Президентга яна очиқ мактуб

Ассалому алайкум!

Мен шоир ва таржимон Аъзам Обид шу йил сентябрь ойида ўтказилиши кўзланган “Буюк ипак йўли” халқаро адабиёт фестивали қўмитаси аъзосиман. Шу ҳафта ушбу фестиваль ташкилотчиси ва директори, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон ижтимоий тармоқларда эълон қилганидек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (ЁУ) турли баҳоналар билан бу фестивалнинг Ватанимиздаги ҳамкори сифатида иштирок эта олмаслигини билдирган. Уюшма бу борада расмий баёнот билан чиқди. Мен ва Софи Ибботсон ўша баёнотга муносабат билдирдик ва мен шу куни Ўзбекистон Президенти, Ташқи ишлар вазирлиги, Буюк Бртианиядаги элчихонамиз ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлигига очиқ мактуб билан чиқдим.

Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда Ёзувчилар уюшмаси ва унинг кўплаб аъзолари Софи ва менга қарши ахборот ҳужумлари бошлаб юборди. 14 июль куни ЁУ халқаро бўлими мулозими Рисолат Ҳайдарова менга нисбатан ҳақорат ва бўҳтон тўқиб, мени ёлғончиликда ва 20 йилдан ортиқ давомида холис ва ҳеч қандай давлат ёрдамисиз амалга ошириб юрган халқаро дастур ва тадбирларимни сохталикда ва шуҳрат учун қилаётганликда айблаб чиқди. ЁУнинг таниқли аъзолари Ботиржон Эргашев, Шодмонқул Салом ва бошқалар эса Ўзбекистонга бунақа халқаро фестиваль керак эмас, деган кулгули хабарлар тарқатишда давом этмоқда. “TIME” журнали яқиндагина Ўзбекистонни дунёнинг саёҳат қилиш учун энг яхши ўлкаси рўйхатига киритган, бунга сабаблардан бири сифатида шу йил сентябрда ўтадиган ўша “Буюк ипак йўли” халқаро адабиёт фестивални ҳам кўрсатганди.

Сизлардан илтимос, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг мисқоллаб йиғаётган обрўси ва имижини тушириб юбораётган бундай нохолис Ёзувчилар уюшмасини бутунлай тарқатвориб, фикри очиқ, дунёқараши кенг, чинакам ватанпарвар ижодкорлар учун йўл очишда ёрдам беришингизни илтимос қиламан. Қуйида Президент ва бошқа масъул ташкилотларга юборган очиқ мактубимни илова қилмоқдаман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Эҳтиром ила,

Аъзам Обид

Ўзбекистон Республикаси Президентига

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасига

Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлигига

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Буюк ипак йўли” халқаро адабиёт фестивалига оид баёноти ҳақида очиқ мактуб

Муҳтарам жаноблар,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қарийб 32 йиллик мустақиллик йиллари давомида халқаро адабий алоқалар соҳасида ҳеч олдинга сезиларли ва жиддий қадам ташлай олмади.

Ўзбекистон бадиий ижод ва санъат соҳасида бой, ранг-баранг ва катта меросга эга бўлгани билан, бу мероснинг катта қисмидан халқимиз мутлақо бехабар, унинг ҳатто бир фоизидан ҳам дунё ҳамжамияти хабардор эмас. 32 йил ичида ҳам Адабиёт соҳасида қуйидаги ўта муҳим халқаро тадбирлар, лойиҳа ва дастурлар мамлакатимизда ҳалигача йўлга қўйилган эмас:

– Халқаро ижодий резиденция/туризм дастури (чет элик ижодкорлар Ўзбекистон бўйлаб учрашувлар, семинарлар ўтказади, саёҳат қилади, Ватанимизни ўз юртида тарғиб этади,, асарлар ёзади, кўргазмалар қилади);

– Халқаро ижод уйи (бутун дунёдан энг яхши ижодкорлар Ўзбекистонга келиб, яшайди, ўзбек адабиёти намуналарини таржима қилади, ижодкорларга тил ўргатади ва ҳ);

– Йиллик Халқаро шеърият фестивали (бутун дунёдан шоирлар келиб, ўзбек шоирлари билан дўстлашади, мумтоз ва замонавий шоирларимиз ижоди билан танишади, ижодий ҳамкорлик лойиҳалари, ёш шоирлар учун маҳорат сабоқлари ўтади, мамлакат бўйлаб мушоиралар, учрашувларда қатнашади);

– Йиллик Халқаро ёзувчилар анжумани (дунё ёзувчилари ҳар йили Ўзбекистонда йиғилади, ўзбек ижодкорларини жаҳонга чиқишга илҳомлантиради, катта китоб ярмаркалари уюштирилади).

Бунинг устига, Ўзбекистондаги бирорта шаҳар ЮНЕСКО адабиёт ёки санъат шаҳарлари рўйхатига кирган эмас!

Ўзбекистонда адабий агентлик, адабий агент, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш нималигини ҳалигача кўпчилик билмайди!

Ёзувчилар уюшмасининг юзлаб аъзолари, ҳатто турли-туман ялтироқ унвонлилар, халқ шоирлари-ю ёзувчилари ичида дунёга таниқли, дунё саҳналарига чиқиб ўз сўзини айтаётган деярли ҳеч ким кўринмайди!

Ўзбек ижодкорларининг аксари хорижий тилларни умуман билмайди. Уларга дунёга чиқиш йўллари, чет элларда танилиш, асарларини нашр этиш, халқаро фестивалларда иштирок этиш, халқаро ёзувчи ва рассомлар резиденцияларида қатнашиш, халқаро ижодий муносабатлар ўрнатиш, чет элларга ўқишга, малака оширишга юбориш учун йўл-йўриқ кўрсатувчи биронта ташкилот ё механизм етишмайди!

Ўзбекистоннинг чет элларда адабиёт, санъат, маданият ҳамда хилма-хил урф-одат ва қадриятларимизни тарғиб қиладиган, таништирадиган (масалан, Гёте институтига ўхшаган) йирик институтлари ҳам мавжуд эмас.

Ҳалигача миллат адабиётининг энг таниқли вакиллари, лоақал Алишер Навоий асарларининг бир фоизи ҳам жаҳон тилларига, хусусан, дунёда энг кенг тарқалган инглиз тилига таржима қилинмаган!

Пойтахт, вилоятлар ва Қорақалпоғистонда яшаб, ижод қилган мумтоз ҳамда замонавий ёзувчи, шоир ва таржимонларни чет элларда деярли ҳеч ким билмайди!

Уюшма ёш ижодкорларга тил ўргатиш, етук ижодкорларни чет элларга ижодий саёҳатларга юбориш, хорижлик ижодкорларни олиб келиб, таржима ва маҳорат сабоқларига жалб этиш ҳақида асло ўйлаган эмас.

Ўзбекистонда марказлаштирилган адабий таржимонлар уюшмаси йўқ.

Давлатга қарашли адабиёт ва уй-музейлари фаолияти ўта ночор, эркинроқ тадбир ўтказамиз дейилса, махсус рухсат кутиб ўтиради.

Замонавий ўзбек ёзувчи, шоир ва драматурглар – умуман ижодкорлар – уюшма аъзолигига қабул қилиниш, бепул поликлиникадан фойдаланиш, имтиёзли квартира, дала ҳовли ва бирон мукофотга илинишни ўзининг энг катта мақсади деб билади, аммо ўз билимини ошириш, тил ўрганиш, халқаро доираларга чиқиш ҳақида жуда кам қайғуради.

Хеч ким ўз мустақил ижодий ишини очишни ўйламаяпти, жуда борса, газета таҳририяти ва ё телеканалда маҳаллий ишларга шўнғиб кетмоқда холос. Яна бир ёш ижодкорлар гуруҳи эса чет элга иш излаб, жудаям оз қисми эса, ўқишга чиқиб кетган.

Ҳеч ким ўзбек ижодкорларини дипломатия, халқаро муносабатлар соҳасига жалб этиш, улар орасидан элчилар, маданият ишлари атташелари етиштиришни ўйламаяпти.

Ёш ижодкорларни тарбиялашни мақсад қилган пойтахт ва вилоятлардаги ижод мактаблари яна ўша Ёзувчилар уюшмасига аъзоликни орзу қилиб ўсмоқда холос.

Ҳамма соҳаларда “чет эл тажрибасини ўрганаётганимиз” бир паллада ЁУ ижодий соҳада энг яхши ва энг керакли чет эл тажрибаларини ўзимизга олиб кира билмаётир!

Камина энг илғор мамлакатлардаги каби ўзбек адабиёти ва санъати ҳам давлатдан мустақил ривожланиш йўлига ўтиши тарафдориман. Бунинг учун эса, албатта, адабиёт ва санъатни, турли ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган филантроплар, бизнесменлар, донор ташкилотлар учун тегишли имтиёзлар яратилиши борасида зудлик билан қонун чиқариш зарур, деб ҳисоблайман.

Шу йил сентябрь ойида ўтказилиши кўзланган “Буюк ипак йўли” халқаро адабиёт фестивали ташаббускорлари айнан юқорида келтирганим катта оғриқли муаммоларни сал бўлса-да ечиш йўлларини кўрсатиш, Ўзбекистон адабий муҳитига бир оз илғор ташаббусларни олиб кириш, чет эллик ижодкорлар билан ўзбек ижодкорларини дўстлаштириш ва адабий ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилган эди. Бу очиқ мулоқот қилиниб, дўстона фикрлар алмашинадиган интерактив, чинакам адабиёт фестивали бўлиши режалаштирилганди. ЁУ таклиф қилаётганидай узун ва зерикарли маърузалар ўқиладиган анжуман эмас!

Агар бу кўзланган фестиваль ЁУ айтганидек туризм тарафга оғиб кетаётган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Адабиётни туризм орқали, туризмни адабиёт орқали тарғиб қилиш ҳозир дунёдаги энг илғор усуллардан бири-ку!

Фестиваль якуний дастурида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси, фестиваль директори Софи Ибботсон ЁУ киритган таклифларнинг аксарини инобатга олган, дастурга киритолмаган ўринларда бўлса, билишимча, кўпроқ тадбирнинг халқаро даражаси ва халқаро тажрибани ҳисобга олган.

Аслида, ЁУ сизларнинг ва “Буюк ипак йўли” фестивалининг таклифини ёхуд Президент ё ҳукумат ташаббуси ва буйруғини кутиб ўтирмай, аллақачон Ўзбекистоннинг ҳар йили ўтказиладиган Халқаро шеърият фестивалини ва Ўзбекистон халқаро ёзувчилар фестивалини ўтказиб юрган бўлиши лозим эди!

Аммо, кўриб турганингиздай, ЁУ айни пайтда бундай йирик халқаро тадбирларни ўтказишга қодир эмас.

Биз – кичик мустақил волонтёрлар жамоаси – UzLAB (Uzbekistan’s Literature and Art Bridge) 2018-2019 йилларда бешта катта-кичик халқаро адабиёт фестивалини ўтказдик. Ҳеч кимдан маблағ ё ёрдам кутмадик. Европа, Америка, Австралия, Шарқ ва Туркий мамлакатлардан ёзувчи, шоир, рассом, таржимон олиб келиб, Ўзбекистон билан таништирдик.

Муҳтарам жаноблар,

Илтимос, ҳозирча, халқаро муносабатларда тажрибасиз ва нўноқ Ёзувчилар уюшмасини халқаро адабий тадбирлар учун ҳамкор сифатида ҳеч кимга, айниқса, хорижлик дўстларга тавсия қилмай туринг.

Илтимос, Ўзбекистонда адабиёт ва санъат мустақиллиги учун йўл очиб беринг! Зеро, азиз Ватанимиз имижини эркин ва мустақил адабий лойиҳалар, шаффоф ННТ ва жамоат ташкилотлари кўтара, юзини ёруғ қила олади!

“Буюк ипак йўли” фестивали жамоасига эса Ўзбекистонга чин дилдан ёрдам беришни истагани учун фақат раҳмат айтмоқ керак. Бу йил фестивалнинг Ўзбекистонда ўтказилмаслигидан улар ҳеч нарса ютқизмайди. Ютқизадиган биз, сиз, ҳаммамиз! Фестиваль эса қўшни ва бошқа Буюк ипак йўли мамлакатларида давом этаверади!

Аъзам Обид,

шоир, таржимон,

Бутунжаҳон Шеърият Ҳаракати

Ўзбекистондаги координатори