Хосият Рустам ташаббуси билан уюштирилган албан-америкалик шоир дўстимиз Гжек Маринайнинг Тошкент, Самарқанд, Чимкент ва Туркистонга ижодий сафари чоғида гоҳ ҳайдовчи, гоҳ таржимон, гоҳ гид ролида қатнашиб, мазза қилдим, илҳомландим ва тажриба орттирдим. Ўзбек ва қозоқ ижодкорлари ижодий учрашувларни жуда соғингани сезилди, айниқса, талабалар бу учрашувларда яйраб кетишди, фаол қатнашишди. Гжек умрида ҳеч туя кўрмаган экан, фурсат топиб, чиройли бир туя устига миндирдик. Қозоқ-ўзбек чегарасидаги паспорт текширувчи инспекторнинг “Америкадаям шоирлар борми?” дея ҳайрон бўлгани бу дастуримизнинг энг қизиқ жойи бўлди мен учун
Аммо ҳали чет эллик ижодкорлар билан ҳамкорлик ва мулоқотга очилишда қатор камчиликларимиз ҳам сезилиб қолди. Шуларни қисқа баён этсам, ташкилотчи дўстлар мендан ранжишмас, қайтанга келгуси дастурлар учун ўзларига тегишли хулосалар қилиб олишар.
Одатимизга кўра, меҳмоннавозликнинг энг олий намуналарини кўрсатдик, бироқ дастурхон тузатиш ва ўзаро совға-саломни ҳаддан ошириб юборганимиздан меҳмонимиз ўзини жуда ноқулай ҳис қилди. Манфаатлар тўқнашуви деган тушунча нима эканини Гуглдан қараб, яхшилаб билиб олсак ва амал қилсак яхши. Университет ва бошқа масканлардаги учрашувларни янада мазмунлироқ ташкиллаштириш имкони бор: камроқ маърузалар, баландпарвоз сўзлар ва мақтовлардан қочиб, кўпроқ савол-жавоб сессияси ва мушоирага вақт ажратиш каби.
Гжек Маринай Техас университети қошидаги ўзи директор бўлган “Мундус Артиум Пресс”нинг адабиёт соҳасидаги Гженима мукофотини ёзувчимиз Қўчқор Норқобилга топшириш маросимида ва бошқа муҳим тадбирда саноқли ёзувчи ва шоир дўстларимиз қатнашишди холос. Ҳар галгидай бағрикенглик, ўзимизнинг ичимиздагиларни, ўз аъзоимизни қўллаб-қувватлаш ва ютуғидан суюниш ҳисси сезилмади.
Тадбир ва сафарларда юрганимизда ижодкорларимизнинг инглиз тилини билмаслиги панд берди, лекин уларнинг аксари тил билишнинг нечоғли муҳим эканини тушуниб, тез орада бу ишга киришишларини айтишганидан қувондим (балки ҳеч йўқ 10 нафар талабгор чиқса, Юдаков музейидаги “English Club”имизни қайта бошлармиз). Меҳмонимизнинг бир газета муҳарриридан Украинадаги урушни қандай ёритишаётганини сўрагани менга ёқди.
Баъзи жойларда Гжек Маринайни Нобелга тавсия қилинган шоир, деб юборишгани тадбир таржимони сифатида менда ноқулайлик туғдирди. Илтимос, кимдир замонамизнинг бирор ёзувчи ё шоири ҳақида шундай деса, ишонмангиз, чунки одатда Нобель мукофотига ростдан ҳам тавсия этилганлар 50 йил сир тутилади…
Хуллас, чет эллик етук ижодкорлар билан мулоқотимиз ва ҳамкорлигимиз давом этсин! Шу йил сентябрь ойида Тошкент ва Бухорода бўладиган Буюк Ипак Йўли халқаро адабиёт фестивалида қатнашишга тайёр туринг. Унда бирор ижодий мавзу бўйича спикер бўлишни истасангиз, зудлик билан менга хабар қилинг.