Баъзи дўстларимиз китобим “Амазон”да чиқди, дея хушхабар тарқатиб, ўзларини худди катта мувафффақиятга эришгандай тутишаётганига гоҳ-гоҳ кўзим тушмоқда. Бир дўстимиз у ерда китоб чиқариб бериш учун баъзилар муаллифдан фалон доллар пул ҳам олаётганини айтмоқда. Амазонда китоб чоп этиш ҳақида бир неча йил аввал каттароқ нарса ёзгандим, бугун қисқача тушунтираман.
“Амазон” бу Американинг ҳар хил товарлар, жумладан китобларни онлайн сотадиган, электрон тижоратга ихтисослашган, 1.5 миллионга яқин ходим ишлатувчи жуда йирик компания. Унда “китоб чиқариш” жуда осон ва мутлақо БЕПУЛ. Бу худди грин карта лотереясини ўйнаш кабидир – ариза тўлдириш очиқ ва текин, аммо кўпчилик интернет кафеларга югуриб, пул тўлаб ўтиради.
Бунинг учун amazon.com платформасида тегишли бўлимга кириб, асар ё китоб матнини юклайсиз (исталган тилда), дизайн танлайсиз, ISBN оласиз (у ҳам бепул), нарх белгилайсиз – бўлди, китобингиз тайёр! Озроқ қўшимча ҳақ учун енгил таҳрир қилиб беришлариям мумкин. Агар пулини тўласангиз (параметрига қараб, таҳминан 50-80 доллар) битта босма нусхани уйингизгача етказиб ҳам беради.
Тайёр китобингизнинг Амазон линкини сайтдан копия қилиб, уни сотиб олишлари учун ўқувчиларга улашаверасиз. Фақат, авввл ўйлаб кўринг: уни ким сотиб оларкин? Ўзбек тилида бўлса, Ўзбекистондан бирор киши буюртма бериши гумон; таҳрирсиз таржима китоб бўлса, чет элда мутлақо нотаниш муаллифнинг китобини сотиб олишлари имкони 100 дан 0,1 фоиз; зўр таҳрирдан чиққан, бевосита инглиз тилида ёзилган қизиқ бадиий китоб бўлса, ундай китоблар Амазонда миллионта – сизникини сотиб ошишлари учун реклама ва тарғиботга жуда катта куч ва вақт сарфлашингиз лозим.
Қисқаси, ҳозирча ўша кимгадир тўлаётган пулингизни инглиз, француз ё бошқа дунё тилини ўрганишга, хорижга китобингиздан аввал ўзингиз чиқишга сарфласангиз, ўзингизга фойдаси кўпроқ. Амазон ва бошқа самиздатларда китоб чиқаришга улгурасиз ҳали.
Қолаверса, Амазон “самиздат” имконини яратувчи ягона компания эмас, навбатдаги постимда энг катталарининг номини ташлаб қўяман.
P.S. Амазонга китобини қўйдириб, “АҚШда китобим чиқди”, дея кўкрак керган ўзбек шоир ва ёзувчиларидан сўранг-чи, нечта китоби сотилдийкин? Ҳеч йўқ бир йилда 10 дона китоби сотилганини билсангиз, менгаям айтиб қўйинг, шогирд тушаман!