Адабиёт соҳасида Нобель мукофоти лауреатини аниқлашга кўмаклашувчи ёзувчи Эллен Матсон билан суҳбат
Ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз.
Мен ёзувчи Эллен Матсонман. Асосан романлар ёзаман. Швеция академияси ва Нобель қўмитаси аъзосиман.
Адабиёт соҳасида Нобель мукофотига номинация қандай қилинади?
Номинация жараёни учун махсус бир тизим мавжуд. Акс ҳолда қўмитага сон-саноқсиз номинациялар келиб тушган бўларди. Бутун дунё бўйлаб номинация қилиш ҳуқуқига эга одамларимиз бор. Олимлар, танқидчилар, адабий ташкилот ва академиялар воизлари шулар жумласидан. Шунингдек, аввалги нобелчилар ва Швеция академияси аъзолари ҳам номзод тавсия этишлари мумкин. Шу тариқа бизга бутун дунёдан жуда кўп номлар келиб тушади.
Адабиёт соҳасида Нобель мукофотига исталган кишини номинация қилиш мумкинми?
Назарий жиҳатдан ҳар ким номзод бўлиши мумкин. Зўр, ажойиб адабиёт яратган исталган кишини мукофотга тавсия этса бўлади. Бунда асосий эътибор бадиий асар сифатига қаратилади, бошқа талаб йўқ.
Лауреатларни танлаб олишда Сиз қандай мезонлардан фойдаланасиз?
Ҳаммаси сифатга боғлиқ. Адабий сифатни назарда тутяпман, албатта. Ғолиб деганимиз аъло даражали адабий асар ёзадиган, ўқиганингизда қандайдир сирли бир кучи борлиги сезиладиган, китоблари, барча асарлари орқали ўзгача бир тизилмага эга муаллифдир. Аммо дунёда жудаям яхши, аъло даражадаги ёзувчи-шоирлар сероб, шу боис лауреат бўлиш учун ижодкорда яна қўшимча нимадир бўлмоғи лозим. У нима эканини эса тушунтириш анча мушкул. Ўйлашимча, у сизга қўшилиб, сиз билан бирга-бирга дунёга келган нарсадир. Романтиклар бунинг номини “илоҳий учқун” деб аташади. Мен учун эса, бу маълум бир ёзувчи асарида топадиганим, ёзувлар ичида эшитадиганим овоздир, ва бу овозни бошқа ҳеч жойда учратиб бўлмайди. Унинг айнан нима эканини тушунтириб беришим осонмас, бироқ мен уни учратганим заҳоти таниб оламан. Сиз у билан туғилган бўласиз. У маълум бир ижодкор ижодига қўшимча ўлчов бахш этиб турган истеъдоддир.
Мукофотга эга бўлиш учун минимал ёш белгиланганми?
Йўқ, ёш чегараланмаган, лекин яхши ёзувчи бўлиш учун узоқ вақт керак. Баъзан яхши, зўр ёзувчи бўлиш учун бутун умрингизни сарфлашингизга тўғри келади. Шу боис лауреатларнинг аксари ёш эмас. Кўп ёзувчилар менинг ёшимда, балки бир оз ёшроқ ва кўпинча мендан катта бўлишади. Балки 30 40 ёшида лауреат бўлганлар бордир, аммо даргумон, чунки етук ижодкор бўлиб шаклланиш учун етарли вақт керак. Ўшандай мукаммал даражага эришиш бутун умр давом этадиган жараён кабидир. Инсон шахсияти
Нобель мукофоти бериш қарорига таъсир кўрсатадими?
Йўқ, мутлақо таъсир кўрсатмайди. Агар ўз-ўзини ижодда намоён қилувчи шахсият турини назарда тутмаётган бўлсангиз, албатта. Биз инсоннинг шахсий ҳаётига асло эътибор қаратмаймиз. У тамоман аҳамиятсиздир. Биз ҳамиша излайдиган нарса аъло даражали адабиёт холос. У ахтарганимиз адабий қадриятдир. Бизга муҳим бўлган ягона нарса ўша.
Номинация жараёни қандай кечади? Шортлист (рўйхат) қилинадими?
Ҳа, бир нечта рўйхат тузилади. Бошида тахминан 220 киши номи тиркалган узун рўйхат бўлади. Унга бутун дунёдан тавсия этилганлар киритилади. Кейин шунча кўп ижодкор ичидан энг яхшиларини ажратиб олиш учун дунёнинг турли бурчакларидаги экспертлар ёрдамига суянамиз. Натижада, бу йилги муокофот учун тахминан 20 кишилик номзодлар рўйхати шакллантирилади, сўнг яна яхшилаб кўздан кечиргач, бешта ном шортлистга киритилади. Ўша беш нафар номзод аниқланиши билан биз учун қўмита ва академиядаги иш қизғин паллага киради. Қўмита шу беш нафар ижодкорнинг ҳама асарини ўқиб чиқади, ўқиш баробарида нима ўқиётгани ҳақида ўйлайди, баҳолайди ва қандай фикрда эканини тушунтиради. Шундан кейингина ҳамма диққат битта номзодга қаратилади. Бу давомий баҳслар ва овоз бериш йўли билан амалга ошади.
Бу жараёндаги ролингизнинг қайси қисми Сизга кўпроқ ёқади?
Менга энг маъқул томони шундаки, номзод дея кўрилаётган буюк ёзувчиларнинг барчасини ўқиш, ўқигандаям синчиклаб, чуқур ва кенг қамровли ўқиш имконига эга бўламан. Камина адабиёт бўйича кўплаб бошқа қўмита ва ҳакамлар ҳайъатида ишлаганман, уларда одатда бир неча китоб, эҳтимол муаллифнинг энг сўнгги китоби ўқилади, лекин Нобель қўмитасида биз барча номзодларнинг ҳамма китобларини ўқиб чиқамиз. Гоҳо номзодларни яхшироқ билиб олиш учун китобларни бир неча қайта ўқишга тўғри келади. Гоҳида бу қандайдир қаршиликни енгиш учун ўз устингизда қайта-қайта ишлаш кераклигини англатади. Баъзан сиз қайсидир ёзувчини тушуна олмаётгандай бўласиз. Балки ҳатто сиз у ёзувчини умуман ёқтирмассиз, бироқ менинг вазифам тафаккуримни кенгайтириш ва ўша ёзувчини яхшилаб тушуниш даражасига етгунча ўқишга ҳаракат қилишдир. Албатта, бу жуда кўп ишга ўхшар, аммо жуда ёқимли ишдир. Мен, шунингдек, миям учун қаршиликни енгиш жуда фойдали эканлигини ҳис қиламан. Гоҳо ёшингиз улғайгани сайин бир оз дангаса бўлиб бораётганга ўхшайсиз. Кўпроқ ўзингиз севган ёзувчи асарларини ўқишни истайсиз, аммо бу қўмитада мени доимо янги номлар ўзига жалб этади. Бу жуда завқли бир ҳолат. Менга яна ўша ёзувчиларнинг асарларини қўмитадаги ўзим каби бошқа ўқувчилар ва акамедимиядагилар билан муҳокама қилиш жараёни ёқади.
Лауреатлар ғолиблик ҳақидаги маълумотни қаердан билишади?
Бу жуда осон. Биз охирги хулосаларни жамлаб, якуний қарор қабул қилганимиздан сўнг, доимий котибимиз телефон қўнғироғи қилишга чиқиб кетади. Ўйлашимча, бунда лауреат рақамини топиш, ва ё унинг дунёнинг қай бурчида эканлигига қараб, унга қўнғироқ қилиш ноқулай вақтга тўғри келиб қолиши каби озроқ қийинчилик бўлиши, эҳтимол. Алалхусус, лауреат қўмита қарори ҳақида телефон орқали хабар топади.
Адабиёт соҳасида Нобель мукофотини қандай қўлга киритиш мумкин?
Бутун ҳаётингизни ўқиб-ўрганиш, ёзиш, бебаҳо адабиёт яратишга, умрингизни ижодга бағишлаган киши ва чиндан ҳам жуда зўр ёзувчи ё шоир бўлсангиз, Сиз ҳам Нобель мукофотига лойиқ кўрилишингиз мумкин. Аммо, шунга ишончим комилки, Сиз катта иқтидорга ва уни ҳамиша ривожлантириб бориш имконига эга бўлишингиз мумкин, бироқ у Сиз билан бирга дунёга келган бўлмаса, уни зўрлаб ўзингизда ярата олмайсиз. Яъни, бу машаққатли меҳнат ва истеъдоднинг уйғунлигидан иборат, албатта, бунда машаққатли ижоднинг аҳамияти ниҳоятда катта. Дарҳақиқат, зўр ижодкор бўлиш катта меҳнат ва фидойилик талаб этади.
https://www.nobelprize.org/behind-the-scenes-of-the-nobel-prize-in-literature/