Муаллифлик ҳуқуқига амал қилишнинг улкан аҳамияти ҳақидаги “Даҳолик учқуни” (The flesh of genius) фильмини кўришни тавсия қиламан.
1967 йили америкалик ихтирочи Роберт Кёрнс автомобиль учун ойнаартгич ихтиро қилиб, патент олади. Ихтиросини “Форд” ва “Крайслер” автогигантларига олиб боради, аммо улар Роберт ихтиросини рад этишади, бунинг устига унга айтмай ўша детални ишлаб чиқаришни йўлга қўйишади.
Жаноб Кёрнс эса 12 йил давомида ишни Олий Судгача олиб чиқишга эришади ва судда ютиб чиқади!
“Форд” Робертга 10 миллион доллар, “Крайслер” эса 18,7 миллион тўлаб беради.
Қуйида қисқа видеонинг энг муҳим қисмини таржима қилдим:
“Даҳолик учқуни” фильмидан парча:
– Бу шунчаки электроникадаги асосий қурилмалар холос, уни исталган каталогдан топса бўлади. Жаноб Кёрнс қилган иш бор нарсадан атиги бир модель тузиш бўлган, аммо бу қандайдир янги нарса ихтиро қилиш дегани эмас.
Судья: Сиз жаноб Кёрнс транзистор ихтиро қилмаган демоқчимисиз?
– Ҳа
Судья: Жаноб Кёрнс конденсатор ҳам ўйлаб топмаган, шундайми?
– Ҳа
– У резистор ҳам ихтиро қилмаган дейсиз-да?
– Ҳа
(Суд иши тушликдан сўнг давом этади)
– Жаноб Кёрнс, марҳамат, сўз Сизга
Роберт Кёрнс:
– Бу Чарльз Диккенснинг “Икки шаҳар чўпчаклари” номли китоби. Сиз буни ўқиганмисиз?
– Ҳа, юқори синфдалигимда ўқиганман, жуда яхши китоб.
– Рухсатингиз билан асардан парча ўқиб берсам: “У энг яхши замонлар эди; бу энг ёмон пайтлар эди. У бир донолик даври эди; бу бир аҳмоқлик замони эди.”
Энди, келинг, биринчи сўздан бошласак: Чарльз Диккенс “у” деган сўзни ихтиро қилганми?
– Йўқ
– Ёзувчи “энг” деган сўзни ўйлаб топганми?
– Йўқ
– “Яхши” сўзини-чи?
– Йўқ
– Қаранг, қўлимдаги мана бу луғатдаги сўзларнинг аксари Диккенснинг шу китобида мавжуд. Айтиш мумкинки, бу асарда балки бирорта янги ихтиро қилинган сўз йўқ.
– Билмасам, шундайлиги балки тўғридир
– Чарльз Диккенс мавжуд сўзлардан оқилона фойдаланиб, янги нарса яратди, шундаймасми?
– Шундайку-я, аммо мен бу тарзда ўйлаб кўрмаган эканман
– Демак ёзувчимиз бор инструмент-воситаларни, яъни сўзларни қўллаб, янги нарса ихтиро қилган. Бу эса ҳар қандай ихтирочи аввал бор бўлган нарсалардан фойдаланган ҳолда янги нарса ихтиро қилгани кабидир! Телефон, сунъий йўлдош ва ҳоказолар илгари мавжуд эҳтиёт қисмлардан тузилган, тўғрими, профессор? Бу қисмларни каталогдан сотиб олиш мумкин, шундайми?
– Техник жиҳатдан, бу гапларингизда жон бор…
https://www.youtube.com/watch?v=fzNn4draeCA