Ёзувчи Жавлон Жовлиев постидан иқтибос: “Эртага французлар Навоий ҳақида, немислар Фаробий ҳақида ўз талқинларида, тарихий ўрганишларида фильм қилишлари мумкин ва бундан хурсанд бўлишимиз керак. Уларни ҳеч қандай жаҳон қонунлари чекламайди. Чунки бу улуғ боболаримиз бутун жаҳон учун қизиқ ва эътиборли.”
Менимча, французлар Навоий ҳақида фильм ишлашига ҳали анча бор. Чет элликлар Навоий ва бошқа улуғларимиз ҳақида кино ё ҳужжатли фильм яратиши учун аввал уларни ўзимиз дунёга таништиришимиз лозим. Бизда эса бундай механизм ҳали ишлаб чиқилмаган, бу ишни қила оладиган жамоа ҳам шакллана билмаяпти, бундай биқиқ ва рухсатнома асосида ишланадиган муҳитда қачон бўлиши ҳам аниқмас.
Масалан, Навоий номидаги халқаро жамғарма Навоий ҳақида ўзбекчада ёзилган мақолаларни китоб қилгани билан хурсанд. Ёзувчилар уюшмаси Марк Рис ва Анорга “Дўстлик” медали бериб шодланади. Бўлди. Катта ғоялар ҳақида ўйлаш учун эркинроқ тафаккур, эркинроқ муҳит ва бағрикенглик керак, энг аввало.