант Толерантнинг таржимага оид таҳлилий постини ўқидим.
Баракалла! Анчадан буён бунақа батафсил, таҳлилий, очиқ бир мақола ўқимагандим! Ёзувчилар уюшмаси таржима кенгаши ҳар йили ўтказадиган йиғин бошида ҳар сафар ўқиб эшиттириладиган нутқ бўлибди!
Таржима ҳақида шундоқ кенгроқ гап кетганда каминани эсламабди-я муаллиф деб тургандим, пастроқда ҳартугул мени ҳам қистириб ўтибди, барака топсин! ????
Менинг инглизчадан ўзбекчага илк таржимам Шекспирнинг бир туркум сонетлари бўлганди. Нега деб сўрасангиз, таржима бошлаганим 90-йиллар охирида Ўзбекистонда инглизча китоблар жуда, жуда кам эди, ўша пайтлар қўлимга Шекспир сонетлари тушиб қолган, шунинг учун таваккал таржима қилганман. Мендан аввал устоз Жамол Камол аслиятдан таржима қилгандилар. Айни сонет таржимасини солиштириб кўрганман: устозда “соддароқ”, менда сал “мураккаб” таржима бўлгандай. Бу постда кўрсатилган Шекспир сонетлари китобида ўша таржималармикин ё бошқами? Негаки мен ҳали Жамол ака иккимиздан бошқа биров аслиятдан ўзбекчалаштирган сонетларни кўрмадим.
Менинг ўзбекча ва инглизчага қилган таржимам (насрий ва шеърий) тахминан 20 томга етади. Босилиб чиққани 5-6 китоб холос. Аммо деярли ҳамма таржимам сайтимда бор: http://azamabidov.uz/
Бу пост эгаси тўғри ёзибди: дунё ҳозирча ўзбек адабиёти намуналарини инглиз тилида асосан менинг таржимам орқали кўряпти (ўқияпти деёлмайман). Ҳозирча “ўзбек адабиёти инглизчада” сериясида энг кўп таржима каминага тегишли. Бу Навоий “Фарҳод ва Ширин”идан ғазаллари ва уларга шарҳлар, бир нечта роман ва қисса, ҳикоялар ва жуда кўп шеърий таржималар. Баъзи китоблар “Амазон”да бор, бир сафар Британия кутубхонаси 50 тами 100 та сотиб олганини эшитдим холос. Нега ўзбек бўлиб мен инглизча таржима қиляпман деган саволга қисқа жавобим: “Мен қилмасам, бошқа ким қилади?” Аммо бу жавоб қониқарли эмас. Бу саволга жавоб топиш учун каминанинг ижодий йўлини яхшилаб бир қараб ўтмаса бўлмайди. Ўзбек адабиётининг чет тилларига, хусусан инглиз тилига таржимаси ҳақида “кўп ва хўб” гапираётган, амалий иш қилаётган бошқа кишини кўрмаяпман. Бу бир-икки киши қиладиган иш эмас, бу жуда катта ва муҳим комплекс вазифа, бу миллат келажагига дахлдор ўта зарур иш ва у катта куч, садоқатли жамоа ва жуда катта маблағ талаб этадиган иш. Бу ишга масъул ташкилотлар, одамлар бор, аммо уларнинг менга қулоқ соладиган ҳоли йўқ.
Мен ўзбекча таржималар ҳақида кўп гапиролмайман, аммо инглизча ё бошқа тилларга таржима ҳақида жон куйдираман. Ўзбекнинг адабий овози бошқа тилларда ҳам эшитилиб туришини истаганим учун асосан йўналишимни “чет тилларига таржима”га қаратганман.
Таржима – комплекс адабий жараённинг гўзал бир қисми. Ўзбекистонда эса, нормал деймизми, жаҳон андозасига мос деймизми, адабий жараён йўқ. Бизда оддийгина йиллик халқаро адабиёт ё шеърият фестивали ҳам йўқ (қилмоқчи бўлгандик, бир ой қолганда йўққа чиқаришди); бизда бирорта расмий халқаро ижодий резиденция ҳам йўқ – камина 2018 йилда очган норасмий, волонтёрлик асосидаги резиденция эса 100 дан ортиқ дунё ижодкорини Ўзбекистонга олиб келиб, шу йил апрелда бошқа бундай тарзда давом этолмаслиги сабаб тугатилди (битта резиденция учун ўз ҳисобимдан камида 2000 доллар сарфлардим, ёнимда эса ҳеч ким туриб беролмади, ҳокимият ва масъул ташкилотлар эса ҳамма расмий хат ва мурожаатларимга бефарқ бўлди): Ўзбекистонда бирорта шаҳар ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига кирмаган (ҳатто бутун турк дунёсида ҳам бундай шаҳар йўқлиги турк дунёсидаги умумий адабий аҳвол қониқарсиз эканидан далолат). Таржима эса ана шундай йирик платформалар жараёнида ривожланади, ўсади, илгарилайди.
Очиғини айтсам, бу гапларни биров эътиборга олишига ҳам умидим қолмаган. Бюджетдан пул олиб ишлаётган нашрлар, сайтлар ва расмий муассасалар эса бу ишларни ақалли муҳокама қилишига, ечим топишига эса асло ишониб бўлмайди.
Хуллас, ҳаммага омад!
Аъзам Обид