Бир гуруҳ хорижлик ижодкорлар билан Самарқанддан машинада қайтаётган эдик. Кеч кириб қолган, катта йўлнинг кўп қисмлари яхши ёритилмаган, одамлар гоҳ йўл четидан бемалол юриб борар, гоҳ йўлнинг исталган қисмидан пиёда ё велосипедда нариги бетга ўтиб турарди.
Шу пайт япониялик шоира Мори Кей айтиб қолди:
“Йўловчилар учун сизларда билакка, қўлга тақадиган махсус ёритгич йўқми? Бизда Японияда кечқурун йўлга чиққан йўловчилар қўлларига ўша мосламани тақволишади, ўзлари учун ҳам фойдали, ҳайдовчилар учун ҳам хавфсизликни таъминлайди. Улар жудаям арзон туради, исталган дўкондан сотволиш мумкин”.
Бугун хавфсизлик нимчаси ҳақида ёзаётганларни кўриб, шуни эсладим. Бизда негадир ҳамма муаммони махсус қарор чиқариш билан ҳал қиламиз, деб ўйлашади. Аслида, озроқ фаросат бўлса, кўп муаммога ечим топилади.
Ўша қўлга тақадиган мосламани Гуглдан излаб кўрдим, чет элда атиги 47 центдан (тахминан 5000 сўм) бошланар экан нархи. Ўзимизда ишлаб чиқарилса, унданам арзонга тушади. Сумкамизга доим биттадан солволсак етади.
Агар қайсидир мулозим махсус нимча бозорини очган бўлса, унга осонроқ, қулайроқ ва арзонроқ мосламалар ҳам борлигини тезроқ айтиш керак!