Яқинда босилган китобчамга ёзганим сўзбошидан парча

Яқинда босилган китобчамга ёзганим сўзбошидан парча:
Очиғи, биз ёзган шеърларимизни, чиқарган китобларимизни, асосан, ўзимизга ўхшаган бошқа шоир ё ёзувчи дўстларимиз ўқийдиган даврда яшамоқдамиз. Бугунги шоирлар ора-сира ҳеч йўқ бир-бирини ўқиб, бир-биридан илҳомланади. Биз ҳозир шоир овози зўрға чиқаётган, деярли умуман эшитилмаётган палладамиз. Биз яна шеър ёзиб юрганларнинг аксари ҳукумат эътиборига тушиш, мукофот, имтиёзли уй-жой илинжида, овозини ҳечам баландлата билмайдиган, сал эркинроқ давралардан қочадиган, мадҳияларга гурра-гурра қарсак чалиб ётган кунларга келдик.
Камина учун шоирлик бу қатъий принципли бўлиш демакдир. У дангаллик, жасурлик, ҳаққонийлик, энг катта бошлиққа ҳам хато қилаётганини айта олишингдир!
Қачонлардир камина ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқаман, дея бонг уриб юрардим. Бу йўлда амалга оширолмаганим эса қилганимдан кўра кўпроқ. Дунё ҳамжамияти ўзбек адабиий меросининг 1 фоизидан ҳам хабардор эмас. Бизда на халқаро шеърият ё ёзувчилар анжумани, на халқаро ижод уйи бор. Ўзбекистондаги бирорта шаҳар ЮНЕСКО адабиёт ёки санъат шаҳарлари рўйхатига кирган эмас. Оддийгина адабий агентлик, адабий агент нималигини ҳалигача кўпчилик билмайди. Ўзбек ижодкорларининг аксари хорижий тилларни умуман ўрганишга иштиёқи йўқ. Миллат адабиётининг энг таниқли вакиллари, лоақал Алишер Навоий асарларининг бир фоизи ҳам дунё тилларига, хусусан, дунёда энг кенг тарқалган инглиз тилига таржима қилинган эмас. Навоийни дунё билади, деб оғиз кўпиртиргани ҳеч уялмаймиз…
Ёш ижодкорларни тарбиялашни мақсад қилган пойтахт ва вилоятлардаги ижод мактаблари яна ўша давлатга қарам уюшмаларга аъзоликни орзу қилиб ўсаётгани афсусланарли. Ҳамма соҳаларда “чет эл тажрибасини ўрганаётганимиз” бир паллада нега ижодий соҳада энг яхши ва энг керакли чет эл тажрибаларини ўзимизга олиб билмаяпмиз?
Камина энг илғор мамлакатлардаги каби ўзбек адабиёти ва санъати ҳам давлатдан мустақил ривожланиш йўлига ўтиши тарафдориман. Бунинг учун эса албатта адабиёт ва санъатни, турли ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган филантроплар, бизнесменлар, донор ташкилотлар учун тегишли имтиёзлар яратилиши борасида зудлик билан қонун чиқариш зарур, деб ҳисоблайман.
Камина ёзадиган мавзулар хилма-хил, аммо айни пайтда мен учун қийналган халқ дарди ва орзусидан бўлак катта мавзу йўқ. Шу боис, ушбу китобчага асосан кейинги йиллар ёзганим ўзбекча ва инглизча шеърларни киритдим.
(Китобчамни охиргача ўқиб, ундаги шеърлар ҳақида фикр айтмоқчи бўлган дўстлар ва китобхонларга бир нусхадан совға қиламан)