Дунёда шоирлар, ёзувчиларнинг мустақил уюшмалари, клублари жуда кўп. Яқинда жаҳон шоирларининг яна бир ҳаракати ўз ишини бошлади. Номи – “Сайёра шоирлари” (Poets of the Planet) – PoP.
Ушбу ижодий ҳамжамият, жумладан, ёшлар ўртасида бадиий ижодни тарғиб қилишни мақсад қилади. “Биз дунёнинг турли бурчакларида яшовчи шоирларнинг сўзларини ўқиш, кўриш ва эшитишга имкон яратиш ниятидамиз.
Сайёрамиз олов ичида қолди, инсоният уруш, қирғин, зўравонлик, иқлим ўзгариши туфайли ўз-ўзини йўқ қилиш хавфи остида қолмоқда. Ҳаммамиз Ер сайёрасининг бир қисмимиз, тақдиримиз бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Айни пайтда барчамиз ҳаққоний, дадил, эркин, гўзал сўзга муҳтожмиз.
Бизга шеърият зарур, чунки биз робот эмас, инсонмиз. Биз бефарқ қараб тура олмаймиз. Биз бугунги кунни сўзда ифодалаб, яхшироқ, тинчроқ ва эмин-эркинроқ келажак ҳақида тасаввур қилмоғимиз учун ҳам шеърга эҳтиёжимиз бор”, дейилади унинг қисқа баёнотида.
Ушбу ҳаракат қароргоҳи Парижда жойлашган. Унга қўшилиш осон, Фейсбукда “Poets of the Planet” деб изланг, аъзо бўлиш учун poetsoftheplanet@gmail.com адресига хабар йўлланг.
Ижод ва ўрта мактаблар, университетлар бу халқаро тармоқдаги шоирлар билан ҳамкорлик борасида онлайн ва офлайн учрашувлар қилишни исташса, бажонидил боғлаб қўяман.