Япон шоирининг Ўзбекистон саргузаштлари

Япон шоири ЮСУКЕ МИЯКЕ 1969 йили Токиода туғилган. Танка, ҳайку ёзади. Япон шеърияти ўтмиши ва келажагини ўрганишга қизиқади. Бир нечта шеърий китоби нашрдан чиққан, халқаро тўпламларга киритилган. 2012 йили танка жанридаги шеърият танловида олий мукофотга лойиқ кўрилган. Танка ва сюрреализм, сунъий интеллект ва шеърият мавзуларини ёритган.

“Ўйлашимча, нимадир ёзиш ва ё куйлашга бўлган ИСТАК бизни сунъий интеллектдан (СИ) ажратиб туради. СИ ҳам ижодкор каби, ҳатто ундан ошириб ёзиши мумкин, аммо уларда ҳис йўқ. Ҳис қилиб бошлаганда эса, улар СИ эмас, балки инсонга айланади”, дейди Юсуке.

У 12-18 декабрь кунлари Ўзбекистонда меҳмон бўлди. У билан бирга адабий учрашувлар, саёҳатлар, мушоиралар қилдик.

Юсуке Мияке шеъриятидан намуналар

***
Шамол ўлган
паррак нақш солади
кўкка тенгма-тенг

***
Зарпечак –
эгаси қолдирган
битта картон уй

***
Қопқоғини очса
угра идишнинг
иссиқ ҳовур турар

***
Димиққан ҳаво –
ҳам Ли, ҳам Сакума
маҳв этилган.

(Наусоке Ли ва Сёзан Сакума Йокогама портини очишда жонбозлик кўрсатган, аммо консерваторлар иккисини ҳам ўлдирган)

***
Орқа жин кўчани
шарбат ичмоқ учун
жой қилса бўлур

###
Наманган кундалиги

Тўрақўрғон ва Намангандаги мактаб ўқувчилари япон анъанавий шеърияти, Япония мактаблари, урф-одатлари, ҳозирги ёшларининг ўй-орзулари ҳақида билиб олишди. Юсукени саволларга кўмиб ташлашди, Японияда ўқиш истагини билдиришди.


12-мактаб ўқувчиси Жаҳонгир: “Чет эллик ижодкорни умримда биринчи марта кўришим. Сиз билан ўтган самимий учрашув ва мулоқотдан катта илҳом олдим, бу кунни ҳеч унутмайман.”

Юсуке Наманганда ота-онам ва катта оиламиз аъзолари билан танишиб, ўзбек урф-одатлари, оилавий қадриятлари ҳақида би либ олди.

У Янги Наманган туманидаги 65-мактабда ҳам ўқувчи ва устозлар билан учрашиб, шеърларидан ўқиди, ўқувчиларнинг Япония ва ўз ижоди билан боғлиқ саволларига жавоб берди, мактаб кутубхонасимга китобларидан совға қилди.

Тошкент кундалиги


Ойбек музейи директори Ойнур опа Юсукега Зарифа Саидносированинг Японияга саёҳатлари, Ойбек домланинг Ҳиросима фожиасига бағишланган асарлари, ўзбекчани яхшилаб ўрганиб олган япон элчиси ҳақида сўзлаб бердилар.

 

 

 

 

 

Юсуке Тошкентда янги ташкил этилган хусусий университетга борди, шаҳар айланди, устозларни зиёрат қилди. “Фермер”, Бобру ва дунё” журналлари таҳририятида шоир Баҳром Рўзимуҳаммад ва журналист Улуғбек Жумаев у билан қизғин суҳбатлашишди.

Юсуке Мияке Book.uz китоб дўконида япон ижодкорларининг ҳам китобларини кўриб, бениҳоят шод бўлди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Юсуке Тошкентда бир гуруҳ истеъдодли ёш ижодкорлар билан ҳам учрашди, мушоирада қатнашди, адабий жараён, халқаро адабий алоқалар мавзусида гурунглашди. Ёшлар Юсукега ўзлари ингли тилига қилган таржималаридан ҳам ўқиб беришди.

Самарқанд кундалиги

Юсукени Самарқандда “Шарқ дурдонаси” маданият ва санъат марказининг раиси, маърифатпарвар устоз Шавкат Раҳимов ва оила аъзолари жуда илиқ кутиб олишди, шаҳарнинг энг гўзал ва тарихий қисмларини кўрсатишди, уйларининг тўридан жой ажратиб, махсус палов пишириб, меҳмон қилишди.

Шоир меҳмонимиз Юсуке Мияке Шавкат ака билан адабиёт, маданий ва дўстона алоқалар, Япония анъаналари, санъати ҳақида дилдан суҳбатлашди, келгусида яқиндан ҳамкорлик қилиш режаларини туздилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

Маданий меросимизни асраб-авайлашга ўз ҳиссасини қўшишни ният қилган устоз Шавкат Раҳимов ўз хонадонида ажойиб музей ташкил қилганлар. Унда қадимий буюмлар, миллий кийимлар, сопол ва чинни буюмлар, гиламлар, суратлар ва бошқа жуда кўп осори атиқалар кўргазмага қўйилган.

Ноябрь охирларида рассом ва шоир дўстимиз Аҳмад ака Умаровнинг катта кўргазмаси очилди. Юсуке билан уни кўришга бордик. Китобларидан ҳам сотиб олдик.

Юсуке Самарқанднинг тарихий обидалари билан яқиндан танишди, юртимизнинг бой тарихий меросини кўриб, катта завқ ва илҳом олди.

Келаси йил, Худо хоҳласа, у бошқа япон ва европалик шоирлар билан бирга яна юртимизга келади.

Юсуке Миякенинг Ўзбекистон сафари чоғида унга Аъзам Обид ҳамроҳлик қилди.
2023 йил, декабрь