Чет элдаги адабий журналлар ва нашрлар ҳақида

Мендан ёш шоир ва ёзувчи ука-сингилларим чет элдаги адабий журналлар ва нашрлар ҳақида, асосийси, қандай қилиб уларда ўз ҳикоя ё шеърларини чоп этиш мумкинлиги ҳақида сўрашади.

Бундай нашрлар жуда кўп, айниқса, ҳозир кўплари онлайн нашрга айланган, аммо босма журналлар ҳам сероб. Фақат бир нарсани тўғри тушуниб олиш лозим: жиддий, профессионал журналларда асар чиқариш осонмас. Масалан, Чикагода жойлашган Poetry Foundation чоп этувчи, ҳар икки ойда бир марта чиқадиган “Poetry Magazine”да шеърингизни чиқариш учун шеър юбориб, ойлар кутишингизга тўғри келиши мумкин; улар Эркин Воҳидов ё Огаҳий ижод мактабининг энг илғор ижодкор ўқувчиси тугул, ҳали Ўзбекистон номини эшитмаган бўлиши ҳам мумкин. Баъзи нашрлар асар тақдим этишингиз учун ҳам расман маблағ сўраши мумкин, яъни “submission fee” деган тушунча ҳам бор. Айниқса, чет элдаги кўп адабий танловларда иштирок этиш бепул эмас. Буни эса дунё ижодкорлари замонавий дунёда нормал ҳолат сифатида қабул қилишади, чунки ўша танлов мукофотлари асосан “submission fee” ҳисобига шакллантирилади.

Умуман, ҳали ўқувчи, талаба экансиз, бирданига чет элда китобингизни чиқаришга шошилмай туринг. Ўзингиз учун аввалдан ижод йўлингизни белгилаб олишга урининг. Ўша йўлнинг бошида “мен шеърий китобим ё ҳикоямдан аввал фалон юртга ўзим чиқаман” деб белгилаб олсангиз, тўғри йўлга тушган бўласиз.

Албатта, чет элга чиқиш ҳам осонмас. Унгача шеърларингизни, ҳикояларингизни, романларингиздан парчаларни чет элдаги адабий нашрларга бемалол юбориб тураверинг. Қандай қилиб юборишни аввалги постларимда тушунтирдим. Мана бу ерда аллақачон жудаям кўп нашрларни бир жойга тўплаб қўйганман:

http://azamabidov.uz/?p=380