Бугун сизларга яна бир муваффақиятли лойиҳамиз ҳақида гапириб бермоқчиман.
Тўрт йил аввал август ойида ўзбекистонлик бир гуруҳ шоир, рассом ва таржимон Болгариянинг 7000 йиллик тарихга эга Пловдив шаҳрига бориб, мустақил равишда Ўзбекистон адабиёт ва санъати кунларини ўтказади. У лойиҳа “Ўзбекистонда чет эллик ижодкор резиденцияда” дастуримизнинг давоми бўлган, яъни биз фақат хорижликларни Ўзбекистонга эмас, балки ўзбек ижодкорларини ҳам чет элларга чиқишини таъминлашга қаратилган ижодий алмашинув дастурини йўлга қўйганмиз.
Бу ерда эътиборга молик муҳим жиҳат шуки, бундай дўстона алмашинув учун кимдандир рухсат сўраб ўтирганимиз йўқ, бирор вазирлик ё уюшма бизга ёрдам қўлини чўзмади, ўзимиз шартта амалга оширдик!
Камина “адабиёт ва санъат мустақиллиги” ҳақида ўйлайлик, кенг муҳокама қилайлик, шунга эришайлик, деганда айнан мана шундай тез, осон ва эркин ижодий дастур ва лойиҳаларни назарда тутаман.
Болгариядаги дастур нималарни ўз ичига олганига бир назар ташлаб кўринг-а: болгариялик шоира, рассом ва адабиёт фидойиларининг Ўзбекистон тарихи, адабиёти ва санъати ҳақидаги тақдимотлари, юртимизга саёҳат натижасида олинган ёрқин фотосуратлар кўргазмаси, бадиий ўқиш кечалари, болгариялик машҳур рассомнинг ўзбек-болгар ва халқаро адабий алоқаларга бағишланган “Кўприк” номли китоби тақдимоти, ўзбекистонликларнинг урф-одатларимиз ҳақидаги тақдимотлари. милилй рақс бўйича мастер-класс ва ҳоказо гўзал тадбирларни ўз ичига олган.
Бу бир митти мисол холос. Тасаввур қилинг, агар бундай ишларни маданият ё туризм вазирлиги ва ё уюшмадагилар қилганида борми, энг камида “Дўстлик” медалин олиб, давлат бюджетидан миллион-миллион мукофотларга эга чиқишарди 🙂 Ҳе, ўргилдим!