Ўзга сайёраликлар қўшиғи
Кел, ошна,
бўримас, ўхшайлик дўстга!
Тиниб, тўхтатайлик танқидни таққа!
Кел, қўйнинг терисин ёпамиз устга,
Ботса ботаверсин булар ботқоққа!
Кел, биз ҳам бўламиз мулойим маддоҳ,
Ҳоким-у амирнинг бошин силаймиз!
Кунда ё кун ора торттириб оҳ-воҳ
Айтган нарсасини обдон ялаймиз!
Кел, ўзни атаймиз фирибгар, қаллоб,
“Хоин сизлар эмас, мана биз!” деймиз!
Ёлғон ва туҳматни сотгувчи жаллоб
Биздирмиз, сиз халқ-чун ёнасиз!” деймиз!
Кел, ошна,
бўримас, дўнамиз дўстга!
Оғиз, дил қулфлаймиз, бўлмай жон қашқа!
Кел, қулнинг терисин ёпамиз устга,
Бундайин зўр имкон келмайди бошқа!
Нимадан қўрқамиз? Йўқ асло хатар!
Жим, писиб юрмоқ-ку ҳаёт лаззати!
Ахир ортда суянч — биринчи раҳбар,
Ва ўлмаслик ҳақда
Кафолат хати!