# Ўзбекистонда адабиёт ва санъат мустақиллиги
“Халқаро адабиёт фестивали. Халқаро шеърият фестивали. Халқаро ёзувчилар фестивали/конгресси” лойиҳаси
Дунёда адабиёт аҳли учун халқаро тадбирлар жудаям кўп, номлари ҳам турлича. Кимдир “халқаро адабиёт фестивали” деб каттароқ тадбир ўтказади, кимдир “халқаро шеърият фестивали” атаб фақат шоирларни таклиф қилади, яна кимдир “халқаро ёзувчилар фестивали/анжумани/конгресси” деб асосан насрий асар ёзувчи ижодкорларни жамлайди. 10-15 киши чақирадиган Ҳиндистондаги ихчамроқ “Критя” фестивалидан то бир неча юз ижодкор учун эшиклари очиқ Штруга, Ҳаной, Меделлин ва ҳоказо кўплаб катта-кичик шаҳарларда ўтадиган адабиёт байрамларигача бор. Кўплари “йиллик”, яъни маълум бир вақтда ҳар йили бир марта, баъзилари икки йилда бир бор ўтказилади, тадбир кунлари ҳам турлича: 3 кундан 10 кунгача. Ҳаммасининг мақсади муштарак: бадиий ижод аҳли ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш ва ҳамкорликка йўл очиш.
Халқаро адабиёт фестиваллари Япония, АҚШ, БАА ва ё Европадаги энг бой мамлакатлардаям, энди ривожланиш йўлига кирган ё қолоқ Африка давлатларидаям, миллиардлаб аҳолили Хитой ва Ҳиндистондаям, хуллас ўзини дунёнинг ажралмас бир қисми деб кўрувчи деярли ҳамма мамлакатда бор. Ўзбекистонда-чи?!
Сиз қачон Ўзбекистонда йиллик халқаро шеърият фестивали, ё икки йилда бир ўтувчи халқаро ёзувчилар анжумани бўлаётганини эшитгансиз? Ҳеч қачонми? Аммо Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган мода ҳафталиги, бизнес ҳафталиги, ҳеч йўқ “Шарқ таронлари” халқаро мусиқа фестивали ҳақида хабарингиз бўлса керак…
Шу митти каналдаги таклиф ва лойиҳаларимни ўқиб, кўриб турган ижодкор дўстим, қулоқ беринг! Сиз Ўзбекистондаги биринчи Йиллик халқаро шеърият фестивалини очмайсизми? Сиз Биринчи Йиллик халқаро ёзувчилар фестивалига старт беринг! Бундай ишларни сиз қилмасангиз, ҳеч ким қилмайди! Ҳеч йўқ шундай постларимни тарқатинг, бўлишинг, муҳокама қилиб бошланг.
Ўтган ҳафта ёзганим “Аууу, АОКА!” деган ҳайқириғимга яна бир бор кўз ташланг. Ўзбекистондаги бундай ишларни ташкиллаштиришга масъул ташкилотларни турткиланг, қўзғатинг, биргаликда ишлашга таклиф этинг, талаб қилинг! Адабиёт ва санъат сал-пал ривожланишини истасангиз, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий муаммоларни дангал кўтариб чиқаётган ўзимизнинг блогерларга қўшилинг, улар каби ўзингиз билган соҳа тараққиёти учун ғайрат қилинг, ижтимоий тармоқларни жўяли танқидлар, таклифлар, амалий лойиҳалар ҳақидаги муваффақият ҳикоялари – “сэксэс стори”лар билан тўлдиринг!
Бошланишига 10 нафар хорижлик шоирни Ўзбекистонга анжуманга чорласангиз қандоқ бўларкин? Халқаро фестиваль дегани адабиёт ҳақида узун, зерикарли маъруза ўқиб, палов еб, Самарқандни кўриб кетишмас. У ўзаро яқиндан танишиш, ҳамкорлик учун очилиш, биргаликда фойдали ижодий лойиҳалар устида ишлаш, таржима, илғор тажриба билан ўртоқлашиш, муаллифлик ҳуқуқига риоя этган ҳолда турли тилда антологиялар, китоблар нашр этиш, хорижлик замонамиз ижодкорларини ёш қаламкашлар билан боғлаш, китобхонларимиз даврасини кенгайтириш, кутубхоналар, адабиёт музейларида жонли учрашувлар, мушоиралар, маҳорат сабоқлари, чет тилида суҳбат клублари уюштириш, борди-келдини йўлга қўйиш ва ҳоказо илғор ижод дунёси саҳналарига ошиқиш демакдир! Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистондаги халқаро адабиёт фестиваллари ўзбек адабиётини дунёга таништириш учун энг катта ва энг муҳим воситадир.
Битта кичик халқаро фестиваль ўтказиш учун ҳам митти командангиз бўлмоғи шарт. Ўша жамоа ҳеч йўқ инглиз тилини яхши билган уч кишидан иборат бўлсин: фестиваль директори, тадбирлар координатори, администратор. Бу жамоа хорижлик меҳмон ижодкорларни излаб топиш, таклифномалар жўнатиш, билетларини ҳал қилиш, тутаржой, озиқ-овқат, кутиб олиш ва жўнатиш, рўйхатдан ўтказиш, маҳаллий транспорт ташкиллаштириш каби техник вазифалардан тортиб фестивалнинг соатма-соат дастурини тузиш, турли тадбирларда иштирокини таъминлаш, асарларини таржима қилиш ва нашр этиш, келгуси самарали ҳамкорлик учун аниқ режа ишлаб чиқиш каби вазифаларни ўз зиммасига олмоғи керак бўлади.
Хўш, қачон Ўзбекистондаги биринчи йиллик халқаро адабиёт фестивалига старт берамиз, ўртоқлар?!