Эврил Турон

Эврил Туронни хотирлаб                                          

Браун университети дастурига тавсия

Мамадали ака билан биринчи марта қамоқдан чиққанидан кўп ўтмай кўришганман. Уни Америкадаги Браун университети қошидаги мазлум ёзувчилар учун 10 ойлик махсус дастурга тавсия этмоқчийдик. Биографияси ва асарларидан кичик парчаларни инглиз тилига ўшанда таржима қилгандим. Шундан кейин ёзувчимиз билан тез-тез қўнғироқлашиб турдик. Бирор яхши янгилик эшитсалар, тезда телефонлашиб, суюнчилардилар раҳматли. Бошида “Зўр ишлар бўляпти!” деб катта умид билан яшаётгандилар. Аммо, охирги пайтлар ислоҳотлар темпидан ҳафсалалари пир бўлаётганини сездим.

Зокиров маҳалласи

Турмуш ўртоқлари вафот этганда, Ҳалима Аҳмад билан таъзияга бордик. “Уйим қаердалигини тополмасангиз, Фаррух Зокиров маҳалласи” десангиз, одамлар тушунтириб беради, дедилар. Ихчам ва кўркам уй экан. Иккинчи қаватга чиқиб, дуои фотиҳа қилдик. Озарбайжон ва туркиялик дўстлари билан таништирдилар, отлари эсимда қолмади. Худойберди Тўхтабоев билан қуда эканликларини ўша жойда билдим. Аямизни Аллоҳ раҳматига олсин!

Касалхона

Юраклари операция бўлганда, ижодкор дўстларимиз билан Чилонзорга ҳол-аҳвол сўрашга бориб, кўнгилларини кўтарардик. “Ҳали жуда ёшсиз, кўринишингиз йигитларникидай!” дейишарди аёл ўртоқларим.

Бир гал ўзим борсам, касалхона ҳовлисида сайр қилиб юрган эканлар. Скамейкага ўтириб, озроқ суҳбатлашдик. Туркий дунё бирлигидан сўз очдилар. “Шеърларингизни ўқидим, баъзиларининг тагига чизиб, фикрларимни ёзиб қўйдим” дедилар. Интернетдан у кишига бир нарса кўрсатмоқчи бўлдим. Ҳозирдан кўзойнак тақяпсизми, деб ҳайрон бўлдилар. Толиқтирмай дея олдиларида кўп ўтирмадим. “Хонага чиқайлик, қизим торт пишириб келган, бирга баҳам кўрамиз”, дедилар. “Ўзим сизга бир қўлбола ош қилиб бераман, тезроқ тузалиб тушинг!” деб хайрлашдим. Самимий қўл силкиб қолдилар.

Назарбек

Ҳаво булутли кунларнинг бирида бир шогирд-дўстларининг Зангиота тумани Назарбек қишлоғида жойлашган дачасига йўлга чиқдим. Гулзамон опа билан ўша ерда яшашаётганди. Постдан ўтишим билан ёмғир ёға бошлади. Эски “Опел”им асфальт ётқизилмаган узун кўчага 200 метрча кириб, лойга ботиб қолди, олға юришга кўзим етмади. Уйларини мўлжаллаб, икки тарафи қий дала бўлган уч километрча йўлдан қўшиқ айтиб пиёда кетавердим. Печка ёқилган иссиққина уйда эски хотираларидан сўзлаб бердилар. Асарлари, мақолаларининг кўпини Гулзамон опа компьютерда териб, архивлаштира бошлабдилар, роса хурсанд бўлдилар. Оқшом туша бошлагач, бир танишлари “Дамас”да келиб қолди. Ўша киши билан машинам тиқилган жойгача етиб олдим. Бериб юборганлари катта баклашкадаги тузланган карамни қиш бўйи мазза қилиб едик.

Келаси сафар Назарбекка Музаффар деган қадрдон укам билан бордик. Гулзамон опа икковлари курка боқишаётган экан. Гўштлироқ кўринган учтасини сотиб олдик, қўшни йигитча сўйиб, тозалаб берди.

Мамадали аканинг кўзлари тубидаги мунг ҳеч кўтарилмасди: халқ дарди, туркий дунё ривожи тинчлик бермасди гўё. Ҳар сафар кўришсам, “кулиб туринг, Мамадали ака!” деб суратга туширволардим. “Ўзи сиздан бошқа ҳеч ким мени кулдиролмайди!” деб жилмаярдилар.

Бир сафар сал енгилроқ кийинган эканман шекил, мажбурлаб “мендан эсдалик бўлсин” дея жуда чиройли бир курткаларини кийдириб юбордилар. Совуқ кунларда ҳар сафар эгнимга илиб, устим қизиркан, ўша илиқ кунларни эслаб, кўзимга ёш келади.

Чирчиқ

Ёз кунларининг бирида Нигора Умарова ва ўғлим Абдурауфни олиб, Чирчиқдаги квартираларига бордик. “Адабиёт газетаси” бош муҳаррири Бахтиёр Карим ҳам келди. Паловни ўзим пиширдим, анча суҳбатлашиб ўтирдик. Мамадали ака газетада кучли мақолалар бериб борилаётганини олқишладилар.

Қайтишимизда Дўрмонга, устоз Жамол Камол уйларига кирдик. Ҳар галгидай ҳаммамизга янги китобларидан совға қилдилар.

###

Мен ўзи одатим бўйича “унутилган” ё эътибордан тушиб қолаёзган улуғларимизнинг кўнгилларини кўтариб юраркан, уларнинг ҳаёти бир қадар изга тушиб кетгач, ортиқча безовта қилмайман, асосан, телефонда ҳол-аҳвол сўраб тураман.

Мамадали акани Ёзувчилар уюшмасига қайта тиклашди, кўксиларига қандайдир медаль тақишди. Кейинчалик газета ва сайтларда вилоятларга ижодий сафар таассуротлари эълон қилинганига кўзим тушди.

Шу орада “Ойнур” номли романларини инглиз тилига таржима қилдим. Австралиялик ёзувчи дўстим Патришиа Бернард уни таҳрир қилиб берди. Ўша версия www.azamabidov.uz сайтимда турибди. Ўзбек адабиётининг тарғиботи учун бюджетдан маблағ ундириб, жўяли нима иш қилишни билмаётган ташкилот(лар) бўлса, шу романни инглиз тилида ўқийдиган миллионлаб китобхонлари бор Ҳиндистон, Астралия, АҚШ, Буюк Британия, Канада каби мамлакатларда нашр этишса, зўр иш қилган бўлишарди.

Ҳа, эсимга тушди. Бир куни Мамадали ака қизлари Ватаннинг уйига чорладилар. Бир турк ишбилармон дўстларини чақирдилар. Романларимни таржима қилсангиз, шу дўстим қалам ҳақи бермоқчи, дедилар. Ўша кунлари “Фарҳод ва Ширин”ни инглизчага таржима қилаётгандим, бу ишни кейинга сурдим. Қолаверса, аввал “Ойнур”ни чиқарайлик, кейин бир гап бўлар, дедим. Ўша ишбилармон ҳозир қаерда, билмайман. Агар қўллаб-қувватласа, бу романларини чет элдаги нашриётларда босиш ҳаракатини қилардим.

Ўтган йили октябрда австралиялик ёзувчи Патришиа Бернардни чет эллик ижодкорлар учун махсус ижодий резиденция/туризм дастуримизга олиб келдик. Ўша кунлари Мамадали ака “Семашко”да даволанаётган эдилар. Кўргани боролмадик, Патришиа билан фақат телефонда сўзлашдилар, таржима қилиб турдим.

Юнусободдаги квартиралари ва ё Дўрмон дачасига боришга улгуролмай қолдим. Вафот этганларидан бир ҳафтача ўтиб, кечаси телефонимга “Мамадали Маҳмуд” ёзувли қўнғироқ келди. “Мамадали ака!” дейман. Қизларининг овози эшитилади. “Хотира ошига келинг Дўрмонга”…

Мен бундай ошларга боришни ёмон кўраман. Яхши кўрганим одамларни, ёши улуғ, унутилган ижодкорларимизни тириклигида бориб кўнгилларини олгим келади. Ҳар сафар уйда тиловат этаркан, “вал асатизина” қўшиб, оламдан ўтган устозларни ҳам чин дилдан дуо қиламан. Илоё руҳлари шод бўлсин!  Мамадали ака, Сиз ҳам у дунёда кулиб юрган бўлинг!

Аъзам Обид