Ёзувчи акам Мурод Човуш зўр нарсалар ёзади-да! Услуби, фикрлаши бошқача! Америкада бир муддат тажриба орттиргани сезилиб туради!
ЧАҚИН
Режиссёр Стефан Карамзанинг (аслида, Стивен Карам) “Қалб ҳиссиётлари” фильмини октябр ойида кўрдим. У 14 эпизоддан шаклланган. Режиссёр Рене Декартнинг “Қалб ҳиссиётлари” китоби асосида фильм-интерпретациясини ишлаган.
Рене Декарт ҳаётини-метафизикасини Исо Масиҳ тимсоли бўйича қуришга ҳаракат қилган. Фильмда режиссёр дарвиш Рене Декартнинг тимсолини яратади. Декарт “Қалб ҳиссиётлари” (Мен Декартнинг бу асарини “Қалб чақинлари” деб номлардим) китобини малика Элизабет учун ва унинг илтимоси бўйича ёзади.
Стефан Карамза учун Декартнинг автобиографияси қизиқ бўлмаган. У мутафаккир фикрларини жонлантиради. Ва шу орқали олийжаноб Декартнинг бадиий қиёфасини яратади.
2015 йили Портланд шаҳрида Стефан Карамза билан кўришгандик. У Декарт китобларини ўқий бошлаганини айтганди.
2015 йилнинг ноябр ойида Тошкентга келди.
Адабиётшунос Ўлжабой Қаршибой унга “Стефан, сенга бағишлаб шеър ёздим, эшит” дейди: “Менинг дўстим Стефан Карамза. Эшак етаклаб метрога кирган…” ва шу каби эди. Мен: “Шеъриятда ҳеч ким эшакни метрога олиб кирмаганди. Ёки дунё шеъриятида кимдир эшак билан метрога тушганми?” дедим. Суҳбатимизни шоир Аъзам Обид таржима қилади. У “буни инглизчага ўгирмайман. Стефанга ўзбек инфантиллиги қизиқ эмас” дейди. Лекин барибир ўгиради. Ўзи ҳам таржима ғалати чиққанидан ёки эшак образи метрога кирганидан кулади.
Стефан “Метрога кирган эшак меҳнат қилиб метафизикка айланиб қолгандай. Унинг яғири чиқиб кетган. Унинг боши эгик. У жуда ғамгин. У ҳанграшни унутган. Одамлар китоб ўқигани ва фразаларни ўқиб ёдлагани, юк кўтарган эшакка ўхшайди. Декарт шу нарсани тинмай айтади, масалан” дейди. Мен Ўлжабойнинг ғоясида шу эпизодни кўряпман дейди яна. Стефан Карамзанинг бу гапини ўзбекчага ўгирган Аъзам Обидга “шунақа” дейди адабиётшунос.
Режиссёр Стефан Карамзанинг фильмини ҳар қандай томошабин ҳам кўролмайди. Кўрса-сиқилади. Чунки ундаги ғалати диалоглар оддий, инфантилдай бўлиб туюлади. Фильмда Декартнинг дарвиш образи ташқи атрофни худди эртак ташқарисидан кузатаётгандай таассурот қолдиради. Бу Декартнинг ҳолатига яқин. Декарт ҳаётида фикрнинг қайсидир ўлчамида тўхтаб қолмайди. Яъни қалб пассионлари (чақинлари)ни тафтиш қилишда давом этади. Декарт образи учун олийжаноб сўзини қўллаш тўғрироқ бўлади. Постсовет мамлакатларида позитив ҳолатларни англатадиган сўзлар кучини йўқотган бўлса ҳам. Декарт объектив билимлар ҳолатлар билан мувофиқ келмаслигини ўрганади. Рационал фикрлаш методи ҳақида ёзади. Одам метафораси ҳолатларни рационаллаштириш билан фарқланади. Декартнинг олийжаноб руҳи пассионларга рационаллик бериш билан юксалади. Қалб пассионларини рационаллаштириш экзистенциянинг шартли белгиси.
Стефан Карамза фильми анонсини ўқимаган, қаҳрамон образи Декарт шахсиятидан кўчирилганини пайқамайди: хаёлимизда шаклланган қаҳрамонга ўхшамайди. Малика Элизабет билан Декарт муносабатлари биз кўрган-кўниккан севги муносабатларига ҳам ўхшамас. Декарт қалб пассионларини Элизабет образида, унинг кўмагида ўрганади. Яъни фикрнинг ўлчамларини ўзлаштиради. Фикр ўлчами эса чексиз. Декарт ва малика Элизабет турли йилларда вафот этган бўлса ҳам, аммо бир кунда – 11 февралда бу дунёдан кетишган. Стефан Карамза фильми Декарт китобларини жиддий ўқишни эслатиб қўяди.
Мурод Човуш