Қафасдаги қуш синдроми
ёхуд эркин ижод қайғуси
Ҳозирги замон ўзбек адабиёти ва уни ташкил этаётганлар қафасдаги қушга ўхшайдур. Гоҳида бул қафаснинг эшиги қия очиладур ва қуш бошини ташқарига чиқариб, у ёқ-бу ёққа қўрқибгина қарайдур, аммо дарҳол яна ўзини қафас тўрига урадур.
Саноқли адабий нашрларда бирор танқидий ё таҳлилий материлга кўз тушмайди. Шеърлар, ҳикоялар, романдан парчалар ўз йўлига, аммо танқидчи қани, таҳлилчи қани?
Ҳайкаллар ўнгидаги тадбирлар ҳисобот учун тайёрлангани сезилади, кичик ё каттароқ давраларда фақат йиллик ҳисоботлар тинглашга келинади, жиддий баҳс, янги гап, янгича лойиҳалар йўқ. Нега? Нега ижод аҳли нега деб сўрашни, танқидий ўйлашни билмайди?
Кутубхона ва музейлардан 3000 га яқин асар, асл қўлёзма ва бошқа осори атиқалар ўғирлаб кетилаверади, ижод аҳли жим-жим. Адабиёт ва санъат музейларида одам жуда сийрак, адабиёт уй-музейларига кимса кирмайдур, кирса, дарров зерикиб қочиб чиқадур. Илғор адабий лойиҳалар таклиф қилиниб, муҳокама қилинадиган давралар умуман йўқ. Тарқоқ-тарқоқмиз.
Яқин орада бир-иккита китоб тақдимотига чақиришди, аммо менга бундай тадбирлар ёқмайди. Мени адабиёт ва санъатимизга оид катта ва долзарб масалаларнинг ечими жиддий ўйланиб, очиқ фикр ва таклифлар айтиладиган давраларга чорлангиз, бир қоп ғояларим, тайёр ташаббусларим билан борай!
Икки ойча бўлди, бир ижодкор синглимиз бадиий таржимани ривожлантириш мақсадида давлат маблағ ажратган экан, қандай лойиҳалар қилишни сўради. Бунақа ишларни якка тартибда эмас, кўпчилик билан ҳал қилиниши, зудлик билан таржимон ва адабиётчиларни йиғиб, каттароқ анжуман чақиринг, дедим. Жимиб кетди. Нега мулоқот ва эркин учрашувлардан қочамиз, нимани бекитамиз?
Ўзбекистонда иқтисод, демократия ва эркинлик жадал ривожланиб кетмаётганида бадиий ижод аҳлининг ҳам катта айби бор. Ҳозирги кунда ижодкорларнинг чиқишларига 80-90-йиллардаги каби кескинлик, баланд овоз, шижоат, танқид, дангаллик руҳи жудаям зарур.
Ўтган ойда “Pegas” номли ёшлар гуруҳи ва унинг газетаси ҳақида бир постга кўзим тушиб, орзумдаги гуруҳ хаёл қилганча, дарҳол бу гуруҳни топдим. Ўзимча бир яхши йўналишлар бермоқчи эдим, Телеграм гуруҳларига қўшишди, таржимон ва бошқарувчилар билан ёзишиб бошладик. Бир-икки ҳафта ичида ўнлаб ғоя, таклиф, грантлар, лойиҳа ҳужжатлари билан бўлишиш баробарида ёш таржимонларни чет эллик адиб ва шоирлар билан боғлаб қўйдим. Аммо гуруҳ негадир жонланиб кетолмаяпти, жуда суст. Савол беринглар, билмаганингизни сўранг, деявериб эсим кетади. Йўналтириш улар учун етарли эмас, иложи бўлса, ҳамма ишни қилиб беришингиз керакдай таассурот.
Чет элликларга таништирганим, асарларини ва ўзини хорижга олиб чиққаним қатор ижодкор ўртоқларимиз сувга тушиб кетгандай. Улар ўз мустақил лойиҳаларини очишлари керак эди, бироқ таништирган жойингиздан давом эттириб кетишгаям ҳафсала қилишмайдур, жуда ғалати.
Хуллас, қафасдаги қуш синдроми жуда чуқур илдиз отиб кетган ижод аҳлимиз орасида. Албатта, орамизда каминанинг адабиёт мустақиллиги ғоясига қўшилаётган дўстларимиз ҳам бор, лекин улар жуда кам, ҳали яхши англаб етмаяпти.
Ташқарига чиқмаса бўлмайди. Ижодкор конфликт билан, унинг ичра яшамоғини эслатайин сизларга. Мухолиф қараш, альтернатив адабиёт, мустақил адабий уюшма ва эркин лойиҳалар қилишга кучингиэ етмасму? Бунинг учун озроқ ирода керак холос. Масалан, бошланишига, чет элга биздан рухсат сўрамай чиққанинг учун фалон мукофотдан маҳрум этамиз, дейдиган раис ё раисанинг башарасига аъзолик билетини шартта отиб, ташқарига чиқиб кетишдай оддий ирода зарур. Яна қатъий принцип, тутуруқ ҳам керак. Эшиги-ку очиқ, яна қафасга қайтмаслигингиз учун нима қилсам экан-а?
(Сурат интернетдан олинди)